Жамият | 20:03 / 31.12.2016
21905
9 дақиқада ўқилади

Янги йилни қандай нишонламоқчисиз?

Фото: 1wallpaper.net

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин!

Ҳар бир миллат, элат ва дин вакилларининг ўзларига хос ва мос бўлган турли туман байрамлари бор. Албатта, бу байрамларнинг ичида соф диний бўлган байрамлар, ҳамда ҳар бир миллат ва юрт вакиллари тарихидаги қандайдир воқеалар, ота-боболарига, урф-одатларига тааллуқли бўлган байрамлар ҳам бор. Мана шундай байрамларнинг ичида, ҳозирги кунда дунё бўйича энг оммавий нишонланадиган байрамлардан бири – «янги йил» номли байрамдир.

Бу борада, албатта ҳеч қандай шак-шубҳасиз, бутун дунё халқларини ўзига жалб қилган байрам, милодий ҳисоб-китоб бўйича йил санасининг бошланишидир. Бу янги йилни дунёнинг аксарият халқлари нишонлайди. Ҳаттоки, бу борада уларнинг миллати ва элати, дини ва урф-одатлари ҳам аҳамиятга эга бўлмай қолади. Чунки, ҳозирги кунда дунё миқёсида асосан истеъмолда бўлган тақвим – милодий тақвим десак, янглишмаган бўламиз. Биз эса, янги йил ва унга тегишли бўлган баъзи бир маълумотлар, уни кутиб олишлик, қандай нишонлашлик тартиблари тўғрисида қуйида бир оз сўз юритмоқчимиз.

Албатта, ҳар бир нарсани, хоссатан миллионлаб одамлар иштирок этадиган ва нишонлайдиган байрамларни ҳам ўзига яраша низоми, тартиби ва одоби бўлиши керак. Бу борада эса, ушбу байрамни нишонлаётган миллат ва элатлар, ўзларининг шарт-шароитлари ва урф-одатларига мувофиқ, кўнгилхушлик қилишнинг турли туман навларидан фойдаланиш билан ўтказадилар.

Масалан, баъзи бир миллатлар янги йилни кутиб олиш арафасида барча эски нарсалардан воз кечадилар, яъни уйдаги ҳар хил жиҳозлар, идиш товоқлар ва баъзи бир либосларни ҳам ташлаб юборадилар.
Баъзилар эса, янги йилда янги уй-жойга кўчишлик, агар бунинг имконияти бўлмаса, яшаб турган уй-жойини янгидан таъмирлаш билан кутиб олади.

Яна баъзилар эса, янги йилда фақатгина ширинлик тарқатиш ва уни истеъмол қилишлик билан кутиб олишади. Бошқа бирлари, янги йилни ҳар хил мусобақалар ўтказиш билан кутишади.

Ҳозирги кунда эса, дунё халқларида янги йилни асосан мушакбозлик билан кутиб олишлик анъанага айланган. Бунинг натижасида ҳар хил тан жароҳати олганлар бўлади ва кўплаб ёнғин ҳодисалари содир этилади.

Умумий олиб кўрадиган бўлсак, юқоридаги ҳолатларни амалга оширувчи барча одамлар, айнан янги йил кечасида зиёфат дастурхони атрофида йиғилишиб, соат миллари ўн иккига бонг уришини интизорлик билан кутиб турадилар. Деярли ҳаммаларининг қўлларида маст қилувчи ичимликлар билан тўлдирилган қадаҳлар бўлиб, уларнинг ҳар бири «яхши ниятлар, истак ва тилаклар билан» қадаҳ кўтарадилар. Шу кечаси мазкур байрамни нишонлаётганлар учун, гўёки кўнгиллари тусаган ҳар қандай ишни қилишликка рухсат берилади ҳамда байрам куни бўлганлиги учун бу ишларнинг ҳеч қайси бири қораланмайди, назорат қилинмайди, балки: «Ҳа энди байрам куни-да», деган шиор билан улардан кўз юмилади.

Шу кечаси бутун дунёда мисли кўрилмаган жиноятлар содир этилади. «Санта Клаус» ёки «қорбобо» номи билан машҳур бўлган, шу кечанинг «қаҳрамони», ўзига хос бўлган кийим ва ниқобларни кийиб олиб, қанчадан қанча қароқчилик, ўғрилик, бузуқчилик ва бошқа жиноятларни содир этади. Энг асосийси – соф табиатли, ишонувчан ва мурғак қалб соҳиблари бўлмиш ёш болаларни ҳар хил совға-саломлар тарқатишлик билан: «Буни сенга қорбобо олиб келди», деб алдашлари ҳаммасидан ошиб тушади. Шу кечада дунё миқёсида юзлаб жойларда ёнғин ҳодисалари содир этилади.

Мутахассисларнинг айтишларича, шу бир кечанинг ўзида бир неча ойлар давомида шифохоналарга келадиган беморларнинг сонидан кўра анча-мунча кўпроқ беморлар шифохоналарга келтирилади.

Мастлик ва бошқа сабабларга кўра мисли кўрилмаган даражада қотилликлар содир этилади. Фаҳш ва бузуқчиликларни эса гапирмаса ҳам бўлаверади. Сон-саноқсиз эру хотинлар бир-бирларига хиёнат қилади.

Бундай ҳолатларнинг рўйхатини анчагача давом эттириш мумкин. Энг асосийси эса, дунё миқёсида миллионлаб ёш болалар ва қаровчисини йўқотган кексалар очлик ва чанқоқликдан, иқтисодий етишмовчиликдан қирилиб бораётган бир пайтда, дунёнинг ривожланган мамлакатларида шу бир кечанинг ўзида, миллиардлаб маблағлар кўкка совурилади.

Албатта, юқоридаги ҳолатлар бежиз эмас. Чунки, одатда ҳар бир миллат, элат ва дин вакиллари ўз кундалик ҳаётларида қайси ишларга кўпроқ машғул бўлиб, ўз ҳаётини шу ишларсиз тасаввур қила олмайдиган бўлсалар, ўзининг байрам кунлари ҳам айнан мана шу ишларни кўпроқ ва тартибсиз ҳолатда, бутун вужуди билан амалга оширишга ҳаракат қиладилар.

Масалан, жиноятчи, қотил, ўғри, қароқчи, фаҳш билан шуғулланувчилар, бузуқилар, порахўрлар, хиёнаткорлар, ичувчилар, гуноҳ-маъсиятга муккасидан кетганлар, эзгу ишларни умуман қилмайдиганларнинг ҳаётининг мазмуни мана шу нарсалардан иборат бўлиб, бу уларнинг доимий ҳолатда бажариб юрадиган ишларидир. Байрам кунлари эса, ўзлари ўрганиб қолган кун тартибидаги ушбу ишларини бир неча баробар кўпайтиришлик билан нишонлайдилар.

Энди эса, биз, яъни мусулмонларга хос бўлган ҳижрий қамарий ва исломий йил санамиз бўйича янги йилни қандай кутиб олишимиз тўғрисида қисқагина маълумот бериб ўтамиз. Биз мусулмонлар Аллоҳ таолонинг қулларимиз, қуллар эса доимо ҳар бир ишда ўз хожасининг буйруғига итоат этади. Шунда, у қулчилик мақомини қойиллатиб адо этган бўлади. Демак, биз ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзаси, дақиқа, соат ва кунларида ҳам Аллоҳ таолога нисбатан итоатгўй қул ҳолатида, яъни мусулмон банда мақомида бўлишимиз керак.

Зотан, Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг». (Оли Имрон, 102 – оят)

Демак, мусулмон киши ҳар бир лаҳзада ўзининг мусулмон эканлигини унутмаслиги ва бунга мувофиқ равишда, муносиб ҳаёт кечириши талаб қилинади. Унинг ҳаётининг мазмуни – Роббил аламийн бўлмиш Зотга ўзининг банда эканлигини изҳор қилишлик билан бўлади. Бу эса, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида ўз ифодасини топиши керак.

Масалан, еб-ичиш, оила қуриш, дам олиш, меҳнат қилиш, бола-чақа орттириш, қўни-қўшничилик, қавму-қариндошчилик, ота-онага муносабат, раҳбар билан ходимнинг ўртасидаги муносабат, дунё ва охиратга бўлган муносабат, миллат, юрт, ватан ва динга бўлган муносабат ва албатта Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмоннинг зиммасига фарз қилган, диннинг асосини ташкил этувчи ибодатларга бўлган муносабатларда ўз аксини топади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мусулмон киши, ўз ҳаётининг мазмуни бўлган кундалик машғулоти бўлган, юқорида зикр қилинган ва қилинмаган амали солиҳларни, муруввату саҳоватни, ёрдамга муҳтож бўлганларга кўмак қўлини чўзмоқликни айнан байрам кунларида янада кенг қамровли ҳолатда амалга ошириши лозим. Ҳар куни касб этадиган савобли ишларига нисбатан, байрам кунида бир неча баробар кўпроқ ҳолатда савобли ишларни амалга ошириши керак. Энг асосийси, мана шу ишларни барчасини Аллоҳ таоло қабул қилишлигига умидвор бўлиб, Аллоҳ таолога ялиниб ёлвориб, байрам кунлари дуоларни кўпайтириши керак. Зеро, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу: «Қайси куни бизларни ибодатимиз қабул бўлса, ўша кун бизлар учун байрамдир», деганлар. Чунки, мўмин мусулмонлар учун бундан ортиқ байрам йўқ.

Аллоҳ таоло ҳар бир кунимизни барчаларимиз учун том маънодаги байрам ўрнида бўлмоқлигини муваффақ айласин. Амийн.

Исҳоқжон Бегматов
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси, 
«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

Мавзуга оид