Назарбоев Қозоғистоннинг 2050 йилгача бўлган истиқболи ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев республика мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали йиғилишида мамлакатнинг 2050 йилгача бўлган долзарб вазифалари хусусида фикр юритди.
"Келгуси йилларда мен жамоатчиликнинг саъй-ҳаракатларини биз белгилаб олган барча стратегик вазифа ва режаларини бажаришга қаратиш ниятидаман. 34 йилдан сўнг, кириб келадиган 2050 йил истиқболи — бу тарих нуқтаиназаридан кичик бир давр бўлиб, қисқа вақт ичида етиб келади. Бизнинг аниқ йўналишимиз ва аниқ ҳаракатлар дастуримиз бор", — деган президент.
Унинг сўзларига кўра, бош вазифа Қозоғистоннинг энг ривожланган 30 давлат сафига киришдир. "2050 йилгача биз дунёнинг энг ривожланган 30 мамлакатидан бири бўламиз. Қозоғистон ўрта синфдаги аҳоли қатлами кўп бўлган мамлакатга айланади. 2050 йилда кичик ва ўрта бизнес ЯИМ (ялпи ички маҳсулот)нинг камида 50 фоизини ишлаб чиқаради", — деб қайд этган Назарбоев.
Унинг сўзларига кўра, миллий иқтисодиёт ўсиши меҳнат самарадорлигини ошириш эвазига таъминланади. Бу борадаги кўрсаткич, кишига 120 минг долларгача ошиши керак.
Президентнинг фикрича, Қозоғистонда тараққиётнинг инновацион моделига ўтилади. Саноатлаштириш бўйича иккинчи беш йиллик дастури доирасида 300дан ортиқ умуман янги турдаги корхона барпо этилади. Илмий-тадқиқот ишларига ЯИМнинг 3 фоизи сарфланади. Шу билан мамлакат фанга асосланган иқтисодиётга яқинлашади.
"Айтганларимнинг ҳеч бири хомхаёл эмас. "Қозоғистон-2030" дастурини қабул қилганимизда ҳам буни хомхаёл дегандик. Аммо, биз уни муддатидан икки марта тезроқ амалга оширдик", — деган Қозоғистон етакчиси.
Мавзуга оид
07:30
Қозоғистонда ўзбекистонлик ҳайдовчига жароҳат етказган фуқарога жиноят иши қўзғатилди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
23:10 / 02.11.2024
Қозоғистонда «замонавий кўчманчилар» учун янги виза тури жорий этилди
17:12 / 02.11.2024