Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб дуруду саловотларимиз бўлсин!
Сарлавҳадаги саволга қисқа ва лўнда қилиб, «Ўзимиз айбдормиз» деб қўйсак бўлади. Лекин мана шу хулосага келиш учун бир қанча маълумотларни ва ҳаётий воқеа-ҳодисаларни ўрганиб ўтсак, ҳеч иккиланмай, ҳақиқатан ҳам ўзимиз айбдор эканмиз, деб хулоса қилишимиз қийин бўлмайди. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, мустақиллигимиздан кейин барча соҳаларда кенг кўламли ривожланиш, тараққиёт, янгиланишлар, ижобий ўзгаришлар юз беряпти. Мазкур ижобий ўзгаришларнинг самараси ўлароқ, диний, маърифий, маънавий, ахлоқий соҳаларда ҳам анча-мунча натижа ва ютуқлар йўқ эмас. Келинг, гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун бир неча мисол келтириб ўтайлик.
Кундалик ҳаётимиздаги турли соҳаларда, жумладан, савдо-сотиқда, турли маросимлар ўтказишда, оилавий муносабатларда бирор савол ёки муаммо пайдо бўлса, аҳли илмларга мурожаат қилиш одат тусига айланиб бормоқда. Бу эса Аллоҳ таолонинг «Билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўранг», деган буйруғига мувофиқ бўлгани билан қадрлидир. Зеро мустабид тузум даврида динимизга нисбатан салбий муносабат шакллантирилгани туфайли бидъат-хурофотлар кўпайгандан-кўпайиб, урчиб, ҳамма соҳани қамраб олган эди. Бирор муаммо пайдо бўлса, одамлар тегишли соҳадаги мутахассисларга мурожат қилишни унутиб, ҳали фолбинларга, мунажжимларга, башоратчилар ва яна қандайдир жинкашларга суянишар эди.
Афсуски, биз дин ходимларига келиб тушаётган мурожаатларнинг асосий қисмини оилавий можаролар ташкил этмоқда. Бу ҳолнинг янада ачинарли жиҳати шуки, кўпинча келин тараф шикоят билан келади. Уларнинг сон-саноғи ҳаддан ташқари кўп бўлгани учун, шунингдек, деярли барча шикоятлар асосан бир тарафга, яъни қуда томонга йўналтирилганлиги туфайли аниқ бир мисол келтирмай, мазкур шикоятларнинг умумий хулосасини айтиб ўтайлик.
Бир келин шундай деб шикоят қиляпти: «Мени ҳайдаб юборишди. Ўтирсам ўпоқ, турсам сўпоқ, сочим супурги, қўлим косов бўлиб, қилмаган ишим йўқ. Ҳамма нарсани ўрганганман. Пишириқ тайёрлашдан тортиб чеварчилик, ошпазлик, ҳаттоки, тиббиётдан ҳам хабарим бор. Муомалам ҳам яхши, каттаю кичикни бирдек ҳурмат қиламан, ҳеч қачон бирор нарсадан шикоят қилмайман. Ўқимишли, замонавий, ҳар тарафлама ҳавас қилса арзигудек келин бўлган эдим. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, эримнинг қўли югурдак бўлиб қолди. Уради, бўлар-бўлмасга ҳақорат қилиб, «сен бўлмасанг, бошқаси», деб камситади. Ваҳоланки, уйдаги барча жиҳозларни ота-онам қилиб берган, яна ҳаммаси чет элники, эримнинг устидаги сарполарнинг ҳаммаси хориждан алоҳида буюртма қилиб келтирилган. Қисқаси, уйдаги барча жиҳозларни адажоним олиб берганлар. Бу ношукр эримга яна нима керак экан, билмай қолдим».
Биздан нима ёрдам деб сўрасам, «Шу эримни ва у кишининг ота-оналарини чақириб, бир панд-насиҳат қилиб қўйсангиз», дейди. Келин тарафнинг шикоятини тўхтатиб турайлик-да, куёв томоннинг шикоятларига қулоқ тутиб кўрайлик.














