Ўзбекистон | 18:29 / 20.12.2016
69428
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қрим масаласи бўйича Россияга қарши БМТ резолюцияси қабул қилинишига "йўқ" деди

БМТ Бош Ассамблеяси Қримда инсон ҳуқуқлари масаласини мониторинг қилишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди.

Бу резолюция матнида, Россия босқинчи (оккупант) давлат деб аталган, Қрим ва Севастополь эса вақтинча босиб олинган (аннексия) ҳудудлар сифатида қайд этилган.

Ҳужжатда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасига Қримдаги вазият бўйича алоҳида ҳисобот тайёрлаш сўраб мурожаат қилинган.

Бундан ташқари, ҳужжат БМТ Бош котибига Қримга халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари миссияларини йўллашни таклиф қилади. Россиядан эса уларни ярим оролга киритиш талаб этилади.

«Халқаро экспертларнинг бўлиши Қримда вазиятнинг янада ёмонлашишининг олдини олишда биринчи даражали аҳамиятга эга», — дейилган резолюцияда.

Бу резолюция ташаббускори Украина томони бўлиб, ҳужжат қабул қилиниши учун 70та давлат вакиллари овоз берган, 26 давлат қарши чиққан, яна 77 давлат эса бетараф қолган.

Лойиҳа қабул қилиниши учун АҚШ, Канада ҳамда Европа давлатлари, жумладан, Туркия ва Япония ҳам овоз берган бўлса, Россия, Хитой, КХДР, Сербия, Ҳиндистон, ЖАР, Сурия, Арманистон, Куба, Беларусь, Эрон, Қозоғистон каби давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам бу резолюция қабул қилинишига қарши чиққан.

77 давлат бетараф қолган, жумладан, Қирғизистон ҳамда Тожикистон.

Ноябрь ойида Украина БМТ Бош Ассамблеяси 3-қўмитасида Қримдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни қораловчи ҳамда Россияни яриморолга халқаро кузатувчиларни киритишга чақирувчи резолюция қабул қилинишига эришганди. Ўшанда ҳам Ўзбекистон Россия томонида турган.

4 саҳифали ҳужжатда, "Қрим аҳолисига нисбатан инсон ҳуқуқлари бузилаётгани, уларнинг камситилаётгани", хусусан "қрим-татарлар, украинлар ҳамда бошқа этник ва диний гуруҳлар аъзолари таъқибларга учраётгани" айтилади. Унда, шунингдек, Россия ҳукуматини "Қрим аҳолисига нисбатан барча таҳқирловчи ҳолатлар ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига барҳам бериш бўйича зудлик билан чоралар кўриш"га чақирувчи ҳамда "яриморолдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кузатиш бўйича халқаро миссияларга рухсат бериш"га ундовчи бандлар мавжуд. 

Бундан олдинроқ, Россиянинг БМТдаги махсус вакили бу ҳужжатни «нохолис ва тўқиб-бичилган» деб атаганди.

Россия Қримни 2014 йилнинг мартида, халқ референдумидан кейин аннексия қилганди. Украина ва халқаро ҳамжамият референдум натижаларини тан олмайди. АҚШ ва Евроиттифоқ Қримнинг Россия таркибига қўшиб олиниши ортидан Россиянинг бир қатор компаниялари ва амалдорларига нисбатан санкциялар қўллаган.

Мавзуга оид