Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди
Жорий йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида республика Давра суҳбати ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 майдаги 132-сонли Қарорига биноан ташкил этилган мазкур Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Бош прокуратура, Марказий банк, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар, иш берувчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари раҳбарлари иштирок этдилар.
Тадбир иштирокчилари томонидан ижтимоий-меҳнат муносабатларининг муҳим компонентлари бўлган бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ва галдаги вазифалар муҳокама этилди.
Таъкидлаш зарурки, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан худди шу турдаги Давра суҳбатлари республикамиздаги барча туман ва шаҳарларда, сўнгра ҳудудлар миқёсида ташкил этилган эди. Ушбу тадбирларда меҳнаткашлар томонидан ўртага ташланган ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид саволлардан аксариятининг жойида ҳал этилига эришилди. Шу билан бирга, республика миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар Республика Давра суҳбатига таклиф этилган тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари эътиборига ҳавола этилди. Хусусан, бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, корхона, ташкилот ва муассасаларда ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси тадбирларини молиялаштириш, қишлоқ жойларида пластик карточкалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида ҳудудлардан келган мурожаатларнинг ечимини топиш бўйича қизғин фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Фаол баҳс-мунозараларга бой ўтган тадбир давомида ҳудудлардаги касаба уюшма фаоллари томонидан аҳолининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига оид масалалар бўйича тўпланган саволларга вазирлик ва идоралар, Марказий банк мутасаддиларининг жавоблари олиниб, уларни тўлақонли ҳал этиш мақсадида ижтимоий шерикликни кучайтириш масаласига урғу берилди.
Тадбир давомида жорий йилда республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қатор ижобий ўзгаришлар рўй берганлиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги тахрири қабул қилингани, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-сонли Конвенцияси ратификация қилингани алоҳида эътироф этилди. Давлат хизматчиларининг меҳнатини тартибга солиш хусусиятларини қонун билан белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан давлат муассасалари ходимларининг масъулиятини оширишни, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашни кўзда тутувчи «Давлат хизмати тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш вазифаси қўйилгани муҳим воқеа бўлгани алоҳида таъкидланди.
Давра суҳбати иштирокчилари томонидан мамлакатимизда аҳолининг реал даромадларини ошириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий масалаларни ечиш борасида олиб борилаётган тизимли ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёёев таъкидлаганидек, самарали меҳнат учун зарур шароитлар, муносиб иш ҳақи, замонавий уй-жойлар, сифатли таълим ва тиббий ёрдам, дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш – буларнинг барчаси иқтисодий соҳадаги ислоҳотларимиз моҳияти ва мазмунини белгилаб берадиган муҳим омиллар эканлиги эътироф этилди.
Мазкур талаблардан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари томонидан ҳам ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасидаги ишларнинг кучайтирилгани айни муддао бўлди. Бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, унинг таркибида хусусий мулк улушини кўпайтириш баробарида ижтимоий-меҳнат соҳасидаги масалаларни самарали ҳал этиш учун яратилган мустаҳкам ҳуқуқий негиз ва таъсирчан амалиёт натижасида хусусий секторнинг тобора ривож топаётганини таъкидлаш зарур. Мазкур жараён меҳнат соҳасида фаолият юритувчи мамлакат касаба уюшмалари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Хусусан, бугун касаба уюшмалари янги ташкил этилаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини касаба уюшмаларига жалб этиш, жамоа шартномаларини тузиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки, давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги самарали ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликнинг ижтимоий-меҳнат муносабатларини янада ривожлантириш, турли соҳа ходимлари ижтимоий ҳимоясини самарали таъминлаш имкониятларини кенгайтираётгани халқаро экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Тадбирда бугунги кунда Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда жамоа шартномалари ва келишувлари ижросини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини давр талаби асосида зарур тадбирлар билан бойитиш, бу орқали ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам муҳокама этилди. Хусусан, Жамоа келишувларида ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш, қонун ҳужжатларида кўрсатилганидан юқорироқ тўловларни ўрнатиш тартибини белгилаш, ходимлар учун узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатиш ва тармоқ хусусиятларидан келиб чиқадиган бошқа масалаларга оид аниқ ва батафсил меъёрлар келтирилгани таъкидланди. Ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан болаларни соғломлаштиришни ташкил этиш масалалари акс эттирилгани қайд этилди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, бугун иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўртасида тузилаётган жамоа шартномалари орқали ходимларнинг касби, малакаси ва меҳнат шартномасига биноан тўла бандлигини таъминлаш, коллеж битирувчилари учун имтиёзлар тизимини жорий этиш, янги иш ўринларини барпо этиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш чоғида қонун меъёрларига риоя этиш масалалари ҳал этилмоқда. Шунингдек, меҳнат ҳавфсизлиги даражасини юксалтириш, иш жойларининг санитар-гигиена ҳолатини яхшилаш, маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатлаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўқитиш, тегишли тартибда имтиёз ва компенсациялар ўрнатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Натижада, бугунги кунга келиб республикамизда 14 та ҳудудий, 95 та тармоқ келишувлари, 112 мингдан зиёд жамоа шартномалари меҳнат муносабатларини самарали тартибга солиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ходимлар учун кўплаб имтиёз ва кафолатлар яратилишига хизмат қилмоқда.
Касаба уюшмалари тизимида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг ягона ва марказлашган тартибини жорий этиш, мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида махсус марказлашган онлайн тизим яратилди. Меҳнаткашлардан келган жами 6 минг 112 та мурожаатнинг ҳар бири ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, улардан 4783 таси қаноатлантирилди, 102 та мурожаат муаллифлар хабардор қилинган ҳолда тааллуқлилигига кўра ваколатли органларга юборилди. Касаба уюшмалари органларига келиб тушган мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши ва фуқаролар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши натижасида 1373 нафар шахснинг қонуний ҳуқуқлари тикланишига ва улар фойдасига 1011,6 млн. сўм миқдордаги зарар ундириб берилишига эришилди. Шунингдек, иш берувчилар томонидан меҳнатга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида 20 та вазирлик ва идораларнинг малака ошириш муассасалари ўқув дастурларига меҳнат муносабатлари бўйича мавзулар киритилиб, касаба уюшмалари мутахассислари ушбу мавзуларда маърузалар билан иштирок этиши таъминланиб келинмоқда.
Миллий ва халқаро меҳнат стандартлари бўйича аҳоли хабардорлигини янада оширишга қаратилган ахборот-тушунтириш кампанияси доирасида меҳнаткашларнинг асоссолувчи ҳуқуқларига оид 386 та баннер ва 44,5 мингта постерлар аҳоли гавжум жойларга жойлаштирилди, иш берувчиларга 100 мингта флаерлар тақдим этилди.
Ижтимоий шериклик асосида ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш самарадорлигини янада ошириш, меҳнаткашлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йил давомида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамоа шартномалари орқали олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар шартнома пулларининг бир қисми қопланди. Корхоналарда ёш ходимлар бошқа касбга ўргатилди ва малакаси оширилди, ходимларга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар берилишига эришилди. Шу билан бирга кексаларга ҳар томонлама кўмак берилиб, пенсия ёшига етган ходимларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш борасида жойларда намунавий ўқув дастури асосида 26 минг 160 нафар меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар ўқитилди. Хўжалик субъектларида меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига эътиборни ошириш мақсадида «Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови» ўтказилди.
Янги иш ўринларини ташкил этиш дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан касаба уюшмалари ташаббуси билан ҳар бир туман (шаҳар)да хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш ва якка тартибдаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали коллеж битирувчилари учун 4 минг 882 та янги иш ўрни яратилди. Республика бўйича ўтказилган меҳнат ярмаркаларининг 870 тасида касаба уюшмалари фаол иштирок этиб, қарийб 41 минг нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди.
«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари орқали корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 4 минг 514 та ёш оилага узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш ҳамда уй-жой қуриш учун фоизсиз cсудалар ажратилди. Ёш оилалардан 73 минг 314 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди. Ушбу мақсадларга касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида 37 млрд. 666 млн. сўм йўналтирилди. Шунингдек, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг 57 минг 581 нафар фарзандлари ўқув анжомлари билан таъминланди. 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган 20 минг 976 нафар аёлга моддий ёрдам кўрсатилди.
Давлат дастури доирасида нодавлат секторидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси ҳам кучайтирилди. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган 9 минг 875 нафар болали аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтаси 1 соатга қисқартирилди. Чекка қишлоқлардаги ижтимоий кўмакталаб ишлаётган 959 нафар аёлнинг Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива каби тарихий шаҳарларга саёҳатлари ташкил этилди. 625 нафар оналар ва ёш оилалар вакиллари касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийларда бепул соғломлаштирилди.
Ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида амалга оширилаётган мазкур тизимли ишлар, бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари Давра суҳбати иштирокчилари томонидан қизғин муҳокама этилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Давра суҳбати якунида меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, қишлоқ хўжалиги ходимларига бериладиган кафолатлар, пластик карточкалар воситасида тўловларни амалга ошириш масалаларига оид ўртага ташланган саволларга аниқ ва батафсил жавоблар берилиб, келгусида ушбу йўналишлардаги ишларни кучайтириш борасида келишиб олинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати
Мавзуга оид
16:57 / 25.10.2024
Талабалар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича давра суҳбатлари ўтказилмоқда
14:10 / 02.10.2024
Меҳнат органларига мурожаат қилганлардан ортиқча ҳужжатлар талаб этилиши олди олинади
08:10 / 17.09.2024
Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди
08:44 / 28.05.2024