Янги Samsung Galaxy A5 видео орқали намойиш қилинди
Инсайдер Нил Потгейтер ўзининг YouTube-каналида янги Samsung Galaxy A5 (2017) смартфони видеосини чоп этди. Видеода қурилмани барча томондан кўриш мумкин, шунингдек унинг техник кўрсаткичлари маълум бўлди.
А-сериядаги смартфонлар дизайни тез-тез ўзгариб туради. Янги модель, кўринишича, Galaxy S7 ва S7 edge смартфонлари стилига яқин бўлади.
Samsung Galaxy A5 (2017) силлиқ корпус ва 2.5D-шиша билан қопланган экран билан жиҳозланган. Видеода смартфоннинг орқа қопқоғи шиша ёки поликарбонатдан ишланганини айтиш мураккаб, бироқ смартфон жуда антиқа кўринишга эга.
Смартфоннинг металл рамкасида динамик учун тешикларни кўриш мумкин, аввал А-сериядаги смартфонларда бундай тешик бўлмаган. Смартфоннинг яна бир жиҳати орқа қопқоқ юзасидан чиқиб турмайдиган камера бўлиб, бунинг ҳисобига камера унча-бунчага тирналмайди.
Смартфон шунингдек қуйидаги кўрсаткичларга эга: 8 ядроли Exynos 7880 чипсети, 3 Гб тезкор хотира, 32 Гб доимий хотира, 5,2 дюймли Super AMOLED, Full HD экрани, USB Type-C разъёми.