Жамият | 15:13 / 21.12.2016
8781
5 дақиқада ўқилади

Полициячилар ўқидан кўр бўлиб қолганлар фототарихи

Ҳиндистонлик аскарларга 2010 йилда норозилик намойиши иштирокчиларига сочма ўқлардан фойдаланган ҳолда ўт очиш рухсат берилди. Уларни белдан пастки қисмни аниқ мўлжалга олишга ўргатишади, бироқ ғазабланган оломон қаршисида тегишли йўриқларни унутиб қўйиш табиий ҳол. Норозилик намойиши иштирокчиларининг юзига қараб отилган сочма ўқлар юзлаб кишиларни кўриш қобилиятидан мосуво қилди. Associated Press мухбири Бернат Арманге Кашмирдаги норозилик акцияларини бостиришда жабрланган Ҳиндистон фуқаролари тарихини бир жойга жамлади.

Инша Муштак Малик

Фото: Bernat Armangue / AP

Ҳиндистондан озод бўлиш учун курашаётган Кашмир сепаратчиларининг етакчиси Бурҳон Вани 2016 йилнинг июлида ҳалок бўлди. Минтақада кўплаб норозилик намойишлари авж олди. Улардан бири Инша Муштак Малик истиқомат қилувчи уйлардан бирига яқин ерда ўтказилган. Аскарлар кишиларни тарқатишга ҳаракат қилишганда, улар уйнинг деразалари ёнида бўлишган. Ҳеч қандай айби бўлмаган қизнинг юзига юзлаб сочма ўқ тегди. У беш ойдан сўнг ҳар икки кўзидан айрилган.

Мосир Фаёз Мир

Фото: Bernat Armangue / AP

Ҳиндистон ҳукумати маълумотларига кўра, сўнгги беш ой давомида Кашмирнинг олти мингдан ортиқ фуқароси сочма ўқдан жароҳатланган. Юзлаб инсонлар кўриш қобилиятидан айрилди. Ўн олти ёшли Мосир Фаёз Мир Бурҳон Ванининг ўлимидан кейин юз берган норозилик намойишида жароҳатланган. У қисман кўр бўлиб қолди ҳамда қора кўзойнакларни тақиб юришга мажбур. Бу жароҳатланган кўзларни ёрқин нур ҳамда чангдан асраш мақсадида қилинади.

Жавод Ах-Дар

Фото: Bernat Armangue / AP

Жавод Ах-Дар кашмирдаги қишлоқлардан бирида ташкил этилган норозилик акциясида иштирок этди. Ҳиндистонлик аскарнинг отган ўқи унинг ҳар икки кўзини жароҳатлаган. Amnesty International ва бошқа ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар сочма ўқлардан норозилик намойиши иштирокчиларини тарқатиб юбориш мақсадида фойдаланишни тўхтатишга чақирмоқда.

Зуҳайб Мақбул

Фото: Bernat Armangue / AP

Ўттиз ёшли фотожурналист Зуҳайб Мақбул сепаратчилар акциясини суратга олиш жараёнида чап кўзидан жароҳат олди. У ўзига қарата ўқ узган аскарни пайқаб қолди ҳамда унга фотоаппаратни кўрсатган. Бироқ аскар барибир унга қарата ўт очган. «Мен ундан буни нимага қилганини сўрамоқчи эдим», - дейди Мақбул.

Дониш Ражаб Жот

Фото: Bernat Armangue / AP

Кашмирдаги Сринагар шаҳрида яшовчи 24 ёшли фуқаро – норозилик намойишчиларини тарқатишда қўлланган шундай “услуб” қурбонига айланган яна бир шахсдир. «Менинг чап кўзим бутунлай жароҳатланган, ўнг кўзим билан эса қандайдир шарпаларни фарқлайман, холос», - дейди Дониш Ражаб Жот.

Фирдавс Аҳмос Дор

Фото: Bernat Armangue / AP

25 ёшли Фирдавс Аҳмос Дорнинг оиласи унинг ишлаб топган пули эвазига яшарди. Ҳиндистон ҳукуматининг намойишчиларни тарқатиш мақсадидаги ҳаракатлари сабаб эркак сочма ўқдан жароҳат олди ва бутунлай кўр бўлиб қолди. «Мен кексайиб қолган ота-онам, ака-ука ва опа-сингилларим ҳақида қайғуришим керак эди. Бироқ энди улар менинг аҳволимдан ғайғуда», - дейди у.

Амир Ашраф Хажом

Фото: Bernat Armangue / AP

25 ёшли Амир Ашраф Хажом олти йил аввал ўнг кўзидан айрилган. Уни ҳиндистонлик аскар сочма ўқ ёрдамида яралаган.

Суҳайл Аҳмад Мир

Фото: Bernat Armangue / AP

Ўн етти ёшли Суҳайл Аҳмад Мир кашмир сепаратчиларининг етакчиси ҳалок бўлганидан сўнг ташкил этилган норозилик намойишларида жароҳат олди. Сочма ўқ унинг чап кўзини бутунлай йўқ қилиб юборган ҳамда юзига кўплаб жароҳатларни етказди. «Менинг ҳаётимни издан чиқаришди. Мен энди нима қиламан?», - дейди йигит.

Файзал Аҳмад

Фото: Bernat Armangue / AP

Ҳинд аскарининг ўқи Файзал Аҳмадни чап кўзидан айирган.

Танвир

Фото: Bernat Armangue / AP

Танвир ҳам сочма ўқ туфайли ўнг кўзидан айрилган. «Аввал мен ўз оиламни боқардим, энди эса ўзимни худди мурдадек ҳис қилмоқдаман», - дейди у.

Амир Кабир Бей

Фото: Bernat Armangue / AP

Амир Кабир Бей олти йил аввал сочма ўқ туфайли кўриш қобилиятини йўқотган.