Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосарини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дунканни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этган қайғули кунларда Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдарлик билдиргани ва қўллаб-қувватлагани учун Британия ҳукуматига самимий миннатдорлик изҳор этди. Алан Дункан Самарқандга ташрифи чоғида Буюк Британия раҳбарияти номидан Биринчи Президентимиз қабрини зиёрат қилиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Ўзбекистонда юксак қадрланади.
Ўзбекистон Буюк Британияни жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган давлат, деб билади ва сиёсий, иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ушбу мамлакат билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, халқаро майдонда, жумладан, минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратади.
Алан Дункан, ўз навбатида, Шавкат Мирзиёевни Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан муборакбод этди. Буюк Британия давлатимиз раҳбари бошлаган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаши ва Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти билан Ўзбекистон – Британия ўртасидаги серқирра ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигининг барча йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Суҳбат чоғида бугунги кунда улкан имкониятлар мавжуд бўлган савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштириш янада муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Айни пайтда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида Буюк Британия капитали иштирокида тузилган 544 корхона фаолият юритмоқда.
Жорий йил 17 ноябрь куни Британиянинг 30 дан ортиқ компанияси вакиллари иштирокидаги Ўзбекистон – Буюк Британия савдо ва саноат кенгашининг 23-мажлиси самарали ўтди. Унинг якунлари мамлакатимизда барча жабҳаларда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, сўнгги йилларда бизнес муҳитни яхшилаш ва хусусий тадбиркорлик ролини кенгайтиришга қаратилган қарорлар самарасида ушбу мамлакат етакчи компанияларининг жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортаётганидан далолат беради.
Томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини, жумладан, Халқаро Вестминстер университети, Кембриж университети иштирокидаги Юқори технологиялар маркази ҳамда Британия кенгаши ваколатхонасининг мамлакатимиздаги фаолиятини юқори баҳоладилар. Ўзбекистонда, айниқса, ёшлар ўртасида инглиз тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани инобатга олиниб, ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Суҳбатда Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигига доир бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.
Мавзуга оид
11:22 / 02.05.2024
Президент: Жаҳонда инвесторлар учун мислсиз кураш кетяпти
21:36 / 01.05.2024
ЕТТБ Ўзбекистонда «яшил» шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этади
09:04 / 30.04.2024
Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар миллий жамоасини табриклади
19:48 / 29.04.2024