Жаҳон | 20:07 / 16.01.2017
5586
2 дақиқада ўқилади

Австралия Япониянинг Жанубий океанда китларни овлашда давом этаётганидан хафа

Фото: EPA

Австралия душанба куни Япониянинг Жанубий океанда кит овлашда давом этаётганидан "қаттиқ хафа" эканини маълум қилди. Бунга кит овлашга қарши фаолларнинг ўлик кит суратини чоп этгани сабаб бўлди. Австралия ва Япония етакчилари бу масалани муҳокама қилишди. "Daily Sabah" нашри шу ҳақида хабар берди. 

Австралия анчадан бери кит овига қарши чиқади, бош вазир Малкольм Тернбулл ва Япония бош вазири Синдзо Абэ шанба куни Сиднейда ана шу баҳсли мавзу бўйича музокара ўтказишди. 

"Австралия ҳукумати Япониянинг Жанубий океанга қайтиб, китларни "илмий" мақсадларда овлашга қарор қилганидан жуда хафа", - деди Австралиянинг атроф-муҳит масалалари бўйича вазири Жош Фрайденберг. 

"Китларни ўрганиш учун уларни ўлдиришга ҳожат йўқ", - қўшимча қилди Фрайденберг.

2014 йилда Австралия томонидан қўзғатилган ишда Халқаро суд Жанубий океандаги кит овларини тўхтатиш кераклиги ҳақида қарор чиқарган эди. Бу Японияни бир мавсум давомида овни тўхтатиб туришига сабаб бўлди, бироқ 2015 йилда Япония кит овлашда давом эттирди. 

Барча шаклдаги (тижорат ва илмий мақсадда) кит овига қаршилик қилувчи Австралиянинг Япония масаласида хавотири ошмоқда, - деди Австралия ташқи ишлар вазири Жули Бишоп "Reuters" агентлигига.  

Япония бу овлар аксарият китларга хавф туғдирмаслиги, кит истеъмол қилиш мамлакат маданиятининг бир қисми эканини таъкидламоқда. Япония 1987 йилдан буён  "китларни илмий ўрганиб" келади.

Кит овига қарши чиқувчи Sea Shepherd гуруҳи якшанба куни Япониянинг Nisshin Maru кит овловчи кема палубасидаги ўлик кит суратини чоп этганди. 

Мавзуга оид