Ўзининг ташқи кўриниши, ислоҳотчилиги, адолати ва мардлиги билан танилган улуғ ҳукмдорлардан бири Ўзбекхон ҳақида кўпчилигимиз билмаймиз. 1312–1342-йилларда Олтин Ўрдада ҳукумронлик қилган хон ўша давр тарихчилари томонидан дунёнинг етти буюк ҳукмдоридан бири деб таъриф берилган. Бугун биз шу ҳақида тарихчи Ғайбулла Бобоёров ва қирғизистонлик ёзувчи Маҳмуджон Қозоқбоев билан суҳбатлашдик.
Ғайбулла Бобоёр: — Ўзбекистон тарихи дейилганда кўпроқ Амударё ва Сирдарё оралиғи билан чекланиш пайдо бўлиб қолган. Ўзбекхон ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшамагани учун уни бегонасираб кўришади. Тарих китобларида ҳам ўзбек халқи келиб чиқиши Ўзбекхонга ҳам боғлиқ экани ҳақидаги тахминни айтиб кетишади холос. Лекин унинг фаолияти, нималар қилганига деярли тўхталишмайди.
Маҳмуджон Қозоқбоев: — Бу савол ҳар бир ўзбекни қизиқтиради деб ўйлайман. Биз бу инсон таърифини билмаслигимизга биринчи сабаб — у руслар устидан ҳукмронлик қилган, шунинг учун ўтган асрда Ўзбекхон тарихи яширилган. Бундан ташқари, ислом дини Олтин Ўрданинг давлат дини деб жорий қилинган.
Ўзбеклар дин билан пайдо бўлган миллатмиз десак ҳам бўлади. Чунки ўзбекдан кейин мўғул қолмади: бу ҳудудларда ислом динини қабул қилганлар ўзбек, қабул қилмаганлар қалмоқ бўлди. Шу билан мўғул йўқолиб кетди.
Ғайбулла Бобоёр: — Ўзбек тарихига тўхталишдан қочишнинг бошқа томонлари ҳам бор. Яъни Ўзбекхон келиб чиқиши Чингизхонга тақалади. Чингизхон эса ёвуз, босқинчи сифатида таърифланади бизда, шу сабабли Ўзбекхонга ҳам ижобий қараш шаклланмаган. Ота-боболари қилган иш учун булар ҳам жавобгар бўлиб қоляпти. Ўзбекхонга, умуман, Чингизийларга муносабатимизни тубдан ўзгартириш керак. Асли ўзбек деган номни олиб кирган, бугунги Ўзбекистон асоси бўлган давлат тузган Шайбонийлар сулоласи, Шайбонийлар эса Ўзбекхон ва Чингизийларга тақалади. Бир томондан ўзбек деган номимизни улуғлаймиз, лекин бунга асос бўлган илдизлардан қочамиз. Тарихни ўрганмай, ёзма манбаларни кўрмай, бу босқинчи авлоди, бу ўзимизники деймиз.
Ҳали ҳам бу бўйича советлар чизиб берган доирадан чиқолмаяпмиз. Ўзбек давлатчилиги бўлмаган деган тош отишлар анча олдин бошланган эди. Фақат энди оммага чиқарилиб айтиляпти.
Тарихан ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ё бошқа бўлсин, баъзилари мавжуд номлар бўлган. Бир жойдаги халқ номидан бошқа жойга кўчган ҳам бўлади тарихий жараёнда, масалан, Енисей қирғизлари бўлган, кейин Олтойга кўчган, кейин Шарқий Туркистон ва сўнг ҳозирги Еттисув атрофига келиб жойлашишган.
17-асрда яшаган Маҳмуд ибн Вали «Баҳр ул-асрор» асарини ёзади. У ўзига бўлган асарларни ўрганиб, ўзи билганларни ҳам ёзади. Турон тушунчасига изоҳ берар экан, жуда кенг эканини айтади. Бир томон Каспий денгизига, Байкал кўли, Сирдарё бўйлари, бир томондан Волга бўйларидан Ҳиндистонгача бўлган ерларни айтади. Қанча уруғларга бўлинса ҳам, битта турк бўлган дейди.














