Ўзбекистон | 11:12 / 03.11.2016
9992
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” ва “Ўзагроэкспорт” учинчи чорак бўйича ҳисобот берди

Фото: uzagroexport.uz

31 октябрь куни “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси ва “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти ижро этувчи аппаратлари раҳбар ва ходимлари иштирокида Холдинг компания Бошқарувининг кенгайтирилган мажлиси ўтказилди. Бу ҳақда “Kun.uz” нашрига “Ўзагроэкспорт” компанияси маълум қилди.

Мажлисда озиқ-овқат саноати тармоғида 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлардан келиб чиқадиган вазифаларни жорий йилнинг 9 ойлигида амалга ошириш якунларига кўра иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатлари таъминланганлиги таъкидланди.

Хусусан, компания таркибига кирувчи корхоналарда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати 108,1 фоизни ташкил этиб, қандолат маҳсулотлари (147,9 фоиз), мева-сабзавот консервалари (131,7 фоиз) ҳамда сут ва сут маҳсулотлари (120,3 фоиз) ишлаб чиқаришда юқори ўсиш суръатларига эришилди.

Тармоқ корхоналари томонидан амалга оширилган экспорт ҳажми прогнозга нисбатан 140 фоизни, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 169 фоизни ташкил этиб, 75 фоизи мева-сабзавот консервалари, 9 фоизи тамаки маҳсулотлари, 2 фоизи қандолат ва 14 фоизи бошқа маҳсулот турларига тўғри келди.

Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишнинг янги тизими жорий этилганлиги натижасида ўтган йилнинг 9 ойлигига нисбатан экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотлари миқдори 141 фоизга кўпайди.

Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш борасида Давлат инвестиция дастури доирасида прогнозга нисбатан 101 фоиз маблағ ўзлаштирилган ҳолда, шундан 55 фоизини корхоналарнинг ўз маблағлари, 35 фоизини банк кредитлари ва 10 фоизини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этди.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида прогнозга нисбатан 123 фоиз маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, жумладан 38 фоизини гўшт-сут, 34 фоизини натрий сульфат ва 28 фоизини қандолат маҳсулотлари ташкил қилди.

Шу билан бирга, ҳисобот даврида йўл қўйилган айрим камчиликлар юзасидан мутасадди раҳбар ва ходимларнинг ҳисоботлари тингланиб, танқидий таҳлил қилинди.

Мажлис якунида Холдинг компания тизимида 2016 йилга белгиланган барча тадбирлар, прогноз кўрсаткичлари ва мақсадли параметрларни сўзсиз бажариш учун мавжуд ресурсларни сафарбар этиш, шунингдек 2017 йилнинг I чорагида ва умуман 2017 йилда озиқ-овқат саноати тармоғини барқарор ишлашини таъминлаш бўйича комплекс қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниб, ижрога қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 18 февралдаги қарори билан Озиқ-овқат саноати корхоналари ассоциацияси тугатилиб, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси ташкил қилинганди.

Қарорга кўра, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХКнинг устав капитали тугатилаётган Ассоциация таркибига кирувчи корхоналар устав фондларидаги давлатга тегишли акция пакетлари баланс қийматида ўтказилиши ҳисобидан шаклланди.

Ислом Каримов 7 апрелдаги қарори билан «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси таркибида янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти бўйича «Ўзагроэкспорт»махсус ташқи савдо компаниясини тузишни тасдиқлади.

Ўз фаолияти доирасида «Ўзагроэкспорт» мева-сабзавот маҳсулотларининг жаҳон ва минтақавий бозорлари конъюнктураларини маркетинг жиҳатидан тадқиқ қилади, маҳаллий маҳсулотларни экспорт учун илгари суради ва янги бозорларни қидиради.

Мавзуга оид