Жамият | 23:50 / 28.12.2016
18873
2 дақиқада ўқилади

Ўш мэри телефон, бўйинбоғ ва соатсиз қолди

Ўш шаҳри мэрияси матбуот хизмати

Ўш мэри Айтмамат Кадирбаев ўтган йилдаги каби талабаларга телефон, бўйинбоғ, соат ва папкасини совға қилди. Бу ҳақда Ўш маъмурияти матбуот хизмати маълум қилди. 

27 декабрда Ўшда ёшлар янги йил бали ўтиб, унда 600 дан кўпроқ меҳмон иштирок этган. Тадбир давомида Кадирбаев энг фаол ёшлар – республика фан олимпиадалари ғолиблари, президент стипендиялари соҳиблари, республика ва халқаро мусобақаларда фахрли ўринлар олган спортчиларга совғалар туҳфа қилди.  

Балда меҳмонлар орасида интеллектуал, рақс танловлари ва мусобақалар ўтказилди. Танловлар ғолибларига смартфон ва планшетлар, ёзувчи Чингиз Айтматов китоблари берилган.

Танловлардан бирида иштирокчиларга Ўш ҳақида шеър тўқиш вазифаси берилган. Айнан шу танлов ғолиблари мэрнинг телефон, бўйинбоғ, соат ва папкасига эга бўлишган.

Ўтган йилги шундай тадбирда Ўш мэри "Агар мэр бўлганимда нима қилардим?" танлови иштирокчиларини ўзига хос тарзда мукофотлашга қарор қилганди. Иштирокчилардан ҳар бири Ўш муаммосининг ўз ечимини таклиф қилган ва мэр уларга ўз шахсий буюмларини совға қилган. Ўшандаги танловда иштирок этган ягона қиз эса мэрнинг шахсий ён дафтарчаси билан тақдирланган.