Ўзбекистон | 22:49 / 02.12.2016
6444
4 дақиқада ўқилади

Махсус интервью: Халқаро кузатувчилар Ўзбекистондаги сайлов ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун мамлакатга турли хорижий давлатлардан ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, экспертлар келиши давом этмоқда. Улар сайловга тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишмоқда. ЎзА мухбирлари улар билан суҳбатда бўлди.

Владимир ЧУРОВ, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида ишлар бўйича элчиси:

– Ўзбекистонда Президент сайловига жуда қисқа муддатда юқори даражада тайёргарлик кўрилди. Бу мамлакатингизда халқаро стандартларга мувофиқ сайлов қонунчилиги ва сайлов тизими мавжудлиги, ўзига хос сайлов тажрибаси тўплангани самарасидир.

Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш борасида кенг кўламда ишлар амалга оширилган. Бу сайловнинг халқаро стандартларга мувофиқ ўтишига хизмат қилмоқда. 

Президент сайловини кузатишга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси каби нуфузли халқаро тузилмалардан вакиллар ташриф буюргани, кузатувчи давлатлар ва уларнинг вакиллари сафи кенгайгани унинг юксак аҳамиятини кўрсатиб турибди. 

Саманта ПЭКСТОН, Сиэтл-Тошкент биродарлашган шаҳарлар уюшмаси раиси (АҚШ):

– Ўзбекистон ҳуқуқий демократик давлат қуриб, фуқаролик жамиятини ривожлантирмоқда. Парламент ва Президент сайловларининг очиқ-ошкора ўтиши бу йўлда муҳим омил саналади. 

Мамлакатингизда навбатдаги Президент сайлови юқори даражада ташкил этилган. Сайловнинг асосий сифати бўлган тенглик ва очиқлик оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам намоён бўлмоқда. Юртингизга келишдан олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материаллар билан мунтазам танишиб турдим. Кузатишларим натижасида ишонч билан айта оламанки, сайлов жараёнлари холис ва ҳаққоний ўтмоқда. 
Михаел БОРХМАН, Германия-Осиё иқтисодий форуми бошқаруви аъзоси:

– Ўзбекистонда сайловга пухта тайёргарлик кўрилгани яққол кўзга ташланмоқда.

Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилгани, суд-ҳуқуқ тизимида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганидан хабардормиз. Мамлакатингизда "электрон ҳукумат" тизими ривожлантирилмоқда. Бу давлат идоралари ва аҳоли ўртасидаги алоқаларнинг самарадорлигини таъминламоқда. Фуқаролар мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилаётгани нафақат шахсий, балки ижтимоий масалаларни ўз вақтида ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Мазкур ҳолат давлат ҳокимиятининг очиқлиги, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаоллигига далилдир.

Елена ПАСКАЛЕВА, Лейден университети профессори (Нидерландия):

– Сайлов жараёнларида аҳоли, айниқса хотин-қизларнинг фаоллиги эътиборга лойиқ. Мамлакатингизда 10 миллион хотин-қиз сайловда қатнашиш учун рўйхатга олинган. Бу жуда муҳим ва катта кўрсаткичдир. Аҳолининг сиёсий онги ва сайловдаги фаоллигининг асосий омили таълим тизимининг яхши йўлга қўйилганлиги, деб ўйлайман. 

Ўзбекистонда ўқувчилар мактабданоқ Конституциянинг мазмун-моҳияти билан танишмоқда, ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини оширмоқда. Бу муҳим аҳамиятга молик масала.

Иззатуллоҳ ҲАШМИ, “Urdu News” ва “Arab News” газеталари муҳаррири (Саудия Арабистони):

– Ўзбекистоннинг сайлов жараёнларида биринчи бор кузатувчи сифатида иштирок этмоқдаман. 

Бошқа давлатлар сайлов тизими, сайловолди ташвиқотлари билан таққослайдиган бўлсам, Ўзбекистондаги икки жиҳат эътиборимни тортди. Бири ногиронлар ва сайлов участкаларига кела олмайдиган фуқароларга яратилган енгилликлар. Иккинчиси сайлов участкаларида она ва бола, тиббиёт хоналарининг мавжудлигидир. Булар инсонпарварлик, сайловчиларга қулайлик яратишга қаратилган эзгу ишлардир. Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик юқори баҳога лойиқ.
Оссама СРОУР, “Arab Times” газетаси муҳаррири (Кувайт):

– Бухоро вилоятининг бир неча сайлов участкаларида бўлдик. Пойтахтингизда ташкил этилган пресс-клуб ҳам биз, журналистлар учун катта қулайлик бўлди. Кўплаб давлатларда сайлов жараёнларини кузатганман. Ўзбекистонда сайловчилар, кузатувчилар ва журналистларга яратилган қулайликлар ҳавас қилса арзигулик. Ўзбекистонда Президент сайлови жараёнининг ўзига хосликлари ҳақида Кувайт оммавий ахборот воситалари учун туркум материаллар тайёрламоқдаман.

 

Мавзуга оид