Фан-техника | 21:48 / 31.10.2016
8684
2 дақиқада ўқилади

Америкалик ўзи боғланувчи кроссовкаларни ютиб олди, бироқ уларни кийиб юришга қўрқмоқда

Фото: Youtube/Super Deluxe

Америкалик эркак Nike компанияси томонидан ўтказилган хайрия лотереясида компания томонидан 89 дона ишлаб чиқарилган, ўзи боғланувчи Nike MAG кроссовкасини ютиб олди. У 10 минглаб долларга сотиш мумкин бўлган ноёб пойабзални бор-йўғи 50 доллар сарфлаб қўлга киритди.  

Октябрь бошида Nike компанияси бу кроссовкаларни тарқатишни катта кўламли лотереяга айлантирди. Лотереядан тушган барча маблағ актёр Майкл Жей Фокс томонидан асос солинган Паркинсон касалига қарши курашувчи жамғармага йўналтирилади.

Кроссовкалардан бир қисми аукционларда сотилган, бир қисми эса хайрия бадалини киритганлар орасида ўйналган. Кроссовкага эга бўлиш имкониятини берувчи бир чипта нархи 10 доллар турган.

Крис исмли бу эркакнинг айтишича (у ўз фамилияси ва турар манзилини айтишдан қўрққан), у акцияда деярли тасодифан иштирок этган ва Жей Фокс жамғармасига 50 доллар жўнатган. Октябрь охирида унга ғолиб бўлгани ҳақида мактуб келган. 27 октябрда кроссовкалар ғолибга етказиб берилган.  

Энди Крис кроссовкани нафақат киймаяпти, балки уларни аввалдан полга оқ латта тўшаб, бир пойлаб кийиб кўрмоқда. Унинг айтишича, кроссовка гўёки чанғи ботинкаларига ўхшаб кетади.

Крис хушхабар билан твиттерда бўлишганда, унга кроссовкани сотиб олиш ҳақида таклифлар кела бошлаган. Бироқ Крис ҳозирча ютуғини сотиш-сотмаслик ҳақида бир қарорга келмаган. У кроссовкага харидор топилгунча, уни сақлаш камерасига жойлаштириб қўйишни ўйламоқда.

20 октябрга келиб антиқа кроссовкаларни сотишдан тушган маблағ 6,75 млн долларни ташкил қилди. Кроссовкалар "Келажакка қайтиш 2" фильмининг бош қаҳрамони пойабзалининг нусхаси ҳисобланади. Шу бош қаҳрамон ролини айнан Майкл Жей Фокс ижро этган.