Шавкат Мирзиёев Абдулла Орипов ҳақида: Бу инсонни кўп маротаба ҳар томонлама синовдан ўтказганман
Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси тўғрисида ахборот Тошкентда 2016 йил 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев қасамёд қилди ва Ўзбекистон президенти сифатида лавозимига киришди.
Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзодни тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Конституциянинг 98-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия томонидан кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига тавсия этилади. Шунга мувофиқ Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгашининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида Бош вазир лавозимига номзод кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига мамлакатимиз Бош вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Ниғматович Орипов номзодини тавсия этди.
«Биз бу масала бўйича жуда кўп ўйлаб, тегишли маслаҳатлар қилдик. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбарияти ва фаоллари билан ҳам атрофлича маслаҳатлашдик. Ўтказилган муҳокамаларда билдирилган барча фикр-мулоҳазаларни эътиборга олган ҳолда, мен ушбу лавозимга ҳам амалий соҳада, ҳам марказий идораларда кўп йиллик бошқарув тажрибасига эга бўлган, 11 йил давомида Бош вазирнинг ўринбосари бўлиб ишлаган Абдулла Ниғматович Орипов номзодини тавсия этаман», – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари йиғилганларни Абдулла Ориповнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Номзоднинг касб малакаси, билим ва тажрибаси, инсоний фазилатлари ҳақида гапирди.
«Барчамиз яхши биламиз, ҳозирги пайтда бутун дунёда ахборот-коммуникация технологиялари даври, деди Шавкат Мирзиёев. Бу соҳа соат сайин шиддат билан ривожланмоқда. Ҳозирги кунимиз ва келажагимизни, бу соҳа ривожисиз тасаввур қилиш мумкин эмас.
Бугунги кунда мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизимига ўтиш борасида жуда катта ишлар бошланган ва уларни босқичма-босқич мантиқий давом эттириш муҳим вазифа сифатида кун тартибида доимий тарзда туради.
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси қанчалик ривож топгани сари, унинг афзаллиги ва қулайликларидан фойдаланиш билан бир қаторда, бутун мамлакатимизда ахборот хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб масалага айланиб бормоқда.
Шу билан бир қаторда, кейинги икки ой давомида Бош вазирнинг электрон порталига тушган 270 мингдан ортиқ мурожаат, шунингдек, янги ташкил этилаётган “Халқ қабулхоналари”га бўладиган мурожаатларнинг ечими бўйича ҳам аниқ ва тезкор иш тизимини яратиш талаб этилади. Бу ишларга ҳукумат раҳбарининг шахсан ўзи бош-қош бўлиши зарур», деди Президент.
«Абдулла Ориповнинг бевосита хизмат ваколатига кирмайдиган қўшимча вазифаларни ҳам топшириб, бу инсонни кўп маротаба ҳар томонлама синовдан ўтказганман.
Бу кишининг юртимизда бормаган вилоят, шаҳар ёки тумани, кирмаган даласи, қурилиш, маданий-маиший, савдо объектлари қолмаган. Шунинг учун мамлакатимиз ҳудудларидаги шарт-шароитни, муаммо ва масалаларни жуда яхши билади. Энг асосийси, борган ва кўрган жойидаги масалани ўзи мустақил ҳал қилади, агар ўзи ечолмаса, аниқ таклиф беради.
Давлатимиз раҳбари Абдулла Ориповнинг хушмуомалалиги, одамлар билан тил топиша олиш қобилияти, муаммо ва масалани эшитиш ва негизига етиб, унинг ечими бўйича адолатли қарор қабул қилиш салоҳиятини алоҳида таъкидлади.
Абдулла Орипов бугунги кунда олдимизда турган жуда катта масалаларни ҳал этишда, яъни мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашни янги босқичга кўтариш, қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш бўйича дастурий вазифаларни амалга оширишда Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини самарали асосда ташкил этиш, Бош вазир ўринбосарлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, барча даражадаги ҳокимликлар раҳбарлари билан бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳат бўлиб ишлаш салоҳиятига эга. У ўзига юклатилган ҳар қандай топшириққа, катта ёки кичик демасдан, бир хил масъулият билан ёндашади, сўзсиз бажариш ва мантиқий якунига етказиш чораларини кўради.
Яна бир олижаноб хислати – ҳалоллиги, одамларга доимо ҳурмат билан қараши, уларнинг дардига дармон бўлишга интилиши, Ватанимиз ва халқимизга садоқатидир.
Сиз, ҳурматли депутат ва сенаторлардан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тавсия этилаётган Абдулла Ниғматович Орипов номзодини қўллаб-қувватлашингизни сўрайман», деди давлат раҳбари.
А.Орипов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастури ҳақида нутқ сўзлади.
Мажлисда сўзга чиққанлар Президентнинг маърузасида баён этилган устувор йўналишларни қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тавсия этилган А.Орипов номзодини маъқуллади.
Олий Мажлис палаталари Абдулла Ориповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мавзуга оид
11:22 / 02.05.2024
Президент: Жаҳонда инвесторлар учун мислсиз кураш кетяпти
21:36 / 01.05.2024
ЕТТБ Ўзбекистонда «яшил» шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этади
09:04 / 30.04.2024
Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар миллий жамоасини табриклади
19:48 / 29.04.2024