Ўзбекистонда онлайн савдо ва унинг аҳамияти
2016 йилнинг январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 31,5 миллион нафар кишидан ошган ва шу йилнинг сентябрь ойида ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари 13 миллиондан ортиқлиги қайд этилган.
UZ доменидаги сайтлар кўрсатаётган маълумотлар Ўзбекистонда интернетдан фаол фойдаланадиганларнинг ўртача ёш кўрсаткичи — 25-34 эканлигини маълум қилинади. Ундан кейинги ўринларда — 35-50 ёшлилар ўрин эгаллаган.
Бу эса тадбиркорлик тилида — айни харидни амалга оширадиганлар ёши ҳисобланади. Демак, Ўзбекистон бозорида онлайн савдо учун яхши муҳит пайдо бўлиб улгурган.
Қуйида онлайн савдонинг аҳамияти ва уни юритишда Ўзбекистондаги имкониятлар ҳақида сўз олиб борамиз.
Нима учун онлайн савдодан фойдаланиш керак?
Онлайн савдо деганда, интернет тармоғи орқали маҳсулотларни сотиш ёки хизмат кўрсатиш тушунилади. Бугунги кунгача, онлайн савдонинг энг оммабоп кўриниши интернет-дўконлар ҳисобланарди. Ҳозирда эса мессенжерлардаги ботлар ҳам бу йўналишдан муҳим ўрин эгалламоқда.
Дейлик, тадбиркорнинг оффлайн — одатий, кўча ёки бозорлардаги дўкони мавжуд. Агар у, ишини интернетда ҳам бошласа, нималар бўлади:
• Катта бино ёки савдо мажмуасини қуриш, ижарага олиш керак бўлмайди;
• Яхши лойиҳа ва мавжуд маҳсулот билан қисқа фурсатда қўшимча даромад манбаига эга бўлади;
• Айни пайтда, онлайн савдода рақобат жуда суст. Яхши сервис билан ТОП компанияга айланиб олиш мумкин;
• Ҳудудий чегаралар йўқ: Нафақат туман, балки вилоят, қўшни вилоятлар ҳамда бутун Республика бўйлаб мижозларни топиш мумкин;
• Кунига 24 соат, ҳафтасига 7 кун ишлай олиш;
• Онлайн савдо орқали харидорлар вақтининг тежалиши ва катта ассортиментни кўра олиш муҳим рол ўйнайди;
• Бунда кўп ходимлар ишга ёлланмайди;
• Интернетдаги маҳсулотлар сонига ҳеч қандай чегара йўқ;
• Махсус онлайн хизматлар ёрдамида маълум ҳудуд учун савдони йўналтириш мумкин.
Юқорида санаб ўтилганлар — онлайн савдонинг асосий хислатлари. Шунингдек, агар офлайнда дўкон бўлмаса, уни онлайнда очиш таваккал қилиш даражасини анча камайтиради. Чунки интернетда дўкон очиш ва юритишда кам маблағ сарфланади.
Онлайн савдони ташкил қилиш нархи
Масалан, сиз нашриёт ташкил қилиб, журнал ёки газета сотмоқчисиз. Бунинг учун “Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги”да рўйхатдан ўтишингиз керак бўлади ва бунда энг кам иш ҳақининг 25 баробаридаги (3.744.375,0 сўм) тўловни амалга оширасиз.
Шу нашриётни онлайнда ташкил қилсангиз, энг кам иш ҳақининг 25 фоизи (37.443,75 сўм) миқдорида тўлов қиласиз. Бундан ташқари босма ишлари учун қурилмаларга сарфланадиган харажатларни ҳам тежаб қоласиз.
Худди шу каби, онлайн лойиҳалар қилиш учун Ўзбекистонда катта имконият ва чегирмалар мавжуд.
Савдо қилиш учун интернет платформалари ва нархи
Аввал таъкидланганидек, энг оммабоп ва одатий онлайн савдо усули — бу сайт очиш. Бундай сайтлар ўртача 2-3 миллион сўмга тайёрлаб берилади. Ҳатто 500 минг сўмга ҳам онлайн дўкон қилиб берадиган дастурчиларни топиш мумкин. Сайтдан ташқари, ҳозирда, ривожланиб улгурган ижтимоий тармоқлар орқали ҳам савдони амалга ошириш мумкин.
Бугунги кунда, ижтимоий тармоқларда саҳифалар очиб, онлайн савдо билан шуғулланаётган ва яхши даромад қилаётганларни учратиш мумкин. Аммо йирик компанияларнинг интернет орқали савдони амалга оширишида ижтимоий тармоқлар қўшимча бўлиб хизмат қилади.
Сўнгги пайтларда оммалашаётган онлайн савдо платформаси эса мессенжерлар. Уларда ботлар қилинмоқда.
Бот — интернетдаги робот. У сизнинг ўрнингизда савдони амалга ошириши, маҳсулотларни таклиф қилиши мумкин. Бироқ дам олмай, овқатланмай, маош сўрамай ишлайди. Шунчаки уни текшириб туриш лозим.
Масалан, Телеграм мессенжерида ботлар ёрдамида савдо қилиш анча оммалашмоқда. Шу билан бирга, дунёдаги энг оммабоп Фаcебоок ижтимоий тармоғининг мессенжерида ҳам ботлар ишга туширилган.
Сўнгги пайтларда самарали онлайн савдони амалга ошираётганлар:
arba.uz
home24.uz
texnomart.uz
asaxiy.uz
hm.uz
kansler.uz
@gotaxibot (Telegram)
@bringobot (Telegram)
Бу рўйхатни ҳали давом эттириш мумкин. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам энг юқори босқичда, яъни жуда зўр фаолият олиб бораяпти, деб бўлмайди. Бироқ уларнинг даромади ҳозирча яхши. Вақт ўтиб, интернетдан фойдаланиш юқорилагани сари уларнинг ҳам даромади ўсишини осон тахмин қилиш мумкин.
Жўжани кузда санаймиз.
Келажакда иши яхши бўлишини хоҳлаганлар бугунданоқ ҳаракатни бошлашган. Бу эса мақтовга лойиқ.
Онлайн тўлов учун яратилган имкониятлар
UzCard — онлайн пластик карталари орқали тўловларни амалга ошириш имкониятлари яратилган. Бу соҳада етакчи компания Click ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу компания хизматларидан 2,2 миллиондан ортиқ Ўзбекистонликлар фойдаланмоқда ва бу катта рақам.
Бундан ташқари, PayMe, PayCom, UPay, MBank, WoyWoo каби онлайн тўлов тизимлари самаларали фаолият олиб бормоқда.
Улар билан турли бизнес вакиллари ҳамкорликни йўлга қўйишмоқда, фойдаланувчилари учун қулайлик яратишмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, MBank компаниясининг Телеграм мессенжерида боти ҳам мавжуд. Компания берган маълумотга кўра, яқин орада ушбу бот орқали мессенжернинг ўзида тўловларни амалга ошириш мумкин бўлади. Буни эса Ўзбекистон онлайн савдосида яна бир қадам юқорига кўтарилиш, деб тушуниш мумкин.
Онлайн савдодаги муаммолар
Катта муаммонинг ўзи онлайн савдонинг кенг ҳажмда эмаслиги. Таклифлар қанча кўп бўлса ва тарғибот тўғри қилинса, унга талаб ҳам ортиши аниқ. Чунки, онлайндаги Ўзбекистонликлар сони жуда кўп. Бу эса эркин савдони амалга ошириш имконини беради.
Бундан ташқари, кўпчиликда онлайн тушунчалар ҳақида билимнинг камлиги ҳам катта камчилик. Тадбиркорларни онлайн — айнан дастурий таъминот билимлари билан таништириш зарур.
Бугунги кунда StartupMix лойиҳаси ташкил қилинмоқда. Унда онлайн бизнесни йўлга қўяётганлар ўз лойиҳалари ҳақида сўзлашади. Бироқ бу лойиҳа кичик ва фақат Тошкентда ўтказилади. Уни кенгроқ, тезроқ ва бутун Республика бўйлаб ташкил қилиш керак.
Яна бир қизиқ платформалардан бири — Startup Factory бўлиб, унда онлайн лойиҳаларни ташкил қилишда маслаҳатлар берилади. Аммо у ҳам йирик ҳажмда эмас. Агар онлайн савдо лойиҳалари сони ошса, ундаги муаммолар ҳам ҳал қилинаверади.
“Самарқанд Иқтисодиёт ва Сервис” институти
2-курс магистранти Дилшод Умирзоқов
Мавзуга оид
13:27 / 07.01.2022
«Бирор фикрни қабул қилиш учун, қалб очилиши керак» — ғояларни етказиш ҳақида
18:55 / 31.12.2021
“2016 йил бизнесдан четлатилдим, ишсиз қолдим, шофёр бўлишга ҳам тайёр эдим...”
10:30 / 31.12.2021
«Савдони ошириш учун маҳсулот турини кенгайтириш эмас, балки уни оптималлаштириш зарур» - эксперт
20:50 / 24.12.2021