Жаҳон | 22:55 / 28.12.2016
41222
28 дақиқада ўқилади

Kun.uz таснифи бўйича 2016 йилнинг энг муҳим ҳодисалари

Яқингинада кутиб олганимиз 2016 йил ҳам гўёки кўз очиб юмгунча ўтиб кетмоқда, тарих зарварақларига қўшилмоқда. Бироқ тарихан қисқа даврда, бир йил учун жуда кўпдек туюлган оламшумул воқеа-ҳодисалар рўй берди. Kun.uz таҳририяти ўз нуқтаи назари бўйича энг муҳим бўлган воқеа-ҳодисаларни ёдга олишга қарор қилди.

                                   Январь

Фото: © РИА Новости

1 январь куни Украина ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Эркин савдо келишуви кучга кирди. Одатда ЕИ бундан келишувларни мамлакатда сиёсий, иқтисодий, савдо ва суд ислоҳотларини амалга ошириш мажбурияти эвазига имзолайди. Келишувни имзолаган ҳамкор давлат, хусусан, ЕИнинг айрим ёки барча бозорига божсиз кириш, молиявий ёки техник ёрдам олиш, ЕИ билан эркин савдо ҳудудларини ташкил этиш борасида имтиёзларга эга бўлади.

2 январда Саудия Арабистони подшоҳлигида, ушбу мамлакатдаги шиалар раҳнамоларидан бири Нимр ан-Нимр ва яна олий жазога маҳкум қилинган 46 киши қатл қилинди. Бунга жавобан, расмий Теҳрон қатлни қоралади, Баҳрайн ва Саудиянинг шиалар истиқомат қиладиган ҳудудларида, Ливан ва Эронда оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Теҳрондаги намойишчилар Саудия Арабистони элчихонасига ёнувчи аралашма тўлдирилган шишаларни ирғитиб, элчихона биносини эгаллаб олишди. 3 январга ўтар кечаси Эрон полицияси намойишчиларни элчихона биносидан қувиб чиқаришди. 4 январда Саудия подшоҳлиги Эрон билан дипломатик алоқаларни узганини эълон қилди. Ар-Риёд ортидан Баҳрайн ва Судан ҳам шундай йўл тутди. БАА ўз элчисини чақириб олди ва элчилик даражаси муваққат вакиллик даражасигача пасайтирилганини билдирди. 5 январда Кувайт ҳукумати ҳам Эрондан элчисини чақириб олди, ташқи ишлар вазири ўринбосари Холид Сулаймон ал Жаралла Эрон элчисига норозилик нотасини тақдим этди. 6 январда Жибути, 7 январда Сомали Эрон билан дипломатик алоқани узди.

6 январда КХДР водород бомбасининг ерости синовини муваффақиятли ўтказди. АҚШ, Хитой, Япония ва Жанубий Корея сейсмология хизматлари 4-5 баллик ер силкинишини қайд этди.

16 январда IAEA (Атом энергияси бўйича халқаро агентлик) Эрон ҳукуматининг ўз ядро салоҳиятини қисқартиришга тайёрлигига оид ҳисоботни тақдим этди. БМТ Хавфсизлик кенгаши, АҚШ ва ЕИ Эронга нисбатан жорий қилган иқтисодий жазо чораларини бекор қилди.

                                                     Февраль

Фото: dw.com

7 февраль куни Корея халқ демократик республикаси бортида Ернинг сунъий йўлдоши бўлган «Кванменсон-4» ракетасини учирди. Бунга жавобан, БМТ Хавфсизлик кенгаши ушбу мамлакатга нисбатан навбатдаги жазо чораларини қабул қилди.

11 февраль куни америкалик олимлар гравитация тўлқинлари мавжудлигини аниқлашди. Шундай қилиб, 100 йил муқаддам машҳур физик олим Альберт Эйнштейн томонидан мазкур тўлқинлар мавжудлиги ҳақидаги назария тасдиқланди.

                                                     Март

Фото: © РИА Новости

20 март куни Қозоғистон Республикасида Парламент қуйи палатаси Мажилис учун навбатдан ташқари сайловлар бўлиб ўтди. Бу мустақил республика тарихидаги 7-парламент сайлови (5-навбатдан ташқари) бўлди. Сайловда 6 та сиёсий партия қатнашди, уларнинг 3 таси 7 фоизлик тўсиқдан ошиб, Қозоғистон парламенти қуйи палатаси таркибига кирди.

22 март куни Бельгия пойтахти Брюссель шаҳрида терактлар содир этилди. Шаҳар аэропортининг парвозлар залида иккита портлаш бўлди. Яна бири Брюссель метросининг Малбек бекатида амалга оширилди. Ушбу хунрезлик оқибатида 38 киши (шундан 3 нафари худкуш террорчи) ҳалок бўлди, 340 дан ортиқ инсон яраланди. Терактлар учун жавобгарликни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олди.

27 март Сурия армияси Пальмира шаҳрини ИШИД жангариларидан озод қилгани хабар қилинди. Жангарилар бу ерда қадимги тарихий ва маданий ёдгорликларни вайрон қилиб, маҳаллий аҳолини қатл этишган эди. Бироқ декабрь ойида жангарилар шаҳарга қайтадан ҳужум қилди. Ҳозирда Сурия армияси мудофаа жангларини олиб бораётгани хабар қилинмоқда.

                                                    Апрель

Скриншот: Youtube

14 апрель куни кечқурундан Япониянинг Кюсю оролида Рихтер шкаласи бўйича 7,3 баллик бир неча ерости силкиниши рўй берди. Уйлар ва кўприклар вайрон бўлди, автомобиль ва темир йўллар бузилди. Жами 500 га яқин ерости силкиниши қайд этилди. Кумамото префектурасида 400 га яқин уй бузилди 1262 бино қисман вайрон бўлди. 40 дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмди. Мингдан ортиқ одам жабрланди. Ҳудуддаги қатор ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиль заводлари фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.

16 апрелда Эквадорда 7,8 балллик ер силкиниши содир бўлди. Бунинг оқибатида 663 киши ҳаётдан кўз юмди, 12,5 минг киши турли даражада тан жароҳати олди. Манаби, Эсмеральдас, Санто-Доминго-де-лос-Тсачилас, Гуаяс, Санта-Элена ва Лос-Риос музофотларидаги инфратузилмалар вайрон бўлди.

                                                      Май

Фото: © AP

12 майда Бразилия парламенти мамлакат президенти Дилма Русефга нисбатан импичмент эълон қилиш жараёнини бошлади ва уни 6 ой муддатга вазифасидан озод қилди. Давлат раҳбари вазифасини Мишел Мигель Элиас Темер Лулиа вақтинча бажарадиган бўлди.

19 май куни Egyptair авиакомпаниясининг Париждан Қоҳирага MS804 рейсини амалга ошираётган Airbus A320 самолёти радар экранларидан йўқолди. Самолёт Греция ҳудудига киргач, 20 дақиқадан сўнг ғойиб бўлган. Унинг бортида 66 киши бўлган. "Маядин" телеканалига кўра, самолёт денгизга қулаб тушган.

22 май Тожикистонда Конституциявий ислоҳотларга бағишланган референдум бўлиб ўтди. Унда жами бўлиб 41 та конституциявий тузатиш халқ муҳокамасига киритилди. Унда президент Эмомали Раҳмоннинг муддатсиз ваколатларига рухсат бериш, мамлакат президентлиги учун номзодларнинг энг кам ёшини 35 дан 30 ёшга пасайтириш, диний қарашларга асосланган сиёсий партияларни тақиқлаш каби асосий масалаларга доир халқ фикри аниқланган.

26-27 майда Япония G7 (катта еттилик) мамлакатлари давлат раҳбарларининг 42-саммитига мезбонлик қилди. Анжуман Миэ префектураси Сима шаҳрида бўлиб ўтди. Канада,  Франция, Германия, Италия, Япония, Буюк Британия ва АҚШ катта еттилик давлатлари ҳисобланади.

                                                       Июнь

Фото: Reuters

5 июнь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида қуролланган гуруҳ иккита қурол сотиладиган дўконга ҳамда шаҳардаги ҳарбий қисмга ҳужум қилди. 7 киши ҳалок бўлди, 10 киши яраланди. «Салафийлик» диний оқими издошлари қўпорувчиликда айбланди. Кейинчалик ушбу жиноятга алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинган 29 кишига нисбатан ҳукм ўқилди. Уларнинг 7 нафари умрбод, қолганлари эса турли йилларга озодликдан маҳрум қилинди.  

10 июндан 10 июлгача Франциянинг футбол майдонларида Евро-2016 футбол байрами бўлиб ўтди. Унда қитъанинг 54 терма жамоасидан илк маротаба 24 жамоаси иштирок этди. 10 июль куни бўлиб ўтган финал ўйинида ўз тарихида илк маротаба Португалия терма жамоаси ғалаба қозонди. Шундай қилиб, асосий ўйин вақтида атиги бир марта ғалаба қозонган ҳамда гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб, плей-офф босқичига чиққан жамоа келгуси 4 йилликнинг чемпиони бўлди.

23-24 июнь кунлари Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммити бўлиб ўтди. Саммит якунлари бўйича Тошкент декларацияси қабул қилинди. Ташкилотни рвожлантириш стратегиясига доир 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастури тасдиқланди. Бундан ташқари, давлат раҳбарлари Ҳиндистон ва Покистонни ташкилотга қабул қилиш тартиби ва муддатига оид ҳужжатларни ҳам имзолашди. Саммит доирасида, шунингдек, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг туризм соҳасини ривожлантиришдаги ҳамкорлик дастури ҳам маъқулланди.

Июнь ойида яна бир муҳим воқеа – Буюк Британиянинг ЕИ таркибидан чиқиш масаласига бағишланган референдум бўлиб ўтди. 23 июнда ташкил этилган овоз бериш жараёнида иштирок этганларнинг 51,8 фоизи Brexit учун овоз берди. 48,2 фоиз сайловчи бу ғояни қўллаб-қувватламади.

26 июнда Ироқ қўшинлари Ал Фалужа шаҳрини ИШИДдан озод қилганини эълон қилди. Шаҳар 2014 йилдан бери ИШИД назоратида эди. Ал Фалужа Бағдод шаҳрига яқинлиги боис, жангарилар учун муҳим аҳамиятга молик эди.

27 июнда жаҳон сиёсат майдонида яна бир шов-шувли янгилик пайдо бўлди. Орадан 7 ой ўтгач, Туркия Россия билан муносабатларни тиклашга қарор қилди. Мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Россия раҳбари Владимир Путинга йўллаган мактубида Су-24 самолёти уриб туширилгани учун узр сўради ва икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни тиклашга чақирди. Россия томони бу чақириқни ижобий қабул қилди.

28 июнь куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Отатурк халқаро аэропортида учта портлаш содир этилди. Бунинг оқибатида 44 киши, шу жумладан икки нафар ўзбекистонлик ҳам ҳаётдан кўз юмди. 239 киши яраланди.

30 июнда Родриго Дутерте Роа Филиппин президенти лавозимига киришди. У 2016 йил 9 май куни Филиппинда бўлиб ўтган умуммиллий сайловларда ғалаба қозонган эди. Сайловларда, шунингдек, парламент Вакиллар палатаси, Сенатнинг ярми ҳам янгиланган эди.

                                                      Июль

Фото: Reuters

3 июлга ўтар кечаси Бағдоднинг Ал Каррода ва Аш-Шааб туманларида амалга оширилган террорчилик оқибатида 292 киши ҳаётдан кўз юмди. 200 дан ортиқ инсон яраланди. Шаҳарнинг шиалар истиқомат қиладиган ҳудудларида амалга оширилган хунрезликлар учун жвобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди.

8-9 июль кунлари Польша пойтахти Варшава шаҳрида НАТО саммити бўлиб ўтди. Бу анжуман альянсга аъзо мамлакат давлат ва ҳукумат раҳбарларининг 27-учрашуви ҳисобланади. Саммитнинг мақсади НАТО янги таҳдидни жиддий қабул қилиши борасида Москвага ўзига хос ишора беришдан иборат бўлган. Саммит якунида Болтиқбўйи мамлакатлари (Эстония, Литва, Латвия) ва Польшада тўртта алоҳида батальондан иборат НАТО ҳарбийларини жойлаштиришга келишиб олинди.

14 июль куни Франциянинг Ницца шаҳри Англия соҳилларига тўпланган оломон устига террорчи юк автомобилини бошқарди. 85 киши ҳалок бўлди, ҳайдовчи ўлдирилди. 200 киши жароҳатланди.

15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси амалга оширилган яна бир мудҳиш воқелик жаҳон ОАВлари томонидан кенг ёритилди. Бир гуруҳ ҳарбий исёнчилар Туркиянинг конституциявий ҳукуматини ағдариш мақсадида ҳарбий давлат тўнтаришини амалга оширишга уринди. Ушбу жараёнларда исёнчилардан ташқари,  294 нафар тинч аҳоли вакили ҳаётдан кўз юмди. 2 мингдан ортиқ фуқаро яраланди. Мамлакат ҳукумати давлат тўнтаришига уринишда АҚШда истиқомат қилувчи Фатҳуллоҳ Гулен ташкилотини айблади. Тергов жараёнида бир неча ўн минг киши ҳибсга олинди.

18 июлда Жаҳон Допингга қарши агентлик (WADA)нинг мустақил комиссияси Россияни спортда допинг қўллаш бўйича Давлат дастурига эгаликда айблади. Бу алалоқибат, Россия енгил атлетика ва оғир атлетика терма жамоаларининг Олимпия ўйинларидан дисквалификация қилинишига сабаб бўлди.

                                                      Август

5-21 август кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари бўлиб ўтди. Унда рекорд даражада – 306 та медаллар тўплами ўйналди. Иштирокчи давлатлар сони бўйича ҳам рекорд қайд этилди. 206 терма жамоа медаллар учун кураш олиб борди. Рио-2016, шунингдек, америкалик сузувчи Майкл Фелпс (жаҳон спортидаги илк натижа – 23 карра олимпия чемпиони) ва ямайкалик спринтер Усэйн Болтнинг (8 карра Олимпия чемпиони) рекорд кўрсаткичлари билан ҳам ёдда қолади. Ушбу Олимпиада мусобақаларида эришилган яна бир ижобий натижа Ўзбекистон миллий Олимпия терма жамоаси кўрсатган натижалар билан боғлиқ. Юртимиз спортчилари Миллий Олимпия терма жамоамиз тарихида ҳам илк маротаба улкан ютуқларга эришди. Ўзбекистонлик спортчиларнинг 13 нафари Олимпиада ўйинлари совриндори бўлди.

7 август Россия Паралимпиада терма жамоаси Рио Паралимпиада ўйинларидан четлатилди. Халқаро Паралимпиада қўмитаси Россия термасига нисбатан допинг можаролари туфайли шундай кескин қарор қабул қилди ва Россия Паралимпия қўмитасини ташкилот аъзолигидан мосуво этди.

24 август Италиянинг марказий туманларида 6,0 баллик зилзила юз берди. Унинг маркази Лацио вилояти маъмурий маркази Аккумоли шаҳри яқинида эди. 300га яқин киши табиий офат қурбони бўлди, бир неча юз одам жароҳатланди, 3 мингдан ортиқ инсон бошпанасидан айрилди. Италиянинг Аматриче шаҳри деярли яксон бўлди.

31 август куни Бразилия Сенати мамлакат президенти Дилма Русефга нисбатан импичмент қўллаш хусусида қарор қабул қилди. Шу билан мамлакат президентлиги Мишел Темерга ўтди. У бу вазифани 2019 йил 1 январигача бажаради. Сиёсий инқирозга Petrobras давлат нефть компанияси билан боғлиқ коррупция можароси сабаб бўлди.

                                                       Сентябрь

Фото: ЎзА

2016 йил 1 сентябрда Ўзбекистон аҳолиси мамлакат мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлади. Бироқ унда хасталиги сабабли Республиканинг Биринчи Президенти Ислом Каримов иштирок эта олмади.

2 сентябрда мустақил Ўзбекистон Биринчи Президенти, давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов 78 ёшида инсульт туфайли ҳаётдан кўз юмди. У 1989 йил июнидан Ўзбекистонга раҳбарлик қилиб келаётган эди. Ислом Каримов 3 сентябрда Самарқанд шаҳридаги Шоҳи Зинда қабристонига дафн қилинди.

4-5 сентябрда Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида G20 – дунёнинг йирик йигирма давлати раҳбарларининг 11-саммити бўлиб ўтди. G20 жаҳоннинг ривожланган ва ривожланаётган 20 та йирик давлатини бирлаштиради. Уларнинг ҳиссасига дунё ЯИМ (ялпи ички маҳсулот)нинг 85 фоизга яқини тўғри келади.

7-18 сентябрь кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси умумий рўйхатда 16-ўринни эгаллади. Шуни айтиб ўтиш лозимки, бу йил Паралимпия ўйинларида 176 мамлакатдан спортчилар делегацияси иштирок этди. Рио-2016 Паралимпия ўйинларида терма жамоамиз 8 та олтин, 6 та кумуш, 17 та бронза — жами 31 та медални қўлга киритишди. Ўзбекистон Осиёда Хитой ва Эрондан кейин учинчи, МДҲга аъзо давлатлар орасида Украинадан сўнг иккинчи ва Марказий Осиёда биринчи ўринни қайд этди. Мазкур Паралимпия ўйинларида иштирок этган ватандош спортчиларимиз 6 та жаҳон, 7 та паралимпия ва 12 та Осиё рекордини ўрнатишди.

8 сентбрда Россия ИИВ полковники Дмитрий Захарченко билан боғлиқ шов-шувли коррупция можароси ҳақида хабарлар тарқалди. У 7 миллион рубль миқдорида пора олаётган вақтда қўлга олинган эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлга олиш чоғида ундан яна 20 млн рублни мусодара қилишган. Ўтказилган тинтув ишларидан сўнг, 120  миллион доллар ва 2 миллион евро нақд пул аниқланган. Аммо мазкур пуллар топилган хонадон Захарченкога тегишли эмаслиги қайд этилган.

16-17 сентябрда Бишкекда МДҲ давлат раҳбарларининг саммити бўлиб ўтди. Саммитда Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Арманистон ва Белоруссия президентлари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, Молдова бош вазири, Украина элчиси, Туркманистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари иштирок этди.

26 сентябрь куни Озарбойжонда Конституциявий ислоҳотга доир референдум бўлиб ўтди. Унда сайловчилар 29 та тузатиш бўйича фикрларини билдириши лозим эди. Хусусан, мамлакатда вице-президент лавозимини жорий қилиш, президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш, президентга Миллий мажлисни тарқатиб юбориш ваколатини бериш каби масалалар тасдиқланди.

28 сентябрда Исроил собиқ президенти Шимон Перес вафот этди. Нобель тинчлик мукофоти совриндори 93 ёшида инсульт натижасида ҳаётдан кўз юмган.

                                                   Октябрь

Фото: © РИА Новости

3 октябрда Таиланд қироли Пхумипхон Адулъядет (Рама тўққизинчи) 89 ёшида Бангкокда ҳаётдан кўз юмди. У 1946 йилдан бери мамлакат тахтини эгаллаб келар эди. Шу муносабат билан асосий бир ойлик, давлат хизматчилари учун бир йиллик мотам эълон қилинди. 1 декабрда шаҳзода Маха Ватчиралонгкон Махидол расман мамлакатнинг янги қироли деб эълон қилинди.

Октябрь ойи охирида Жанубий Кореяда президент Пак Кин Хенинг лавозимидан истеъфо беришини талаб қилиб норозилик намойишлари ташкил этилди. 29 октябрда Сеулда бўлиб ўтган намойишларда минглаб одамлар қатнашди. Бунга президентнинг давлат ишларига дугонаси Чхве Сун Силни аралаштиргани ошкор бўлгани ва Сун Силнинг коррупцияда айбланганидан сўнг бошланган можаролар сабаб бўлди. JTBC кабель телеканали журналистлари Сеулдаги чиқинди қутилардан бирида планшет топиб олгани, унда 2012-2014 йилларга доир 200 га яқин махфий ҳужжатлар борлиги сиёсий можаролар авж олиб кетишига туртки бўлди. Корея мухолиф Демократик партия раиси У Сан Хо, Чхве Сун Силни "қоҳин-фолбин" дея айблади.

                                              Ноябрь

Фото: © AP

2016 йил 8 ноябрда Америка Қўшма Штатларида мамлакат президентлиги учун сайловлар бўлиб ўтди. Сайловолди кампанияси мамлакат тарихида илк бора ўта кескин руҳда ўтди ва рақиб номзодларнинг ўзаро обрўсини тўкиш, беҳурмат қилиши билан ёдда қолди. Қолаверса, АҚШ ҳукумати Россияни Демократик партия марказий қўмитаси серверларига хакерлик ҳужумида айблади. Бундан ташқари, махфий маълумотларни ошкор этиш билан шуғулланувчи Wikileaks сайти Ҳиллари Клинтон ва унинг сайловолди штаби раҳбари Жон Подестага тегишли шахсий электрон мактубларни эълон қилиб борди. Сайлов натижаларига кўра, миллиардер тадбиркор, Республикачилар партиясидан ўз номзодини илгари сурган Дональд Трамп АҚШ президентлигига сайланди. Гарчи сайловолди ижтимоий сўров натижалари аксини кўрсатган бўлса-да, Трамп ғалаба қозонди.

15 ноябрда Россияда яна бир давлат мулозими билан боғлиқ йирик коррупция можароси ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Россия иқтисодий тараққиёт вазири Алексей Улюкаев «Роснефть» компаниясининг «Башнефть» компаниясига тегишли давлат улушини харид қилишига рухсат бериш учун 2 миллион доллар миқдорида пора олаётган вақтда ҳибсга олинди. Улюкаев ўз айбига иқрор бўлмаган, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

16 ноябрда хитойлик олимлар дунёда илк маротаба тирик инсон геномини таҳрирлаш учун CRISPR/Cas9 геном таҳрирлагичидан муваффақиятли фойдаланишди. Улар ўпка саратонини даволаш мақсадида беморнинг иммунҳужайраларини қайта дастурлашган. Унинг соғлиғи бир неча ой назорат қилинади, агар, тажриба яхши натижа берса, бошқа беморлар ҳам шу усулда даволанади. CRISPR/Cas9 геном таҳрирлагичи америкалик олим Фэн Чжан ва қатор бошқа молекуляр биологлар томонидан 2013 йилда ясалган эди.

2016 йил 25 ноябрда Куба инқилоби фидоийси, давлат ва сиёсат арбоби Фидель Кастро 90 ёшида ҳаёт билан видолашди. У 1959 йилда Кубадаги диктатор Фульхенсио Батиста тузумини ағдарган исёнчи ҳаракатга раҳбарлик қилган. 2006 йилда соғлиғи ёмонлашгани боис, Давлат кенгаши ва Вазирлар кенгаши раҳбарлигини укаси Рауль Кастрога топширган эди.

29 ноябрда Колумбия осмонида йирик авиаҳалокат рўй берди. Йўловчи самолёт бортида 77 киши, шу жумладан Бразилиянинг «Шапекоэнсе» футбол клуби аъзолари ҳам бор эди. Улар Жанубий Америка кубоги финал учрашувининг биринчи ўйинини ўтказиш учун Боливияга учаётган эди. Фожиада 6 киши тирик қолган, 71 киши ҳаётдан кўз юмди.

                                                 Декабрь

Фото: Kun.uz

2016 йил 4 декабрда Ўзбекистонда навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтди. Республикадаги 4 та сиёсий партия томонидан давлат раҳбарлиги учун илгари сурилган номзодлар сайловчилар ишончини қозонишга ҳаракат қилишди. Марказий сайлов комиссиясининг эътироф этишича, демократик ва ошкора руҳда бўлиб ўтган сайловда, сайловчиларнинг 87,73 фоизи ўз фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланди. Уларнинг 88,61 фоизи ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватлади.

7 декабрда Ўзбекистоннинг сайланган президенти Шавкат Мирзиёев Республика Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда маъруза қилиб, 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилди.

2016 йил 14 декабрда Ўзбекистоннинг сайланган президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма сессиясида тантанали қасамёд қилиб, ўз лавозимини бажаришга киришди. ЎзЛиДеП томонидан Бош вазирликка номзоди кўрсатилган Абдулла Арипов ушбу лавозимга тасдиқланди.

15 декабрь куни Сурия ҳукумати мамлакат шимолидаги Ҳалаб шаҳри озод этилганини эълон қилди.

19 декабрда Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карлов Анқарада ошкора суиқасд қурбони бўлди. Туркия ҳукумати маълумотларига кўра, собиқ полиция ходими Россияга оид фотокўргазма очилишида нутқ қилган Андрей Карловга бир неча бор ўқ узган. Қотил махсус амалиёт натижасида ўлдирилди. Россия ТИВ буни теракт сифатида баҳолади.

19 декабрь куни юк автомобили насронийларнинг Мавлид байрами муносабати билан Германиянинг Берлин шаҳри марказидаги Брайтшайдплац майдонида ташкил этилган савдо ярмаркасига тўпланган одамларни босиб кетди. Фожиада камида 12 киши ҳаётдан кўз юмди, 50 дан ортиқ одам яраланган. Мамлакат ҳукумати воқеани террорчилик акти дея баҳолаган. Юк машинаси ҳайдовчиси покистонлик экани аниқланган. У яширинишга уриниш чоғида қўлга олинган.

25 декабрда Қора денгизга Россия Мудофаа вазирлигининг Ту-154 самолёти қулаб тушди. Сочидан Суриянинг Латакия шаҳридаги Хмеймим авиабазасига учаётган самолёт Адлерда ёқилғи қуйиб олгач, ҳавога кўтарилгач, бир неча дақиқадан сўнг радар экранларидан ғойиб бўлган. Унинг бортида бўлган 92 кишининг барчаси ҳаётдан кўз юмган. Улар орасида, экипаж аъзоларидан ташқари, журналистлар, Александров номидаги ҳарбий ансамбль, “Справедливая помощь” фонди раҳбари Елизавета Глинка ҳам бор эди. Дастлабки маълумотларга кўра, фожиага техник нуқсонлар ёки учувчининг бошқарувдаги айби сабаб бўлган.

Шунингдек, якунланаётган йилда, Fancy Bear хакерлик гуруҳ томонидан WADA серверлари бузилиб, ундаги кўплаб спортчиларнинг допинг таҳлили натижаларига доир маълумотлар ўғирланди ва жаҳон афкор оммаси эътиборига ҳавола қилинди. Унда, дунёга машҳур теннисчилар, боксчилар ва бошқа турдаги чемпион спортчилар, агентлик рухсати билан ўта кучли тақиқланган моддаларни истеъмол қилгани маълум бўлди. Бундан ташқари, Колумбияда бир неча йиллик қуролли курашга барҳам берган сулҳга эришилди. Мамлакат ҳукумати ва FARC инқилобий исёнчи кучлари ўртасида шундай битим имзолангани сабабли, давлат раҳбари Хуан Мануэль Сантос Кальдерон Нобель тинчлик мукофотига лойиқ топилди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, 2016 йилда Сурия, Яман, Ироқ, Туркия, Афғонистон, Бангладеш, Покистон, Нигерия, Буркина Фасо ва бошқа кўплаб давлатларда таъбир жоиз бўлса, саноқсиз террорчиликлар содир этилди. Уларда юзлаб инсонлар ҳаёти бевақт хазон бўлди. Минглаб инсонлар яраланди.

Kun.uz таҳририяти келаётган йилда бу каби инсониятга қарши жиноятлар содир этилмаслиги, барча инсонлар тинч-тотувликда ҳаёт кечириши, дунёдаги қайноқ нуқталардаги урушлар, келишмовчиликлар барҳам топишига умид қилиб, Яратгандан сўраб қолади!

Кириб келаётган Янги 2017 йил барчамиз учун хайрли ва барокатли келсин!

Мавзуга оид