19:29 / 05.12.2016
6336

«Крайслер»да атиги иккита модель қолди

Фото: Motor.ru

Fiat Chrysler Automobiles (FCA) альянси Стерлинг Хайтс (Мичиган штати)даги заводда Chrysler 200 седанини ишлаб чиқаришни якунлади, деб хабар берди The Detroit News нашри. Шу тариқа “Крайслер”да фақатгина иккита модель қолди – булар Pacifica минивэни ва тўрт эшикли Chrysler 300.

Chrysler 200 ишлаб чиқаришдан олиниши ҳақидаги қарор жорий йилнинг январида маълум бўлганди. Ўшанда автомобиль ишлаб чиқарувчининг келажакдаги ривожига бағишланган режаси ошкор этилди. Компания бор эътиборини Ram ва Jeep моделларини чиқаришга қаратади. Сабаби бундай машиналарга талаб ортиб бормоқда ва америкаликларнинг аксарияти “седанлардан пикап ва йўлтанламасларга ўтишмоқда”.

Chrysler 200 эса компания умидларини тўла оқламади – сотувлар ҳажми менежмент кутганидек катта бўлмаган. Модель рақобатчилар маҳсулотига қараганда қимматроқ бўлиб, уларга фақат машҳурлик бўйича имкониятни бой берди. 

Стерлинг Хайтсдаги заводда Ram 1500 келаси авлод пикапларини йиғиш бир йилдан сўнг бошланади. Корхонани қайта жиҳозлашга 1,48 миллиард доллар сарфланади.

Top