БМТ Мўсулда жароҳат олганларнинг ярми – тинч аҳоли эканини хабар қилди
Мўсулдаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатида жароҳат олганларнинг деярли ярми тинч аҳоли вакилларидан иборат. У ерда Ироқ хавфсизлик кучлари АҚШ раҳбарлигидаги коалиция кўмагида ИШИД террорчилик гуруҳи жангариларига қарши амалиёт ўтказмоқда. Бу ҳақда БМТнинг Ироқдаги гуманитар масалалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Лиз Гранде Нью-Йоркда хабар қилди.
Унинг сўзларига кўра, амалиёт бошлангандан бери ўқотар қуролдан яраланганлар сони “оддий фуқароларнинг 47 фоизини ташкил этади”. “Бундай қарама-қаршиликларда тинч аҳоли вакилларидан жароҳат олганлар сони одатда 15-20 фоизга тенг бўлади; Мўсулдаги эса қурбонларнинг ярми оддий инсонлар бўлганини кўришимиз мумкин”, - хабар берди у Ироқдан видеоалоқа орқали чиқиш қилиб. БМТнинг гуманитар масалалар бўйича мувофиқлаштирувчи бошқармаси маълумотларига кўра, Мўсулнинг шарқий қисмида январнинг биринчи ҳафтасидаёқ 683 киши Эрбиль ва Даҳукадаги касалхоналарга олиб кетилган. Шу билан бир қаторда, декабрнинг сўнгги ҳафтасида жароҳат олганлар сони 817 кишини ташкил қилди.
Гранде Мўсул аҳолиси катта хавф остида қолганини айтди. Бу ироқлик ҳарбийлар томонидан тегишли чоралар кўрилаётганига қарамай юз бермоқда. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий кучлар туманнинг аҳоли гавжум жойларига авиазарбалар бермай, шаҳар фуқароларидан уйларда қолишни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, кишиларни ҳарбий ҳаракатлар зонасидан хавфсиз олиб чиқиш бўйича йўлакларни ташкил қилмоқда.
БМТ вакилининг фикрича, Мўсулдаги тинч аҳолининг аксарият қисми ўлимига ИШИД жангарилари жавобгар. Улар кишилардан “тирик қалқон” сифатида фойдаланмоқда. “Улар шаҳарни тарк этишмоқчи бўлишса, озиқ-овқат олишмоқчи бўлишса - ўт очишмоқда”, - деди у. Унинг маълумотларига кўра, Мўсулнинг террорчилар томонидан тўлиқ назорат остида бўлган ғарбий қисмида 750 минг киши бор. Яна 450 минг инсон шаҳарнинг шарқий ҳудудларида жойлашган.
Гранде Ғарбий Мўсул ҳукумат кучлари томонидан тўсиб қўйилишидан хавотирда. “Биз бу аниқ рўй бериши борасида маълумотларга эга эмасмиз, бироқ ушбу ҳолат юз беришидан хавотирдамиз. 750 минг кишини тўсиб қўйиш даҳшатли фожиаларга олиб келади”, - дея огоҳлантирди у. Унинг сўзларига кўра, БМТ буни ҳисобга олган ҳолда шаҳарга кўпроқ гуманитар ёрдам киритишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳалокатнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Маълумот учун, Ироқнинг катталиги бўйича иккинчи шаҳри ҳисобланган Мўсул икки йилдан ортиқ вақт давомида ИШИД назорати сақланиб турибди. Уни озод қилиш бўйича ер усти амалиёти 2016 йилнинг 17 октябрь куни бошланган бўлиб, унда ҳукумат кучлари, шиалар кўнгиллилари ва “пешмерга” курд тузилмалари иштирок этмоқда. Уларнинг Ироқ ҳарбий ҳаво кучлари ва АҚШ бошчилигидаги коалиция авиацияси қўллаб-қувватламоқда. БМТ маълумотларига кўра, амалиёт оқибатида деярли 140 минг ироқлик ўз уйини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган.
Мавзуга оид
17:00 / 28.12.2024
2024 йилда Ўзбекистонга инвестициялар миқдори қарийб 50 фоизга қисқарди — ESCAP
20:22 / 27.12.2024
БМТ Тожикистон ташаббуси билан 2025 йилни Халқаро музликларни асраш йили деб эълон қилди
19:00 / 25.12.2024
“Матрица”нинг бузилиши ва тарихий ордер
13:38 / 24.12.2024