Идоралараро муҳокама қилинаётган ҳукумат қарори лойиҳасида кўра, Тошкентдаги Ботаника боғи ЎзФА ихтиёридан шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги дирекцияга берилиши кўзда тутилган эди.

Жамоатчиликнинг эътирозларидан сўнг Ботаника боғи истироҳат боғига айлантирилмайдиган бўлди. Бунга қадар Олий Мажлис Сенати, Экопартия, фаол жамоатчилик ҳамда олимлар бу қарорнинг салбий оқибатлардан хавотир билдиришди.

Айни пайтда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ботаника институти балансида бўлган Ботаника боғининг ҳокимият тасарруфига ўтказилиши ҳақидаги хабарлар тармоқларда катта муҳокамаларга, ўз ўрнида эътирозларга сабаб бўлди. Улар қаторида ўз хавотирларини билдираётган бир қанча олимлар ва жамоатчилик фаоллари Kun.uz мухбирига бу қарор қандай оқибатларни юзага келтириши мумкинлиги ҳақида гапириб берди.

“Тошкентдаги яшилликдан иқтисодий манфаатларда фойдаланиш нотўғри”

Ботаника институти директори Комилжон Тожибоевнинг айтишича, ҳозирда урбанизация даражасининг ортиши, йирик шаҳарларнинг кенгайиб бориши Ботаника боғига ўхшаган объектларга бўлган "ҳужум"ларни кўпайтиряпти. Бу биргина Ўзбекистонда эмас, Марказий Осиё, МДҲ давлатларининг йирик шаҳарларидаги Ботаника боғлари учун ҳам доим стресс бўлиб келган.

“Нима учун Ботаника боғининг илмий, маданий-маърифий, хўжалик фаолиятини илмга ихтисослашган тузилмалардан ташқарига чиқариб бўлмайди? У хоҳ давлатники, хоҳ хусусий секторники бўлсин, албатта, илмий тузилма тасарруфида бўлиши лозим. Нимага? Чунки бу ҳолат халқаро стандартларда тасдиқланган 3 та асосий вазифанинг йўқолишига сабаб бўлади. Мана шу 3 та вазифа боғнинг Ботаника боғи сифатидаги мақомини сақлаб туради.

Биринчиси бу – илм. Ботаника боғи маҳаллий ёки интродукция қилинган, яъни ўзга ҳудудлардан олиб келинган ўсимликлар устида илмий тадқиқотлар ўтказишга ихтисослаштирилган объект бўлиши лозим. Ўзбекистон ёки Марказий Осиё миқёсида оладиган бўлсак, боғ бу ҳудуднинг флорасини сақлаб қолиш, ундан оқилона фойдаланишни илмий асослаб беришга ҳамда турли ўсимлик гуруҳларининг хусусиятларига ихтисослаштириб, жонли коллекция ташкил этиш, шу коллекциялар асосида илмий фаолият олиб боришга хизмат қилади.  

Иккинчиси бу – муҳофаза. Биринчи вазифадан келиб чиққан ҳолда флора дунёсини ҳимоя қилиш муҳим. Яъни бунда эътибор камёб, йўқолиб бораётган, халқаро ёки мамлакатнинг қизил китобига киритилган ўсимликлар, антропоген, иқтисодий-ижтимоий, иқлим ўзгариши ёки бошқа биологик сабаблар билан боғлиқ ҳолатда камайиб кетаётган ўсимлик турларини табиатдан ажратиб олган ҳолда уларни муҳофаза қилишга қаратилади. Ҳозирги кунда Ботаника боғларига реинтродукция вазифаси ҳам юклатилмоқда. Бунинг маъноси – йўқолиб кетаётган ўсимликларни экиб, ўстириб, кўпайтириб, унинг биологик хусусиятларини ўрганиб, табиатга қайтаришдир. Ўзбекистонда бу функцияни бирор тузилма бажармайди, бажаролмайди ҳам. Чунки бунга катта имконият ва салоҳият керак.