Жамият | 21:40 / 01.12.2016
22487
12 дақиқада ўқилади

Виртуал қабулхонага 2 ой ичида келиб тушган мурожаатлар сони маълум қилинди

Скриншот: Бош вазир виртуал қабулхонаси

Оммавий ахборот воситаларида фуқаролар pm.gov.uz орқали Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига бевосита мурожаат қилишлари мумкинлиги тўғрисидаги эълон юртдошларимиз учун кутилмаган сиёсий-ижтимоий воқеа бўлди. Бироқ, кимда муаммо йўқ дейсиз? Бу эълон кўпчилик учун хушхабар эди.

Биринчи кун мамлакатнинг турли ҳудудларидан 1000 га яқин мурожаат йўлланди.  Виртуал қабулхона жуда қисқа фурсат ичида оммалашиб кетди. 2 ҳафта ўтиб, мазкур ресурсга келиб тушган мурожаатлар сони 30 мингтага етади, яъни анъанавий равишда барча давлат органларига юборилаётган жами мурожаатлар сонидан ҳам кўп. Ўтган 2 ойдан ошиқроқ вақт мобайнида мурожаатлар сони 220 мингга етди.

Аста-секин фаол ижтимоий жараёнга киришган фуқаролар ортларида уларни ҳимоя қилувчи куч – ҳукуматнинг борлигини янада чуқур ҳис қилиб, мавжуд муаммо-камчиликларни дадил кўтариб чиқа бошладилар.                       

Кимдир молиявий тушунмовчиликларга ечим топди, яна кимдир газ ва электрнинг сифатли таъминотига эга бўлди, кимдир юриб бўлмас кўчасига асфальт ётқизишга эришди, қайсидир юртдошимизнинг автосалондан пластик карточкага машина олгани бир зумда ОАВ ва жамоатчилик эътиборини қозонди. Давлат идорасида битмаган кўплаб шикоятларнинг ҳал этилиши, мамлакат миқёсида минг-минглаб фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларининг таъминланаётгани улкан ижтимоий ўзгаришларни бошлаб берди. Биринчи навбатда, халқнинг давлатга бўлган ишончи ортди. Виртуал қабулхона муайян масаланинг ўз вақтида ечимининг топиши биринчи галда жойлардаги мансабдор шахсларнинг масъулиятига, хоҳишига боғлиқ эканлигини исботлаб берди. 

 

Ҳар бир фуқарога мурожаат қилиш имкони яратилган

Мурожаат йўллаш усулларида аҳолининг ҳар бир қатламининг имкониятлари ҳисобга олинган. Фуқаролар 3 усулда: интернетнинг pm.gov.uz манзилидаги махсус шаклни тўлдириш, 210-00-00 ёки “1000” қўнғироқларга бепул хизмат кўрсатиш хизматига қўнғироқ қилиш, Ўзбекистон Либерал Демократик Партиясининг ҳудудий кенгашларига ташриф буюриш орқали мурожаат йўллаши мумкин. pm.gov.uz орқали мурожаат юборганда фуқародан исм-шарифи ҳамда телефон рақамидан бўлак шахсий маълумотлари талаб этилмайди.

Қолаверса, аҳоли томонидан интернетда эълон қилинаётган видеомурожаатлар ҳам ҳукумат назаридан четда қолаётгани йўқ. Мисол учун, ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи тадбиркорнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига шикоят тарзида эълон қилган видеомурожаатида кўтарилган масала ўз вақтида ўрганилиб, тадбиркорга амалий ечим кўрсатилган.

 

Виртуал қабулхона фаолиятининг бошлаганидан сўнг 2 ой ўтиб, яъни 25 сентябрдан 30 ноябрга қадар порталга 220 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Айни пайтда уларнинг 70,4 мингтаси қайта ишлаш жараёнида, 134,0 минг мурожаат эса кўриб чиқилган.

Айтиш керакки, фуқаролар учун давлат органларига веб-сайт орқали мурожаат йўллаш қулай усул ҳисобланади. Бу эса давлат идоралари олдига истиқболда фуқаролар билан интерактив, тезкор ва қулай усулда ҳамкорлик қилишга хизмат қиладиган ягона ахборот платформасини яратиш, фаолиятларида ахборот-коммуникация технологияларини кенгроқ татбиқ этиш заруратини қўймоқда. Буни Бош вазир виртуал қабулхонаси орқали мурожаат қилиш усули тақсимотига оид статистика ҳам исботлайди. Жумладан, Виртуал қабулхонага келиб тушган 122,0 мурожаат pm.gov.uz манзили орқали фуқаролар томонидан шахсан, 88,7 мингтаси қўнғироқларга хизмат кўрсатиш маркази ҳамда 9,7 мингтаси ЎзЛиДеПнинг ҳудудий кенгашлари орқали юборилган.

Бу каби ўзига хос, аҳолининг ҳар бир қатлами учун фойдаланиш қулай электрон порталнинг ишга тушгани, фуқаронинг тўғридан-тўғри, шу билан бирга, осон ва ўта содда усулларда Бош вазирга мурожаат қилиши жаҳон ҳукуматлари тажрибасида мисли кўрилмаган ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий янгилик бўлди. Мисол учун, кўпчилик ривожланган давлатларда аҳоли шикоятлари давлат органларига алоҳида порталлар орқали қабул қилинади.

Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри (27,0 мингта), Тошкент (10,0 мингта ), Фарғона (5,8 мингта), Қашқадарё (5,3 мингта) ва Андижон вилоятлари (4,2 мингта) фуқароларидан келиб тушган.

Қайд этиш жоизки, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда совуққонликка йўл қўйилгани, масалага ўз вақтида ечим топилмаганлиги муносабати билан қатор давлат органлари раҳбарларига нисбатан ҳайфсан эълон қилинди.

 

Фуқаро нима хоҳлайди?

Келиб тушаётган мурожаатларнинг 2 ойлик статистикаси орқали мурожаат энг кўп йўлланаётган 10 та муассаса қуйидагилар: Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ички ишлар вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Меҳнат вазирлиги, Марказий банк ҳамда тижорат банклари, Адлия вазирлиги, Ўзбекнефтегаз, Молия вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимликлари.

Соҳа ҳамда масалалар кесимида кўриш мумкинки, фуқаролар энг кўп уй-жой (12%), бандлик (4,3%), таълим (2,6%), суд-ҳуқуқ (2,1%), газ таъминоти (2,0%) ҳамда оилага моддий ёрдам кўрсатиш (1,9%) масалаларида мурожаат қилганлар.

 

Виртуал қабулхонанинг афзалликлари нимада?

Муайян масала-муаммонинг ҳал қилинишида умумдавлат миқёсидаги ёндашув, фуқаро ёки тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари қай усулда йўлланган бўлишидан қатъиназар, тегишли давлат органига келиб тушиши, ислоҳотлар фуқаролар талаб-истакларини инобатга олган ҳолда "қуйидан-юқорига" тамойили асосида амалга оширилиши ҳукуматга қайси соҳаларда муаммоларнинг кўп учраётганини ва сабабларини ўрганиш, уларнинг олдини олишга қаратилган мақсадли ислоҳотларни амалга ошириш имконини беради.

Виртуал қабулхона ҳукумат раҳбариятига жамиятнинг қуйи бўғимларида юзага келаётган бўшлиқлар, жумладан мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилаётган камчиликларни ўрганиш, уларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Жумладан, pm.gov.uz’га келиб тушаётган мурожаатлар ва уларга нисбатан давлат идораларининг муносабатларидан шу нарса маълум бўлдики, фуқаро мурожаати билан ишлашда давлат органлари томонидан қатор камчиликлар мавжуд. Жумладан, мурожаатларнинг аксарияти давлат идорасининг айби билан ҳал этилмаган. Ушбу камчиликларнинг олдини олиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 27 октябрь куни “Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманлари ҳокимларининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини сўзсиз бажариш юзасидан жавобгарлиги тўғрисида”ги 366-сон қарори эълон қилинди.

Жумладан, ушбу қарорда шундай дейилади: "Қисқа муддатда электрон қабулхонага кўп сонли мурожаатларнинг келиб тушиши жойлардаги, айниқса шаҳар ва туман миқёсидаги мутасадди раҳбарлар халқнинг таклиф ва муаммолари билан қизиқмаслигини, аксарият ҳолларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига эътиборсиз эканлигини кўрсатди".

 

Ҳар кимга тенг муносабат

Виртуал қабулхона ва умуман АКТ орқали муносабатларга асосланган "электрон ҳукумат"нинг ташкил қилиниши жамиятимизда гендер тенглигининг, имконияти чекланган инсонлар ҳақ-ҳуқуқларининг таъминланиши янада қарор топишига хизмат қилмоқда. Имконияти чекланган юртдошларимиз саломатликлари билан боғлиқ масалада  қўнғироқларга хизмат кўрсатиш маркази орқали оғзаки мурожаат қилишлари мумкин.

Мурожаатларни гендер тақсимоти бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, мурожаат йўллашда аёллар эркакларга нисбатан 6 фоизга фаолроқ. Виртуал қабулхонага  аёллар томонидан юборилаётган мурожаатлар миқдори 55 фоизни ташкил этмоқда. Яна бир қизиқ жиҳати, Тошкент шаҳри аҳолисидан келиб тушган 68 минг мурожаатнинг 40 мингтасидан зиёди аёллар томонидан, 27 мингтаси эркаклар томонидан йўлланган. Айтиш мумкинки, АКТдан кундалик фойдаланиш аёлларга жамиятда фаол ижтимоий ўрин эгаллашларига хизмат қилмоқда.

Кўриниб турибдики, "электрон ҳукумат" фуқаронинг даромади, таълим даражаси, жинси ёки ижтимоий аҳволидан қатъиназар давлат органи хизматларидан эркин ва тенг ҳуқуқли фуқаро сифатида фойдаланишига замин яратади.

 

Очиқ-ошкоралик – коррупцияга қарши курашнинг бош воситаси

Аҳоли бунга қадар ҳам my.gov.uz орқали, қолаверса давлат органининг сайти орқали муайян шикоят юзасидан идора раҳбарига мурожаат қилиш имконига эга эди. Бироқ, давлат органи муносабатидан қониқмаган,  қуйида ўз саволига жавоб топа олмаган, баъзи мансабдорларнинг сансалорлигидан ҳафсаласи пир бўлган халқ муаммо билан ҳукумат вакили бўлган аниқ шахсга мурожаат қилишни афзал кўрмоқда.

Фуқароларнинг тўғридан-тўғри ҳукуматга мурожаат қила олиш имконияти ўз навбатида маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг масалани ортиқча қоғозбозликсиз, диққат билан ёндашган ҳолда, жамоатчилик муаммоларининг қуйида ҳал этилишини таъминламоқда. Бюрократик тўсиқларнинг камайиши  коррупциянинг олдини олмоқда. Буни чинакам маънода давлат ва фуқаро ўртасидаги ишончли муносабатларнинг янги даври дейиш мумкин.

Жамият тараққиёти фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг очиқ-ошкоралигига боғлиқ. Портал орқали ҳар бир аризачи мурожаатининг ҳолатини кузатиш, ижрочини аниқлаш имкониятига эга. Қолаверса, долзарб масалалар ОАВда ёритилиб, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиб борилмоқда.

Шунингдек, порталда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан у ёки бу мурожаатнинг қанчалик самарали қайта ишланганига оид статистикани мунтазам кузатиш имкони яратилган. Бу эса бошқарувнинг барча жабҳасида босқичма-босқич ошкораликка ҳамда шаффофликка эришиш, фаолиятни такомиллаштириш имконини туғдиради. 

Ҳукумат ва фуқаро ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши,  ахборот-маълумот алмашиш имкониятларининг кенгайиши, ўз навбатида, жамиятда инсон ҳақ-ҳуқуқлари, тенглик тамойилларининг ўрнатилиши, коррупциянинг олди олиниши ва бюрократик тўсиқларнинг бартараф этилишига замин яратади.

 

Кейинги режалар қандай?

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Виртуал қабулхонасининг кейинги тақдири кўпчилик фуқароларни қизиқтиради. Истиқболда давлат органлари ва уларнинг тизимига кирувчи муассасаларнинг ҳудудий бўлинмаларини, ҳуқуқ-тартибот идоралари, жумладан туман прокуратураларини Бош вазир Виртуал қабулхонасига улаш орқали муаммоларни қуйи тизимнинг ўзида самарали ҳал этилишига эришиш ушбу электрон ресурсни ривожлантиришда, фуқаролар ҳаётидаги аҳамиятини оширишдаги навбатдаги режалар ҳисобланади.

 

Мамлакат истиқболи ҳар бир фуқаронинг қўлида

АКТ халқаро ахборот маконига боғланишнинг воситаси, миллий тараққиётнинг омили эканлигини англаган ҳолда, Ўзбекистонда “электрон ҳукумат”ни ривожлантириш кўзда тутилган 40 га яқин қарорлар асосида ахборот тизимлари, янги электрон ресурслар яратилмоқда. Уларнинг фаолияти  фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий ҳодиса бўлиб, жамиятда ишончли демократияни чуқурлаштириш ва давлат очиқлигини  таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ҳукуматнинг давлатни халқнинг фикр-муносабатидан келиб чиқиб бошқариши, яъни аҳоли кайфиятининг ислоҳотларга тўғридан-тўғри таъсир этиши мамлакат ривожида муҳим аҳамият касб этади. Ахборотлашган жамиятнинг муҳим ўзига хослиги ҳисобланган "электрон иштирок" концепцияси ҳам ҳар бир фуқарога давлат бошқарувида иштирок этиш, жумладан муҳим қарорлар қабул қилишда иштирок этиш имкониятини яратмоқда. Бу ўз навбатида, жамоатчиликнинг ҳукуматга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, истиқболга бўлган умидини оширади.

Ҳукуматнинг Виртуал қабулхона фаолиятини қўллаб-қувватлашга бўлган хайрихоҳлиги бевосита аҳолига фаровон, тинч-осуда турмуш тарзини яратиш каби эзгу истакларни ўзида жам қилган. АКТ ва жамиятни ривожлантириш йўналишида улкан ўзгаришларни амалга ошираётган Ўзбекистон мисолида рақамли платформага кўчаётган демократик анъаналарнинг янгича тамойил ва тенденцияларини, ҳукумат ва аҳоли ўртасидаги муносабатларнинг янгича мустаҳкам феноменини кўриш мумкин.

Наргиза Алиқулова, 
Осиё Тараққиёт Банкининг 
“Самарали давлат бошқарувида электрон ҳукумат”
лойиҳаси консультанти 

Мавзуга оид