Жаҳон | 18:53 / 09.01.2017
3526
2 дақиқада ўқилади

Шанхай метросида автоматлашган поездлар ишга туширилиши эълон қилинди

Шанхай метросининг йўналишларидан бирида яқин келажакда тўлиқ автоматлашган поездлар ишлашни бошлайди. "Синьминь ваньбао" нашрининг маълум қилишича, кабинасида ҳаттоки машинист учун жой бўлмаган бундай биринчи таркиб Шанхайга Нанкиндан етказилди. 

Ҳайдовчисиз поездлар Шанхай метроси 8-йўналишининг янги ҳудудида ҳаракатланади. Бу ҳудуд 2017 йилда қуриб битказилиши керак. 6 та станцияли янги ҳудуднинг узунлиги 6,6 км ни ташкил қилади.

Нашр маълумотларига кўра, Шанхайга етказилган ҳайдовчисиз поезд 4 та секциядан иборат ва 726 нафар йўловчини ташишга мўлжалланган. У тўлиқ автоматлаштирилган бошқарувнинг энг янги тизимлари билан жиҳозланган. 2017 йил охиригача Шанхай метроси умумий ҳисобда шундай 11 та таркиб олади, шундан кейин янги йўналиш синовдан ўтказилади. Бу поездлар юқори шинамлик, хавфсизлик ва яхшиланган шовқин изоляциясига эга. Таркиб йўлларда резина ғилдиракларда ҳаракатланадиган қилиб лойиҳаланган.

Айни вақтда Шанхай метросининг йўналишларидан бирида ҳайдовчисиз поезд ҳаракатланмоқда, бироқ кабинада автоматикани назорат қилиб туриш учун машинист ўтиради.

Шанхай метроси 1993 йилда очилган ва 14 та йўналишдан иборат. Метронинг умумий узунлиги 617 км ни ташкил қилади. Шанхай метроси умумий узунлиги 500 км дан ошадиган дунёдаги ягона метродир.