Жаҳон | 18:38 / 13.11.2016
7439
2 дақиқада ўқилади

Янги Зеландия қирғоқлари яқинида яна бир кучли зилзила қайд этилди, цунами хавфи бор

Фото: ВВС

Янги Зеландия қирғоқлари яқинида кун давомида иккинчи кучли зилзила кузатилди. Европа Ўрта Ер денгизи сейсмология маркази маълумотига кўра, навбатдаги зилзила кучи 7,9 баллни ташкил қилган.

Илгарироқ бир қатор нашрлар зилзила кучи 7,5 магнитудани ташкил этганини маълум қилган эди.

Силкинишлар Амберли шаҳридан 56 километр шимолда кузатилди. Зилзила чуқурлиги — 10 километр.

Минтақада яна иккита зилзила қайд қилинди. 6,2 магнитудали иккинчи зилзила мамлакат пойтахти Веллингтондан 148 километр жануби-ғарбда, 5,7 магнитудали учинчи силкиниш эса пойтахтдан 76 километр жануби-ғарбда кузатилган.

Янги Зеландия фуқаролик мудофааси ва фавқулодда вазиятлар вазирлиги жанубий оролнинг шарқий соҳилида цунами хавфини эълон қилди. Ушбу ҳудудда истиқомат қилувчиларга баландроқ жойларга ўтиш тавсия этилди.

Янги Зеландия Тинч океанининг "оловли белбоғи" — вулқонлар ва тектоник ҳаракатлар фаол бўлган ҳудудда (40 минг километр) жойлашган. Бу "белбоғ" Тинч океанининг ғарбий чеккаларидан Жанубий ва Шимолий Америкагача (Алясканинг жанубий чеккалари, Япония, Филиппин, Индонезия, Янги Гвинея, Янги Зеландия ҳамда Океаниянинг жануби-ғарбий қисмлари бўйлаб ўтади. Айнан "Оловли ҳалқа"да сайёранинг асосий вулқонлари жойлашган. Шунингдек, бу ҳудудга ер юзида рўй берадиган зилзилаларнинг  90 фоизи тўғри келади.

Мавзуга оид