Москва шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 50 йиллиги” мавзуига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондан ташриф буюрган делегация ҳам қатнашди.

Анжуманда БМТ экспертлари, халқаро ташкилотлар, Россия ва бошқа давлатларнинг тегишли вазирликлари ҳамда идоралари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар маъруза қилди. 

Маълумки, 2016 йилда халқаро жамоатчилик Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактлар қабул қилинганининг 50 йиллигини кенг нишонлади. Зеро, мазкур ҳужжатлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича универсал тизимларнинг концептуал асоси ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва иккита халқаро пакт давлатлар ҳамда дунё халқлари ўртасидаги умумий манфаатлар ва қадриятларга асосланган келишув самарасидир. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этишда БМТ аъзолари саналган жаҳондаги аксарият мамлакатлар фаол иштирок этаётгани бу борадаги муваффақиятни таъминламоқда. Декларация ва пактлардаги қоидалар кўплаб давлатлар конституциялари ва қонунларида ҳам белгилаб қўйилгани бунга бир мисолдир. Ана шу ҳужжатларда ўз ифодасини топган ҳуқуқлар ва эркинликлар халқаро жамоатчилик томонидан мукаммал, пишиқ-пухта, бир-бирига чамбарчас боғланган, деб тан олинган. Шунинг учун мазкур ҳуқуқ ва эркинликлар давлат, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамиятлари томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳамда муҳофаза қилинадиган асосий тамойилларга айланди. 

Конференцияда Ўзбекистон делегацияси халқаро жамоатчилик эътиборига  юртимизда юқорида номлари зикр этилган халқаро пактлар қоидалари ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, республикамиз тараққиёти истиқболларига оид ахборотни ҳавола этди. Иштирокчиларда, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегиясига доир маълумотлар катта қизиқиш уйғотди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактлар 1995 йилда парламент томонидан бир овоздан ратификация қилинди. Бугунги кунда халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти ҳисобланган мамлакатимизда юқоридаги ҳужжатларда ўз аксини топган халқаро мажбуриятлар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши ва шартномавий органлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари ҳамда бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилиш механизмлари билан ўзаро ҳамкорликда изчил рўёбга чиқарилаяпти.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларда кўрсатиб ўтилган деярли барча тегишли ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланди, истиқлол йилларида қабул қилинган 400 дан зиёд қонунларда ўз ифодасини топди.