Жаҳон | 12:33 / 23.11.2024
1165
3 дақиқада ўқилади

COP29 иқлим конференцияси ҳафта охиригача чўзилиши мумкин

Бокудаги COP29 иқлим конференцияси якуний келишув лойиҳаси бўйича келишмовчиликлар туфайли режалаштирилганидан узоқроқ давом этиши мумкин.

Фото: Maxim Shemetov/REUTERS

22 ноябр куни якунланиши керак бўлган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича Боку конференциясининг 29-сессияси режалаштирилганидан узоқроқ давом этади ва ҳафта охиригача чўзилиши мумкин. Бу ҳақда 22 ноябр, жума куни ОАВ хабар берди.

Форумнинг узайтирилишига иқлим муҳофазасига зарур инвестициялар ҳажми ва бу харажатларни молиялаштиришга тайёр давлатлар доирасини белгиловчи конференция якуний ҳужжати атрофидаги кескин келишмовчилик сабаб бўлди.

Хусусан, COP29 бир қатор иштирокчилари иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун саноати ривожланган мамлакатлар томонидан ривожланаётган мамлакатларга молиявий ёрдам сифатида таклиф этилаётган йилига 250 миллиард долларни етарли эмас деб ҳисоблашди. Бу бугунги кунда кўрсатилган ёрдам миқдоридан 2,5 баравар кўп бўлишига қарамай, иқлим фаоллари ва алоҳида давлатлар вакиллари уни сезиларли даражада оширишни талаб қилмоқдалар.

Шундай қилиб, БМТ экспертлари гуруҳи 2030 йилга бориб ривожланаётган мамлакатлар учун ташқи ёрдамга бўлган эҳтиёж қарийб триллион долларни, 2035 йилга бориб эса 1,3 триллион долларни ташкил этади, деган хулосага келди.

Бироқ, келишув лойиҳасида анъанавий равишда саноати энг ривожланган деб ҳисобланмайдиган давлатлар энг қашшоқ мамлакатларга ёрдам тўлашда иштирок этиши кўрсатилмаган. Буларга, хусусан, Хитой ва Форс кўрфази мамлакатлари киради.

COP29 иштирокчилари иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди

Озарбойжон пойтахти Бокуда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида иштирок этаётган 50 дан ортиқ давлат иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди. БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ижрочи директори Зорица Уросевич 20 ноябр куни журналистлар билан суҳбатда бу қарорни «тарихий босқич» деб атади.

У иқлимга мос туризм биринчи марта БМТнинг иқлимни муҳофаза қилиш мақсадларидан бирига айланганини таъкидлади. Усоревичнинг сўзларига кўра, туризм бизнеси жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 3 фоизини ташкил қилади, шу билан бирга, бу сектор дунёдаги парник газларининг 9 фоизини ишлаб чиқаради.

Қайд этилишича, Бокуда тегишли келишувни имзолаган давлатлар иқлим муҳофазасини туризм соҳасида муҳимроқ омилга айлантирмоқчи. Шу билан бирга, аниқ мақсадларга эришиш режалаштирилган.

World Sustainable Hospitality Alliance меҳмонхона бизнеси бирлашмаси ўз фаолияти давомида парник газлари ташламалари, сув ва энергия истеъмоли каби маълумотларни ёзиб олиши ва ҳисобот беришини эълон қилди. Ассоциация раҳбари Гленн Мадзиукнинг айтишича, бу маълумотлар туризм саноати вакиллари ва саёҳатчиларга ўз ҳаракатлари оқибатларини тушунишга ёрдам беради. «Биз ҳар бир сайёҳлик йўналишини ҳимоя қилишдан манфаатдор бўлган сектормиз», деди у Бокудаги форум чоғида.

World Sustainable Hospitality Alliance бирлашмаси жами 7 миллион хонага эга 55 минг меҳмонхона манфаатларини ифодалайди. Ташкилот аъзолари орасида Accor, Hilton ва Marriott каби меҳмонхона тармоқлари ҳам бор.

Мавзуга оид