Ўзбекистон | 11:36 / 16.01.2017
26585
3 дақиқада ўқилади

2017 йил макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш борасида шахсан жавобгар амалдорлар маълум қилинди

14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди.

“Макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш, жумладан, Давлат бюджети барча даражада мутаносиб, миллий валюта ва ички бозордаги нарх даражаси барқарор бўлишини таъминлаш – энг муҳим устувор вазифамиздир.

Бош вазирнинг барча ўринбосарлари, иқтисодиёт вазири Г.Саидова, молия вазири Б.Хўжаев, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев ва Давлат божхона қўмитаси раиси М.Тоҳирийни 2017 йил учун белгиланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш борасида шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида яна бир бор огоҳлантираман.

Макроиқтисодиёт комплекси раҳбари Р.Азимов, иқтисодиёт вазири Г.Саидова ва молия вазири Б.Хўжаевнинг жорий йил якуни бўйича Давлат бюджети дефицити прогнозига доир таклифларига қўшилиб бўлмасликни алоҳида таъкидламоқчиман.

Бу борада фақат бюджет профицити ҳақида сўз бориши мумкин ва зарур. Бу муҳокама қилишни эмас, балки сўзсиз бажаришни талаб этадиган стратегик вазифадир.

Бунинг учун жойларга чиқиш, ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик борасидаги имкониятини ўрганиш, молиялаштиришни кенгайтириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорларни ишонтириш ва уларга амалий ёрдам бериш – бутун Макроиқтисодиёт комплекси фаолиятидаги кундалик қоидага айланиши керак.

Фақат шундагина натижага эриша оламиз. Шу муносабат билан ҳокимлар ва уларнинг биринчи ўринбосарлари ўз иш услуби ва дунёқарашини тубдан ўзгартириши шарт.

Ҳар бир туман ва шаҳарда, республика аҳамиятига молик йирик корхоналар ҳиссасини эътиборга олмаган ҳолда, солиққа тортиш базасини кенгайтириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятининг барча туманларини субвенциядан чиқаришни сўзсиз таъминлаш керак.

Бу йил бошқа ҳокимликлар ва тегишли органлар учун ҳам субвенциядан қутилиш масаласида синов йили бўлади. Бунинг учун Макроиқтисодиёт комплекси таркибидаги вазирлик ва идоралар ҳар куни, ҳар ҳафтада самарали ва тинимсиз иш олиб бориши керак. Бусиз натижага эришиб бўлмайди.

Шунинг учун Макроиқтисодиёт комплекси раҳбари Р.Азимов иқтисодиётни бошқариш бўйича ҳозирги замонавий янги тизимлар самарадорлигига қуйи бўғиндаги раҳбарларни ишонтириши, уларни шу асосда ишлашга ўргатиши, бу борадаги натижа учун жавоб бериши ва уни кафолатлаши керак”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид