Audi ўзи такомиллашувчи парковка автопилотини намойиш қилди
Audi компанияси NIPS (Neural Information Processing Systems) анжуманида янги авлоддаги парковка автопилотини яратиш бўйича Audi Q2 Deep Learning Concept платформасини намойиш қилди.
Гап жорий шароитларга боғлиқ равишда мустақил равишда қарорлар қабул қилишга қодир тизимни яратиш учун чуқур машинавий таълим технологиясини қўллаш ҳақида кетмоқда. Бундай автопилот ўзи мустақил равишда парковка учун жой қидира олади ва барча манёврларни инсон иштирокисиз бажара олади.
Audi Q2 Deep Learning Concept бу 1:8 нисбатдаги кичик электромобиль бўлиб, олд ва орқа камералар ҳамда бутун периметри бўйича 10 та ультратовуш сенсор билан жиҳозланган. Датчиклардан олинадиган маълумотлар марказий компьютерга тушади, у эса рул ва электромотор учун бошқарувчи буйруқларни вужудга келтиради.
Автомобиль такомиллашиши учун парковка жойини имитация қиладиган 3х3 ўлчамдаги металл рамкали махсус майдонча қўлланади. Машина ўрганиш давомида аввал парковка жойига нисбатан ўз ҳолатини аниқлаб олади. Сўнгра у ҳаракат траекториясини ҳисоблаб чиқади. Тизим йўл қўйилган хатолар ва амалга оширилган ҳаракатлар ҳақида статистик маълумотларни ҳисобга олиб доимий равишда ўз малакаларини ошириб боради.
Тадқиқотнинг кейинги босқичида ушбу технология ҳақиқий автомобилга татбиқ қилинади. Бу тизим бозорда қачон пайдо бўлиши ҳақида ҳеч нарса маълум қилинмаган.