Бугун мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган яна бир муҳим сиёсий имтиҳон — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.
Мазкур сайлов мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим воқеа ҳисобланиши билан аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ХДП ўзининг X қурултойида мазкур сиёсий жараёнда партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш, ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимоя каби халқ демократияси тамойилларига амал қилган ҳолда, Ўзбекистон танлаган йўлни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва амалга оширилаётган сиёсатни изчиллик билан давом эттириш, сайловчиларнинг демократик онгу тафаккурини ошириш, фуқароларнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга, ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, умуман олганда сайловга пухта тайёргарлик кўриш масаласида муҳим вазифаларни белгилаб олди.
Турмушимиз сифатини кўрсатадиган муҳим омиллардан бири, шубҳасиз, уй-жой масаласи, коммунал хизматларнинг барча учун мақбуллигидир. Коммунал хизмат кўрсатишнинг ривожлангани нафақат жамият маданияти, маиший турмуш тарзи даражасини ифода этади, балки иқтисодий салоҳият ўсиши ва инвестициялар жалб қилиш учун ҳам муҳим шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади. Айнан шунинг учун ҳам уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар республикада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг узвий таркибий қисми ҳисобланади.
Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Хатамжон Кетмонов уй-жой-коммунал соҳага тегишли муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ аниқ ташаббусларни илгари сураяпти.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтказилган таҳлиллар бу соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, уй-жой-коммунал соҳасини ривожлантиришни янги босқичга кўтариш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунга асосланиб, Хатамжон Кетмонов ўз Сайловолди дастурида бу масалалар муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Коммунал соҳада рақобат муҳитини яратиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш билан боғлиқ бир қатор долзарб масалалар акс эттирилди.
Шундай қилиб, Хатамжон Кетмонов сайловолди дастурида товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллиги ғояси илгари сурилмоқда. Албатта, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган манзилли ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири аҳоли, шу жумладан, унинг кам даромадли қатламлари учун бирламчи эҳтиёж бўлган товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлашдан иборатдир. Номзод бу масалада мустақил тараққиёт йилларида эришилган натижаларни юқори баҳолайди ва ижтимоий аҳамиятга молик товар ҳамда хизматларга нархларнинг шаклланиши устидан давлат назорати самарадорлигини янада ошириш тарафдоридир. Коммунал хизматларнинг нархлари, тарифлари ўсиши эса ойлик маош, пенсия, стипендиялар ҳамда ижтимоий нафақаларни ошириш кўрсаткичларидан юқори бўлмаслиги зарур, деб ҳисоблайди.















