00:24 / 20.01.2017
5818

Хитойда робот-журналистнинг илк мақоласи чоп этилди

Фото: AP

Медиа соҳаси экспертлари журналист касби келажаги хусусида муҳокамалар олиб бораётган, бутун дунёда ўн минглаб талабалар журналистлик соҳаси бўйича соҳа факультетларида таълим олаётган бир вақтда, Хитойда ишлаб чиқилган Сяо Нань номли робот-мухбир маҳаллий газетада ўзининг мақоласини чоп этди. 

China News агентлигига кўра, Сяо Наннинг 300 иероглифдан иборат мақоласи Southern Metropolis Daily газетасида чоп этилган. У ўз материалини Хитой янги йили арафасида сафарлар авж олишига бағишлаган. 

Робот мақоласини ёзиб тугатиши учун бир сония кифоя қилди. Медиа-роботни ишлаб чиққан Пекин университети профессори Вань Сяоцзюннинг сўзига кўра, Сяо Нань кичик ва катта матнли мақолаларни ҳам ёза олади.

"6 нафар мухбирга билан қиёслаганда Сяо маълумотларни яхшироқ таҳлил қила олади ва матнларни тезроқ ёзади", — дейди профессор.

Аммо, бу ақлли роботлар, тез орада, журналистларнинг ўрнини тўлиқ эгаллашини англатмайди. Чунки, машина тет-а-тет шаклида интервьюлар ўтказиш бир ёқда турсин, қўшимча саволлар бера олмайди, деб изоҳлаган профессор. Бундан ташқари, робот интервью учун мулоқот мавзуси ёки "янгиликлар манбаси"ни танлай олмайди. 

Шунга қарамай, олим янги технологиялар келажаги борасида ижобий фикрда. 

Ҳозирда, у Southern Metropolis Daily билан бирга медиа-роботларни ривожлантириш ва ўрганиш бўйича лаборатория ташкил этиш борасида бош қотирмоқда. 

Top