Фан-техника | 22:30 / 14.10.2016
6221
2 дақиқада ўқилади

"Ақлли" чиқинди челаги интернетда маҳсулотларни буюртиришга ўргатилди

Twitter.com/Connexted

Uzer француз компанияси "ақлли" чиқинди челаги Eugene’ни яратди. Челак қандай чиқиндиларни қайта ишлаш, қандайларини эса ишлаб бўлмаслигини аниқлайди ва харидлар рўйхатини тузишга ёрдам беради.

Ташқи томондан Eugene оддий чиқинди челагидан фарқ қилмайди: у педалга босилганда қопқоғи очиладиган идишдан иборат. Бироқ челак ичида штрих-кодлар сканери мавжуд бўлиб, у қутидаги штрих-код тасвирини ўқиб, уни қандай бўлимга, яъни қайта ишланувчи ва қайта ишлаб бўлмайдиган чиқиндилар орасига ташлашни айтиб туради. 1-бўлим картон, алюминий ва тунукадан ишланган қутилар учун, 2-бўлим эса пластикдан ишланган қутилар учун мўлжалланган.

Челак учун смартфонга мўлжалланган дастур мавжуд. Бу дастур орқали авваламбор турли хилдаги чиқиндиларнинг вазни ҳисоби олиб борилади.

Бундан ташқари, дастур код бўйича сиз қандай маҳсулот қутисини ташлаб юборганингизни аниқлаб, сизга бу маҳсулотни кейинги дўконга боришингизда харид қиладиган маҳсулотлар рўйхатига киритишни таклиф қилади. Eugene буни автоматик равишда ҳам бажариши, ҳаттоки маҳсулотларни онлайн-буюртмаларга қўшиши ҳам мумкин – бу уйда маҳсулотларнинг етарлича миқдорда бўлишини таъминлашда ёрдам беради.

"Ақлли" чиқинди челагига 2017 йилда буюртма беришни бошлаш мумкин – ҳозирча челак муаллифлари унинг ишчи прототипини намойиш қилмоқдалар. Челакнинг энг катта ўлчамдагиси нархи 299 доллар туриши айтилмоқда.