Спорт | 19:27 / 29.11.2016
27256
9 дақиқада ўқилади

Футбол тарихининг қайғули саҳифаси: Самога сочилган юлдузлар

29 ноябрь куни эрталаб футбол оламида нохуш хабар тарқалди. Копа Судамерикано финалида иштирок этиш учун Колумбияга парвоз қилган «Шапекоэнсе» жамоаси футболчилари минган самолёт Медельин шаҳри яқинида, аэропортга 50 км масофа қолганида қулаб тушди. Самолёт бортида бўлган 72 йўловчи ва 9та экипаж аъзоси, жами 81 кишидан 5 нафари омон қолди. Улардан уч нафари футболчилар бўлиб чиқди. Tribuna.Uz футбол тарихидаги машъум авиаҳалокатларни ёдга олишга қарор қилди.

«Торино». 1949 йил, 4 май

Ўтган асрнинг 40-йиллари Турин клуби ҳамшаҳари «Ювентус»дан кучлироқ саналарди. Нафақат шаҳарда балки, Италияда «Торино» энг кучли жамоа ҳисобланарди. Ҳалокатгача Италия чемпионатида кетма-кет тўрт марта чемпионликни тантана қилган туринликлар фожиа содир бўлган вақтда ҳам таъқибчисидан тўрт очко илгарилаб кетган ҳолда пешқадамлик қилаётганди.

Машъум воқеа 1949 йилнинг 4 май куни, жамоа Лиссабондан, маҳаллий «Бенфика»га қарши ўйиндан сўнг (3:4) ортга қайтаётганида содир бўлганди.

Fiat G.212CP русумли самолёт бортида 18 нафар футболчи, шунингдек клуб раҳбарияти ва бир қатор журналистлар – жами 31 киши бор эди. Самолёт ёқилғи тўлдириш учун Барселонада тўхтаб ўтганида, «Торино» футболчилари чемпионатдаги рақиблари — «Милан» футболчилари билан кўришиб суҳбатлашишга ҳам улгуришади. Ўшанда бу жамоаларнинг сўнгги юзма-юз кўришишлари эканини ким ҳам билибди дейсиз...

Самолёт Торинодан унчалик узоқ бўлмаган ҳудудда қулаган. Учувчилар жуда қалин туман тушиши натижасида йўналиш чегараси ва мўлжалини йўқотиб қўйишади. Натижада, самолёт шаҳар яқинидаги католиклар Базиликасига (қадим ва ўрта асрлар архитектурасида: ички қисми қатор устунлар билан бир неча қисмга бўлинган бино) урилиб кетади. Мувозанатни йўқотган авиалайнер катта тезликда ерга урилади. Самолёт бортида бўлган барча ҳалок бўлади. Клуб сафида ягона тирик қолган футболчи Лауро Тома бўлиб, у Лиссабонга жароҳати сабаб бора олмаганди. Мазкур воқеадан кейин шу кунгача «Торино» фақат бир мартагина мамлакат чемпиони бўлади. Бу даҳшатли ҳалокатдан кейин жамоа ҳалигача ўзига келмаганини англатиб турибди.

«Манчестер Юнайтед». 1958 йил, 6 февраль

1958 йилнинг феврали нафақат футбол, балки бутун спорт оламидаги энг катта йўқотишлардан бири сифатида тилга олинади. Гарчи Торинодан кўра йўқотишлар камроқ бўлганига қарамай, бу воқеа шов-шуви анча баланд бўлганди.

British European Airways компанияси бортида «Манчестер Юнайтед» футболчиларини олиб кетаётган самолёти собиқ Югославия пойтахти Белграддан қайтаётганида ёқилғи тўлдириб олиш мақсадида Германияда, Мюнхенда тўхтаб ўтади. Аммо бу лайнернинг сўнгги бор муваффақиятли қўниши эди. Самолёт биринчи бор кўтарилишга уринганида чап двигателда чиққан носозлик парвозга халақит беради. Иккинчи уриниш ҳам муваффақиятсиз чиқади. Учинчи уринишда кучли қор ёғиши натижасида тезлигини йўқотган лайнернинг чап қаноти аэропорт яқинидаги уйларнинг бирига урилади. Бортда бўлган 45 нафар йўловчидан 24 киши тирик қолади. Омон қолганлар орасида жамоа бош мураббийи Мэтт Басби ва ўша пайтларда ҳали жуда ёш бўлган, 1966 йилги «Олтин тўп» соҳиби Бобби Чарльтон ҳам бор эди.

«Басби болалари» номи билан танилган (клубнинг ўртача ёши 22 ёшни ташкил қилган) клуб 1957 йилда Англияда чемпион бўлади. Белградда жамоа Чемпионлар Кубоги ярим финалини ўзига нақд қилиб ортга қайтганди. Аммо мазкур воқеа жамоага бу совринни қўлга киритишга йўл қўймади. Ўшанда омон қолганлар дафн маросими вақтида марҳумлар бошида тик туриб, битта гапни бот-бот такрорлашганди: «бу ланъати кубокни албатта ютамиз. Сиз учун ютамиз!». Албатта бу ваъдани бажариш узоқ муддат талаб қилди. 1968 йилда «МЮ» чемпионлар кубоги финалида «Бенфика»ни 4:1 ҳисобида енгиб бош совринни қўлга киритди. Ўйинда иккита голни Бобби Чарльтон киритганди. Жамоа бош мураббийи эса ўша афсонавий Мэтт Басби эди.

«Стронгест» (Боливия). 1969 йил.

1969 йилда Боливия пойтахти Ла-Пасга қайтаётган мамлакатнинг энг кекса жамоаларидан бири «Стронгест» футболчилари Анд тоғ ёнбағирларида ҳалокатга учрашади. Бортдаги барча одам ҳалок бўлади.

Кейинчалик клубга ёрдам бериш мақсадида жуда кўплаб футбол клублари ташриф буюради. Аргентина ва Бразилия жамоалари хайрия учрашувлари ташкил қилишади. Чипта савдосидан тушган пул ёрдам кўрсатиш фондига ўтказилади. Жамоани илгарироқ тарк этган барча футболчилар клуб қад ростлаб олиши учун ортга қайтишади.

«Пахтакор» 1979 йил. 11 август.

Ўзбек футболи тарихидаги энг нохуш воқеа сифатида ҳалигача эсланадиган ҳалокатга бу йил ёзда 37 йил тўлди. 11 август клуб тарихида қора ҳарфлар билан битилган. Ту-134 самолёти орқали Минскка Собиқ Иттифоқ чемпионатининг навбатдаги тур учрашувида маҳаллий «Динамо» жамоасига қарши учрашувга жўнаб кетаётган самолёт кутилмаганда Украинанинг Днепродзержинск шаҳри тепасида 8400 км баландликда шу йўналишга кириб қолган самолёт билан тўқнашиб кетиши натижасида ҳалокатга учрайди. Нариги самолёт Челябинскдан Молдовага, Кишинёвга парвоз қилаётганди.

Фожиа натижасида нақ 178 нафар одам (94 нафари Молдова, 84 нафари Беларусь самолёти бортида бўлган) вафот этади. Уларнинг орасида Ўзбек футболининг ҳақиқий юлдузлари «Пахтакор»нинг 17 ўғлони ҳам бор эди.

Мазкур фожиадан кейин иттифоқ футбол уюшмаси жамоага ёрдам бериш мақсадида бир қатор футболчилар Тошкент жамоасига ўтишига хизмат қилади. Шунингдек, жамоа натижаларидан қатъи назар 3 йил мобайнида олий лигадан пастга тушиб кетмаслиги белгилаб қўйилади.

«Альянца Лима» (Перу). 1987 йил

1987 йилда Перу чемпионатининг энг муваффақиятли жамоаларидан бири «Альянца Лима»нинг футболчилари, мураббийлар ва клуб ишчилари билан бирга учган самолёт Лима аэропортига етишга бор-йўғи 6 километр масофа қолганида Тинч океанига қулаб тушади. Қанчалик ақлбовар ҳолат бўлмасин, ўша воқеа натижасида лайнер бортида бўлганлардан бири тирик қолади. У ҳам самолёт учувчиси бўлиб чиқади.

Суринам терма жамоаси. 1989 йил

1989 йилда Суринам пойтахти Парамарибодан учган самолётда 23 нафар нидерландиялик футболчилар ҳалокатга учрашади. Асли келиб чиқиши суринамлик бўлган жамоа Жанубий Америкага, ўзларининг тарихий ватанлари шарафини ўртоқлик учрашувида ҳимоя қилишга йўл олишганди.

Айнан мана шу трагедия ўз даврида Нидерландия терма жамоаси ва Лондоннинг «Арсенал» клуби етакчи юлдузи бўлган Деннис Бергкампни «учмас голланд»га айлантириб қўйганди. Ўша рейсда Денниснинг «Аякс» академиясида бирга таҳсил олган жуда кўплаб дўстлари жой олганди. Бу воқеа Бергкампга жуда қаттиқ таъсир кўрсатди. Футболчи кейинги фаолиятида деярли самолётларда парвоз қилмади. Ўйинларга етиб бориш учун ер ва дарё транспортидан фойдаланарди. Ёки шунчаки узоқ йўлларга чиқишни рад этиб қўя қоларди.

Замбия терма жамоаси. 1993 йил.

1993 йилда Габон яқинида, Атлантика океанига 18 нафар Замбия терма жамоаси футболчилари бўлган самолёт қулаб тушади. Улар ўшанда 1994 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида Сенегал терма жамоасига қарши ўйин ўтказиш мақсадида Дакарга қараб йўл олишганди. Ҳалокат натижасида омон қолганлар бўлмади.

2012 йилда Замбия Африка миллатлар кубогида зафар қучди. Жамоа кубокни кўтариш учун махсус ясалган шоҳсупага чиқаркан, футболчилар ғалаба19 йил олдин қурбон бўлган ватандошлар хотирасига бағишлангани кўрсатилган баннерни қўлида тутиб турарди.

Футболдан ташқари спортнинг бошқа турларида ҳам шу каби нохуш ҳолатлар кузатилган. Бунга мисол қилиб 1961 йил 18 февралда жаҳон чемпионатига йўл олган  18 нафар америкалик фигурали учувчилар бўлган самолёт ҳалокатини эслаб ўтиш мумкин. Яқин ўтмишда эса 2011 йилнинг 7 сентябрида Туношна аэропортидан парвоз қилган, бортида Ярославлнинг «Локомотив» хоккей клуби аъзолари бўлган Як-42 Минскка «Динамо»га қарши учрашувда иштирок этиш учун йўл олганида ҳалокатга учрайди. Ҳалокат натижасида экипажнинг биргина аъзоси тирик қолади. 45 киши ҳалок бўлади. Мўъжиза туфайли воқеа жойида жони омон қолган хоккейчи Александр Галимовнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун эса шифокорлар узоқ вақт кураш олиб боришади ва аммо унинг жароҳатлари ҳаётга қайтишига йўл қўймайди.

Мавзуга оид