Туркиянинг жанубий-шарқий қисми, Суриянинг шимолида рўй берган даҳшатли зилзилалар бундай табиий офат қандай кутилмаган тарзда содир бўлиши мумкинлигини кўрсатиб берди. Олимлар ҳануз зилзилалардан эрта огоҳлантириш усулларини топиш устида ишлашяпти.
Бир кунда содир бўлган 2 та кутилмаган ва даҳшатли силкиниш сабаб Туркия ва Сурияда ўн минглаб одамлар вафот этди, ярадор бўлди ва бошпанасиз қолди. Биринчи 7,8 балли зилзила уйқудаги одамларнинг уйларини бир лаҳзада вайронага айлантирди. Бир неча соатдан сўнг яна бир 7,5 балли кучли силкиниш содир бўлди.
Зилзила бўлган Шарқий Анадолу ёриқлари тизими тектоник учлик бирикманинг бир қисми бўлиб, Анадолу, Арабистон ва Африка плиталари бир-бирига тегиб туради. 1970 йилдан бери минтақада атиги 3 марта 6 ва ундан юқори балли зилзилалар содир бўлган ва шунинг учун ҳам олимлар Туркиядаги сўнгги даҳшатли зилзила бўлишини кутишмаган.
Уни прогноз қилиш мумкин эдими?

Тан олиб айтиш керакки, зилзилаларни олдиндан прогноз қилиш жуда қийин илмий йўналиш ҳисобланади. Гарчи зилзила содир бўлгач, сейсмик маълумотлар асосида дақиқалик сигналларни аниқлаш мумкин бўлса-да, олдиндан нима бўлишини билиб, уни прогнозлаш анча қийин жараён.
«Биз лабораторияда зилзилаларни тадқиқ қилганимизда қайсидир ҳудудда зилзиладан олдин кичик ёриқлар ёки дефектлар пайдо бўлаётганини ўрганамиз. Лекин табиатда шундай ноаниқликлар борки, шунинг учун ҳам кўпинча кучли зилзилага айланиши мумкин бўлган белгиларини кўра олмаймиз ва прогноз қила олмаймиз», — дейди Италиянинг Сапиенза университети профессори Крис Мароне.
Геологлар 1960-йилларнинг охиридан бери зилзилаларни тадқиқ қилишда замонавий илмий усуллардан фойдаланиб келишмоқда. Бироқ эришилаётган муваффақият ҳануз ҳаминқадарлигича қоляпти. Мароненинг таъкидлашича, бунинг сабаби бутун дунёни кесиб ўтувчи Ердаги ёриқлар тизимининг мураккаблигидадир. Қолаверса, жуда кўп сейсмик товушлар мавжуд — Ер доим ўзидан баланд, паст товушлар чиқариб туради. Унга инсоният томонидан ҳосил қилинган антропоген товушлар: транспорт овозлари, қурилишдаги ғала-ғовурлар аралашиб кетади ва аниқ сигналларни олишни қийинлаштиради.
АҚШ Геологик хизмати маълумотига кўра, зилзилани самарали прогноз қилиш учун 3 нарса зарур: зилзила содир бўлиш ҳудуди, вақти ва унинг қай даражада баланд бўлиши. Бироқ марказга кўра, ҳозиргача ҳеч ким бу 3 та талабга жавоб бера оладиган аниқликдаги прогнозни қила олмаган.








