Трампнинг сайланган президент сифатидаги биринчи ойи: Манхэттендаги Оқ уй ва Twitter можаролари
Миллиард Дональд Трамп бир ойдан бери АҚШнинг янги сайланган, бироқ ҳали ҳукумат тепасига келмаган президенти бўлиб турибди. Трамп ҳозирданоқ америкаликлар ҳаётини ўзгартиришни бошлади - сенат томонидан кейинчалик тасдиқланадиган вазирларни таклиф қилмоқда. Аввалги ҳеч бир президентга ўхшамайдиган тадбиркор давлат раҳбари лавозимида ҳам ўзгармаслигини кўрсатиб берди.
Хусусан, у Twitter’да барча танқидчилар билан баҳсларга киришиб, халқаро сиёсатда ҳам, савдо соҳасида ҳам ёки сўз эркинлиги борасида ҳам ўзининг аниқ фикри борлигини кўрсатиб берди.
Манхэттендаги Оқ уй
Вашингтондаги Оқ уйга кўчиш арафасида Трамп ҳамон ўзининг Нью-Йоркнинг Манхэттенидаги Trump Tower осмонўпар биносида ишламоқда. Бу ерга унинг маслаҳатчилари ва вазирлик лавозимига номзод бўлганлар тўхтовсиз равишда келишмоқда. АҚШ махфий хизмати эса одамлар билан доимо гавжум бўлувчи кўчанинг бир қисмини ёпиб қўйди.
Нью-Йорк ҳокими Билл де Блазио федерал ҳукуматга Трамп ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаш учун 35 миллион доллар тақдим этишни сўраб мурожаат қилди. Маблағлар шаҳар полициясининг қўшимча сарф-харажатларига йўналтирилади. Янги давлат раҳбарининг рафиқаси Меланья эса Нью-Йоркда камида келаси йилнинг ёзига қадар қолади – ўғиллари Бэррон ўз мактабидаги ўқув йилини тугатиб олиши учун.
Вазирлар масаласи
Трамп сайловолди кампанияси вақтида ўзини консерватор ва тадбиркор сифатида ёрқин намоён этди. Бу ҳолат вазирларни таклиф қилишда ҳам ўзини кўрсатди. Трамп вазирларининг умумий молиявий аҳволи 40 миллиард доллар атрофида баҳоланмоқда. Иқтисодиёт соҳасида аввал ҳукуматда ишламаган бадавлат хеж-жамғарма менежери Стив Мнучин (молия вазири) ва миллиардер Уилбур Росс (савдо вазири) фаолият олиб боради. Таълим вазири лавозимига эса миллиардерлар оиласи вакиласи Бетси Девос таклиф этилди. Транспорт вазири лавозимига тавсия этилган Элейн Чао эса кичик Жорж Буш маъмуриятида вазир бўлиб ишлаган.
Трамп ҳарбий соҳада фақатгина тажрибали генералларни таклиф қилди. Жеймс Мэттис – денгиз пиёда қўшинлари собиқ қўмондони мудофаа вазири лавозимига, аввал ҳарбий разведкага раҳбарлик қилган Майкл Флинн эса президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси лавозимига таклиф этилди.
Трамп давлат котиби лавозимига ҳали ҳеч кимни тайинламади – бунда Нью-Йоркнинг собиқ ҳокими Руди Жулиани, президентликка собиқ номзод Митт Ромни, МРБ собиқ директори, истеъфодаги генерал Дэвид Петрэус ва бошқаларнинг номзоди кўриб чиқилмоқда
Маслаҳатлар керак эмас
Трамп ташқи сиёсат бўйича бир қатор баёнотлар билан чиқди. Россия билан муносабатларда президент Владимир Путин билан яқинлашиш ҳақида гапирди. Шунингдек, Трамп ўнлаб бошқа жаҳон етакчилари билан ҳам телефон суҳбатларини ўтказди. Давлат департаментининг расмий амалдорлари эса Трамп улар билан маслаҳатлашмаганидан ҳайратга тушишди – одатда бундай вазиятларда сайланган президент ташқи сиёсий маҳкама томонидан тақдим этилган махсус эслатмалардан фойдаланади. Трампнинг Япония бош вазири Абэ билан Нью-Йоркдаги учрашувида атиги икки америкалик бўлди – Трампнинг ўзи ва унинг қизи Иванка. Покистон бош вазири Навоз Шарифга эса Трамп мамлакатининг барча муаммоларини ҳал этишда кўмак беришни ваъда қилган.
АҚШнинг сайланган президенти Куба инқилоби етакчиси Фидель Кастрони “диктатор” деб атади.
Бундан ташқари, Трамп Тайвань маъмурияти раҳбари Цай Инвэнь билан гаплашди – бу АҚШ томонидан 70-йилларда “Ягона Хитой” сиёсати эълон қилинганидан сўнг амалга оширилган илк шундай суҳбатдир. Ўз ўрнида Хитой ҳам тезкорлик билан Пекиндаги АҚШ элчисига тақдимнома жўнатди. Трамп эса бунга жавобан Twitter’да Хитойни танқид қилиб чиққан.
Twitter можаролари
Трамп Twitter унинг учун бутун дунё билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш қулай воситаси эканини кўрсатиб берди. Ҳар куни Twitter’да сайланган президентнинг ўнлаб ёзувлари пайдо бўлади.
Биринчи ой Трамп можаролардан қўрқмаслиги ва ўз фикрини ифодалашда майдалашиб ўтирмаслигини кўрсатиб берди. Сайланган президент New York Times газетасини танқид қилиб, уни ўз позициясини бошқалар билан ҳисоблашмасдан, биринчи ўринга чиқариб қўйишда айблади.
Фарзандлар масаласи
Трамп кўп масалаларда фарзанларига таяниши маълум бўлди – биринчи бўлиб катта Дональд, Иванка ва Эрикка, шунингдек Иванканинг турмуш ўртоғи Жаред Кушнерга. Болалар – унинг энг яқин маслакдошларидир. Қизи Иванканинг хорижий сиёсатчилар билан музокараларда қатнашиши масалага янада ойдинлик киритади. Шунингдек, унинг турмуш ўртоғи Жаред ҳам вазирлик лавозимларига номзодлар танлашда иштирок этаётганлиги хабар қилинган. Хуллас, сайланган президентнинг фарзандлари мамлакатни бошқаришда иштирок этаётгани аниқ.
Мавзуга оид
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
16:56 / 14.11.2024
АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:46 / 14.11.2024
“Абадий химикатлар” ёшларда буйрак шикастланишига олиб келиши мумкин — тадқиқот
15:42 / 14.11.2024