Ўзбекистон фуқароларига Ҳаж зиёратига боришда баъзи чекловлар қўллангани ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди
Сўнгги пайтларда бир қатор нашрларда 2017 йилдан бошлаб аввал Ҳаж ва Умрага борган фуқаролар эндиликда катта ва кичик ҳаж зиёратига бора олмаслиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Унда айтилишича, бу ҳақдаги қарор “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан 15 декабрь куни қабул қилинган.
Kun.uz сайти ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитага мурожаат қилди.
Бизга йўлланган мактубда айтилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” фонди таклифларига биноан ҳамда ўзбек халқининг бағрикенг ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб, жорий йилда мазкур кенгаш томонидан бир ва ундан ортиқ маротаба ҳаж ва умра сафарларига борган шахсларнинг муборак зиёратларга боришлари кечиктириб турилиши ҳақида қарор қабул қилинган.
Мазкур қарорнинг қабул қилинишида республика миқёсида муборак умра ва ҳаж сафарларига бориш истагини билдирган фуқаролар сонининг тез суръатларда ортиб бориши, мустақиллик йилларида фуқаролар турмуш даражасининг юксалиши, аҳоли сонининг ўсиши, улар томонидан ҳаж ва умра сафарларига бориш истагида амалий ёрдам сўраб кўплаб мурожаатлар қилиниши ҳам эътиборга олинган.
Айни пайтда таъкидлаш жоизки, ислом дини таълимотларига кўра ҳар бир инсонга умрида бир марта ҳаж зиёратини амалга ошириш (ҳаж сафари давомида умра зиёрати ҳам бажарилади) фарз қилинган. Бунда албатта унинг соғлом ва иқтисодий жиҳатдан яхши таъминланган бўлиши белгиланган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам Арабистон ярим оролида яшаган бўлсаларда умрларида бир марта ҳаж амалини бажарганликлари тарихдан маълум.
Аксарият мусулмон мамлакатларида, жумладан, Саудия Арабистони Подшоҳлигида ҳам ўз фуқароларига 5 йилда бир марта ҳаж қилишлари мумкинлиги қатъий белгилаб қўйилган.
“Умид қиламизки, юртдошларимиз ҳаж ва умра ибодатларини адо этмаган фуқароларга кенг имкониятлар яратиб бериш мақсадида Жамоатчилик кенгашининг умра ва ҳаж сафарларини ташкил этиш билан боғлиқ бу йилги қарорини тўғри тушунадилар”, - дейилади мактубда.
Аввалроқ, ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳаж квотаси деярли 40 фоизга оширилгани ҳақида хабар бергандик