Россия спортида яна допинг можароси: IBU 31 нафар биатлончини шубҳа остига олди
Халқаро биатлончилар Кенгаши (IBU) президенти Андерс Бессеберг 2011 йилдан 2015 йилга қадар допинг қабул қилганликда гумон қилинган 31 нафар спортчининг рўйхати ташкилотга келиб тушганини маълум қилди.
Мазкур рўйхат Бутунжаҳон допингга қарши кураш мустақил комиссияси (WADA) раҳбари Ричард Макларен томонидан россиялик спортчиларнинг допинг билан боғлиқ муаммолари ҳақида берган иккинчи маърузасида эълон қилинган.
IBU Макларен маърузаси бўйича ишчи гуруҳ тузган ва чоралар кўрилиши бўйича мажлис чақирган.
«Шубҳа остига олинган бир қатор спортчилар аллақачон дисквалификация қилинган, баъзилари фаолиятини якунлаб улгурган. Аммо энг асосийси шубҳа остига олинганларнинг ичида ҳозирга қадар халқаро мусобақаларда иштирок этиб келаётганлари бор.
Ўйлашимча, биз бир ҳафта муддатда допинг қабул қилганлиги тасдиқланган спортчиларни вақтинчалик мусобақалардан четлатиш бўйича тавсияларимизни беришимиз керак бўлади», – деган Бессеберг.
Хабар қилинишича, вақтинчалик четлатиш жазоси қўлланилса, бу Жаҳон кубогининг Германиядаги Оберхоф шаҳрида бўлиб ўтадиган тўртинчи босқичидан амалда бўлади.
Шунингдек, IBUда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини Островда ва Жаҳон кубоги босқичини Тюменда ўтказилиши бўйича қарорлар қайта кўриб чиқилиши мумкин. ЖЧ-2021 мусобақаларини Тюмень шаҳри қабул қилиши масаласи IBUнинг 2017 йилдаги конгрессида кўриб чиқилиши мумкин.
Мавзуга оид
18:41 / 22.10.2024
Осиё ўйинлари чемпиони Шоҳмурод Холмуродов допинг туфайли жазоланди
19:08 / 07.08.2024
Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон чемпиони допинг туфайли дисквалификация қилинди
22:06 / 26.07.2024
Дзюдочи Болтабоевнинг рақиби допинг туфайли Олимпиададан четлатилди
07:35 / 04.03.2023