Жаҳон | 12:56 / 10.12.2016
53697
2 дақиқада ўқилади

АҚШ президенти: Шавкат Мирзиёевнинг Президент этиб сайлангани Ўзбекистон учун муҳим даврни бошлаб берди

Ўзбекистонда 2016 йил 4-декабрь куни бўлиб ўтган сайловда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани муносабати билан хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хорижий мамлакатларнинг таниқли жамоат арбобларидан самимий тилаклар билдирилган қутловлар келмоқда. 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтининг хабар беришича, АҚШ президенти Барак Обама ҳам Шавкат Мирзиёевни табриклаб телеграмма жўнатган.

Унда айтилишича, Шавкат Мирзиёевнинг Президент этиб сайлангани Ўзбекистон учун муҳим даврни бошлаб берди. 

Барак Обама Мирзиёевни минтақада ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда халқаро муносабатларда мувозанатни сақлашга қаратаётган алоҳида эътиборини қўллаб-қувватлашини айтиб ўтган. “Шунингдек, Президент вазифасини бажарувчи сифатида муҳим соҳаларда, шу жумладан, иқтисодиёт ва қонун устуворлиги соҳаларида Сиз бошлаган ишларни катта мамнуният билан қайд этаман”, - дейилади табрик телеграммасида. 

АҚШ президенти Ўзбекистон ҳукумати билан ўрнатилган ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор экани ҳамда ушбу алоқаларни янада чуқурлаштириш учун янги имкониятларни ишга солишини таъкидлаб ўтган.
 

Мавзуга оид