Божхона назоратидан ўтиш вақти 4,7 баробар қисқарди
Давлат божхона қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилнинг 2 ярим йиллиги учун “Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг ягона режаси”га мувофиқ “Божхона органлари томонидан Интернет тармоғи орқали кўрсатилаётган интерактив хизматлар” мавзусида видеоконференция тарзида матбуот анжумани ўтказилди. Унда нафақат марказий оммавий ахборот воситалари, балки видеоалоқа воситасида маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этишди.
Тадбирда журналистларга Давлат божхона қўмитасининг Ахборот-коммуникация технологияларини тадбиқ этиш бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати полковниги А.Саидов мавзу юзасидан маъруза қилди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар берди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида “божхона пости – ҳудудий божхона бошқармаси – Давлат божхона қўмитаси” занжири бўйича ахборотларни реал вақт миқёсида йиғиш, назорат ва таҳлил қилиш, қайта ишлашга мўлжалланган бир қатор тизимлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинган. Бир-бирига интеграцияланган мазкур тизимлар иш фаолиятида Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимлари (ЯААТ) деб юритилади ва мазкур тизим орқали божхона расмийлаштируви ва назорати тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилмоқда.
Бугунги кунга келиб божхона органлари фаолиятига жами 35 та автоматлаштирилган ахборот тизимлари жорий этилган, шундан 22 таси давлат ахборот тизими сифатида рўйхатдан ўтган, қолганлари ички идоравий ахборот тизимлари ҳисобланади. Ушбу ахборот тизимларининг яхлит мажмуаси божхона тўловлари ундирувчанлигини ошириш, расмийлаштирув жараёнларини соддалаштириш, товар ва транспорт воситалари устидан божхона назоратини ташкил этиш, эҳтимолий хатоликларнинг олдини олиш ва ТИФ қатнашчиларига қулайликлар яратишда ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбиркорлик субектларига божхона расмийлаштирувига доир бир қатор енгиллик ва қулайликлар яратиш мақсадида ДБҚ вэб-сайтида ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 16 турдаги интерактив хизматлар амалиётга жорий этилган.
Рақамларга мурожаат қилсак, 2013 йилда тадбиркорлар томонидан 1 млрд. 229 млн. сўм миқдорида маблағ божхона юк декларацияларининг қоғоз бланкаларига сарфланган бўлса, 2014 йилда бошлаб бу йўналишдаги ҳаражатларига барҳам берилди. Шунингдек, импорт товарларни божхона расмийлаштируви жараёни 8,5 кундан 1,8 кунга, ёки 4,7 мартага қисқарди. Ҳужжатларини электрон тақдим этиш натижасида тадбиркорлар томонидан ҳар йили 60 тоннага яқин қоғоз иқтисод қилинмоқда.
2013 йилда жами божхона юк декларацияларининг 39,2 фоиз электрон тарзда тақдим этилган бўлса, 2016 йил 9 ойлигида бу кўрсаткич 99,9 фоизга етди.
Энг оммалашган интерактив хизмат турларидан бири бу – тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан ташқи савдо контрактлари бўйича маълумотларни электрон шаклда тақдим қилиш бўлиб, тадбиркорлар эндиликда шартнома ва бошқа тегишли ҳужжатларни божхона постига қоғоз кўринишида олиб келишларига ҳожат қолмади. Рақамларга мурожаат қилсак, 2015 йилда жами шартномаларнинг 99,9 фоизи яъни 137 000 дан ортиқ шартнома ва уларга қўшимча битимлар электрон шаклда рўйхатдан ўтказилган. Жорий йилнинг 9 ойида эса бу кўрсаткич 76,7 мингдан ошди.
Яқинда бўлиб ўтган ICTWEEK Uzbekistan 2016 Ахборот-коммуникация технологиялари хафталиги натижаларига кўра, Давлат божхона қўмитаси Давлат интерактив хизматларини жорий этиш номинацияси бўйича республикада 1-ўринни қўлга киритди.
Тадбирда бу йўналишда келгусида амалга оширилиши кутилаётган режа ва лойиҳалар юзасидан ҳам ахборотлар берилди. Анжуман давомида марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Мавзуга оид
17:56 / 06.11.2024
Тезкор қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари бождан озод қилинди
12:37 / 05.11.2024
Сирдарёда буви ва невара қарийб 7 кг тилла тақинчоқни чегарадан яширинча олиб киришга уринди
15:30 / 23.10.2024
9 ойда божхонада қанча қурол ва ўқ-дори ушлаб қолингани айтилди
18:08 / 01.10.2024