Жаҳон | 00:08 / 20.10.2024
4527
2 дақиқада ўқилади

Янги Зеландия аэропортида йўловчилар ва уларни кузатгани чиққанларга 3 дақиқадан ортиқ қучоқлашиш тақиқланди

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари бундай чорани «ноинсоний» деб атаб, аэропорт йўловчилар ҳамда уларнинг яқинларини шахсий хайрлашув онларига аралашишга ҳаққи йўқлигини таъкидламоқда.

Фото: CNN

Янги Зеландиядаги Данидин аэропорти йўловчилар ва уларни кузатиб қўювчиларга 3 дақиқадан ортиқ қучоқлашишни тақиқлади.

«Меҳрибонроқ хайрлашиш учун, илтимос, автотураргоҳдан фойдаланинг», — дейилади аэропортга киришга ўрнатилган белгидаги ёзувда. 

Янги қоида ҳақида сентябр охирларида Данидин сайти орқали маълум қилинган, CNN журналистлар бунга энди эътибор қаратди. Аэропорт директори Дениэл Де Боно мазкур қоидага изоҳ берар экан, 2003 йилги тадқиқот натижаларидан мисол келтирган. Унда айтилишича, 20 сонияли қисқа қучоқлашув ҳам инсоннинг жисмоний саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Унинг сўзларига кўра, учиб кетаётганлар ва кузатувчилар секин-аста хайрлашадиган бўлса, қолганлар бунга улгурмай қолиши мумкин. CNN’нинг аниқлик киритишича, аэропорт олдидаги автотураргоҳдан фақат 15 дақиқа давомида бепул фойдаланиш мумкин.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари бундай чорани «ноинсоний» деб атаб, қатор саволларни ўртага ташламоқда: «Улар энди хайрлашув учун ҳам қоидалар ўрнатмоқдами? Булар учун бирор муқаддас нарса борми ўзи?». Кўпчилик аэропорт йўловчилар ҳамда уларнинг яқинларини шахсий хайрлашув онларига аралашишга ҳақи йўқлигини айтмоқда. Аммо мазкур янгиликни қўллаб-қувватлаётганлар ҳам топиляпти. Улар бундай чекловларни дунёнинг бошқа аэропортларида ҳам жорий этиш таклифини билдирган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид