Спорт | 15:51 / 27.10.2016
20027
3 дақиқада ўқилади

Роналду Месси билан қандай муносабатда экани ҳақида гапирди

Фото: AFP

«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду Marca нашрига берган интервьюсида Месси, ўзига мураббийлик қилган мутахассислар ҳамда рақиб бўлган футболчилари ҳақида айтиб ўтди. У ўзини «Барселона» вакили Лионель Мессига рақиб сифатида қиёслашларига жиддий эътибор қаратмаслигини билдирган.

Месси билан муносабатлар ҳақида

Биз ўзаро дўстлар эмасмиз, лекин бир-биримизга ҳурмат билан муносабатда бўламиз. ОАВда бизнинг ўртамиздаги катта рақобат мавжудлиги ҳақида ёзишади, лекин бундай эмас.

Зиданнинг жамоадаги роли ҳақида

Зидан – бу жамоа кийим алмаштириш хонасида футболчиларни руҳлантира оладиган мураббийлар учун идеал намунадир. Биз ўтган мавсумни яхши якунлагандик, чемпионлар лигасида ғолиб бўлгандик. Бу мен учун «Реал» сафидаги яна бир аъло даражадаги мавсум бўлди, Зидан эса – клуб учун энг мос мураббий.

Сэр Алекс Фергюсон ҳақида

Мен учун Фергюсон отам каби. Барча мураббийларнинг фаолиятимда ўз ўрни бор. Аммо «Манчестер Юнайтед»га келганимда мен ҳали бир бола эдим. Мен бу катта жамоага тез мослаша олдим ва бунинг учун менга сэр Алексдек одам катта ёрдам берган.

Моуриньо ҳақида

Мен кўплаб мураббийлар билан ишлаганман, аммо Моуриньонинг заковатига ҳаммасидан ҳам кўра кўпроқ қойил қолганман. У барча жиҳатларни ипидан-игнасигача ўрганади.

Ўзига энг жиддий рақиб бўлган Эшли Коул ҳақида

У сени бир дақиқа бўлсин тинч қўймайди, эркин нафас олишингга рухсат бермайди. Бу жуда чаққон, тезкор ва чарчоқ билмас футболчи. Унга қарши ўйнаш ҳеч қачон осон бўлмаган.

Ким билан урушга ҳам бирга борарди?

Пепе билан. У нафақат аъло савияли ҳимоячи. У ҳамиша фидокор ҳам. Бор кучи билан ўйнайди.

Кумирлари ҳақида

Мен ҳамиша Фигу ва Руй Коштага ҳавас қилганман, аммо ҳамма ўзига хос, ҳеч ким бир-бирини такрорламайди.

Мавзуга оид