Жаҳон | 21:11 / 02.11.2024
2166
2 дақиқада ўқилади

Японияда сув тошқинлари ва кўчкилар хавфи сабаб 200 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинди

Мамлакат метеорология агентлиги илиқ ва нам ҳаво сабаб кучли ёғингарчилик юз беришидан огоҳлантирмоқда. Кўчки ва сув тошқинлари дам олиш кунлари Япониянинг ғарбий қисмидан ташқари, шарқий ҳудудларида ҳам кузатилиши мумкин.

Фото: AP

Япония ғарбида 200 мингга яқин киши «Конг-рей» тўфони оқибатида юз келиши мумкин бўлган сув тошқинлари ва кўчкилар сабаб эвакуация қилинди. Мамлакат метеорология агентлиги илиқ ва нам ҳаво сабаб кучли ёғингарчилик юз беришидан огоҳлантирган.

«Мацуяма шаҳри юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилиб, ўнта туманнинг 189,5 минг аҳолисини эвакуация қилишга ва хавфсизлигини таъминлашга чақирди. Эвакуация мажбурий бўлмаса-да, Японияда бундай огоҳлантириш одатда ҳалокат хавфи юқори бўлган вақтда берилади», — дейилади хабарда.

Синоптикларнинг сўзларига кўра, кўчки ва сув тошқинлари дам олиш кунлари Япониянинг ғарбий қисмидан ташқари шарқий ҳудудларида ҳам кузатилиши мумкин.

Кучли ёмғир туфайли, шунингдек, Токио ва жанубий Фукуока минтақаси билан темирйўл қатнови вақтинча тўхтатилган, аммо кейинроқ ҳаракат кечиктирилган жадвал бўйича қайта тикланган.

«Конг-рей» тропик тўфони 31 октябр куни Тайванга ёпирилган эди. Табиий офат камида икки кишининг умрига зомин бўлган ва ўн минглаб хонадонларни электр энергия таъминотисиз қолдирган. 1996 йилдан бери кузатилган тўфонлар орасида энг каттасига айланган «Конг-рей» Тайваннинг шарқий соҳилларига маҳаллий вақт билан 13:40 ларда етиб келган. Расмийлар 31 октябрни ишланмайдиган кун деб эълон қилган, таълим муассасаларида машғулотлар бекор қилинган, фавқулодда хизматлар эса кучайтирилган иш режимига келтирилган.

Эслатиб ўтамиз, август охирларида Японияга «Шаншан» тўфони ёпирилганди. Ўшанда расмийлар мамлакат бўйлаб 5 миллиондан ортиқ одамни эвакуация қилишни буюрган. Август ойи бошида эса «Ампил» тўфони ҳам бир қатор префектураларни электр энергиясидан маҳрум қилган, ўн минглаб одамлар эвакуациясига сабаб бўлган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид