Иқтисодиёт | 12:02 / 17.01.2017
41315
7 дақиқада ўқилади

Митти мамлакатнинг улкан империяси

Форс кўрфазидаги митти мамлакат 335 миллиард долларлик халқаро империяга эгалик қилади.

Қатар яна шижоат билан харидларга киришди: сўнгги икки ойда жон бошига ҳисоблаганда дунёнинг энг бой мамлакати Туркиянинг йирик парранда гўшти ишлаб чиқарувчиси, Россиянинг Роснефть компанияси ва Британиянинг National Grid газ компаниясига инвестиция киритди.

Воситалар 2005 йилда суюлтирилган табиий газ реализациясидан тушган режадан ташқари даромадларни бошқариш учун асос солинган Қатар суверен фонди томонидан инвестиция қилинади - Қатар ёқилғининг бу турини экспорт қилиш бўйича дунёдаги энг йирик давлат ҳисобланади.

Ўшандан буён аҳолиси 2 миллиондан кам бўлган мамлакат сайёранинг турли бурчакларида 335 миллиард долларга тенг мулк тўплашга муваффақ бўлди - Sovereign Wealth Fund Institute маълумотларига кўра, бу Қатарни активлар ҳажми бўйича дунёда 14-поғонага кўтаради.

2015-2016 йилларда, нефть нархининг пасайиши билан Ҳолливуддаги кўчмас мулк, Нью-Йоркдаги идора иншоотлари, Лондондаги турар-жой, Италиядаги мода уйлари ва ҳаттоки футбол жамоаларини сотиб олган фонд ва бошқа қатарлик сармоячилар инвестицияларни тўхтатишди. Ҳозир эса нархлар яна кўтарилди ва Қатар бозорга қайтди. Қуйида Қатар фондининг энг йирик мулк объектларига оид умумий маълумотларни тақдим этамиз.

Қатар

Ушбу митти давлат пойтахтига ташриф 17 миллиард доллар қийматга тенг Халқаро Ҳамад аэропортидан бошланади. Уни фонд қарамоғидаги Qatar Airways компанияси бошқаради.

Фонд Қатар акциялар бозоридаги энг йирик инвестор ҳисобланади, у Форс кўрфазининг Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши мамлакатларидаги етакчи кредитори ва 12 мамлакатда фаолият кўрсатувчи Ooredoo телекоммуникация провайдери бўлган Qatar National Bank назорат пакетларига эга. Компания директорлар кенгаши раиси шайх Абдулла бин Муҳаммад бин Сауд ат-Таний ҳисобланади. У бир вақтнинг ўзида суверен фондни ҳам бошқариб келади.

Европа

Қатар фонди азалдан Европа активларини афзал деб билади. 2008 йилдаги молиявий инқироз вақтида Қатар ўз миллиардларини Barclays ва Credit Suisse Group банкларига инвестиция қилган. 2014 йилда Германиянинг Deutsche Bank банки ўз капитални тўлдириш учун акцияларини сотганида, мамлакатнинг собиқ бош вазири ва қироллик оиласи аъзоси шайх Ҳамад бин Жасим бин Жобир ат-Таний банкка 1,85 миллиард доллар сармоя киритган.

Бундан ташқари, фонд Volkswagen концернининг энг йирик акционери ҳисобланади. Шунингдек у 2012 йилда Glencore компанияси томонидан Xstrata'нинг 29 миллиардлик шартномаси тузилишида ҳам асосий ролни ўйнади, зеро фонд Glencore'нинг энг йирик акционери ҳисобланади.

Фонднинг бошқа йирик харидлари орасида 2011 йилда «Пари Сен-Жер­мен» футбол клубининг қўлга киритилишини ёдга олиш мумкин. 2012 йилда қатарлик инвесторларга тегишли Mayhoola фонди Permira Advisers хусусий компаниясидан тахминан 700 миллион еврога Италиянинг Valentino Fashion Group SpA брендини сотиб олди. 2015 йилда эса мамлакатнинг собиқ бош вазири Ҳамад бин Яссим Испаниянинг El Corte Ingles SA компаниясининг (Ғарбий Европадаги энг йирик универмаглар тармоғи) 10 фоиз улушини харид қилди.

Буюк Британия

Британия ОАВ хабарларига кўра, 2014 йилдаги Англия иқтисодиётидаги Қатар инвестицияларини камида 35 миллиард долларга баҳолаш мумкин.

2015 йилда қатарликлар бошчилигидаги инвесторлар гуруҳи Canary Wharf ишчи даҳасини харид қилди - бу Қатарнинг бошқа активларига қўшимча бўлди. Лондоннинг Savoy меҳмонхонаси, Shard осмонўпар биноси, Harrods универмаги, Олимпия қишлоғи ва HSBC минорасидаги улушлари шулар жумласидандир.

Фонднинг кўчмас мулкка ихтисослашган бўлими Qatari Diar Грос­ве­нор майдонида жойлашган АҚШнинг Лондондаги элчихонаси биносини ҳашаматли меҳмонхонага айлантирмоқда.

Қатарнинг Британиядаги инвестициялари кўчмас мулк билангина чегараланиб қолмайди. Фонд Британиядаги энг йирик супермаркетлар тармоғи ҳисобланган J Sainsbury'нинг 22 фоиз улушига эга, 2012 йилда эса Хитроу аэропортининг 20 фоиз улушини қўлга киритди. Бундан ташқари, ўтган йили Qatar Airways British Airways'га тегишли IAG компаниясидаги улушини ҳам 20 фоизга чиқарди.

Россия

Россия активларига инвестициялар ҳажми ҳам ўсиб бормоқда. Хусусан, яқинда Glencore иштирокида Роснефть актив пакетларини приватизациялаш бўйича 11 миллиардлик шартнома имзоланди. Июль ойида Қатар Петербургдаги Пулково аэропортининг 24,9 фоиз улушини харид қилишга келишиб олди, 2014 йилда эса Россиянинг  тўғридан-тўғри инвестициялар фондига 2 миллиард доллар сармоя қилди.

АҚШ

Аввал йирик инвестициялар объекти асосан Европа бўлган бўлса, сўнгги пайтларда Қатар ўз диққатини АҚШга қаратмоқда. 2015 йилда Қатарнинг Суверен фонди Нью-Йоркда ўз идорасини очди ва нефть йиғимларини диверсификациялаш дастури доирасида 2020 йилга қадар 35 миллиард доллар инвестиция киритишни режалаштирмоқда.

Ўтган йили Қатарнинг BeIN Media Group телекомпанияси Калифорниянинг бир неча Оскар мукофотига лойиқ кўрилган картиналар ишланган Miramax кинокомпаниясини қўлга киритди.

Real Capital Analytics мутахассисларининг сўзларига кўра, 2016 йилда Қатар фонди АҚШ идора майдонларидаги тўртинчи катта инвестор бўлди. Бундан ташқари, ўтган йили у Empire State Building осмонўпар иншоотига эгалик қилувчи  Empire State Realty Trust компаниясининг 10 фоиз улушини харид қилди ва Brookfield Property Partners билан бирга 8,6 миллиардлик лойиҳага қўшилди.

Осиё

Агар сиз Ҳонгконг, Япония, Жанубий Корея ёки Тайванга бориб, меҳмонхонадаги чироқни ёқсангиз, катта эҳтимол билан Қатар импорт гази ёрдамида олинган электр энергиясидан фойдаланаётган бўласиз. Хитой ҳали-ҳануз Қатар инвестицияларини жалб қила олмади, ҳолбуки мамлакат 2015 йилда ундан экспорт қилинувчи суюлтирилган газнинг ярмини сотиб олган, лекин вазият ўзгара бошламоқда. 

Энди фонд Осиёда инвестиция киритиш учун объект излайди - 2014 йилда фонд раҳбарлари Пекин ва Нью-Деҳлидаги идораларини кенгайтириш, шунингдек яқин 6 йилда Осиёга 20 миллиард долларга яқин сармоя киритиш режалари ҳақида айтишганди.

Июнь ойида фонд BlackRock компанияси билан Сингапурдаги Square Asia Tower 1 осмонўпар иншоотини 2,5 миллиард долларга харид қилиш борасида келишиб олди - бу Сингапурдаги кўчмас мулк ишлари орасидаги рекорд шартномадир. 2014 йилда фонд Lifestyle International Holdings Ltd универмаглар оператори улушини қўлга киритди. У шунингдек ҳонгконглик миллиардер Ли Ка-Шингга қарашли электрик коммунал компаниясининг 20 фоиз улушига эга. Бундан ташқари, у Хитойнинг CITIC Group'и билан ҳамкорликда 10 миллиардлик инвестиция фондини яратишни режалаштирмоқда. Шунингдек хабардор манбаларга кўра, SoftBank Group Corp. ва Саудия Арабистони ҳукумати томонидан яратилган 100 миллиардлик халқаро технология фондига инвестиция киритиш имконини кўриб чиқмоқда.

Мавзуга оид