2017 йил 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Қарорнинг расмий матни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида чоп этилди. Бу ҳақда Xushnudbek.uz ёзмоқда. 

Қарорда юридик хизматларнинг бугунги кундаги бир қатор камчиликлари баён қилинган. Хусусан:

юридик хизмат ходимлари қонун бузилишининг олдини олиш ҳамда улар бўйича ўз вақтида чоралар кўриш учун етарли ва таъсирчан ваколатларга эга эмасликлари сабабли уларнинг фаолияти кутилган самарани бермаётганлиги;

юридик хизматларни ташкил этишнинг тартиби, уларнинг штат бирликларини белгилаш меъёр ва мезонларининг мавжуд эмаслиги турли давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматларнинг ташкилий штат тузилмасини оқилона белгилашни таъминлашга имкон бермаётганлиги;

юридик хизматлар томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ишлари самарали ташкил этилмаганлиги;

юридик хизмат ходимларининг моддий таъминот даражаси мазкур соҳага олий юридик маълумот ва амалий тажрибага эга юқори малакали кадрларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётганлиги, бу эса юридик хизматлар ишининг сифатига ўз таъсирини ўтказаётганлиги таъкидланди.

Қарор билан юридик хизмат фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги ўзгаришлар белгилаб берилди:

давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, уларнинг ҳудудий тузилмаларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган минимал меъёр ва мезонларга асосан, мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этилади;

юридик хизматнинг мавжуд штат бирликларининг қисқартирилишига йўл қўйилмайди;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларига адлия органлари ходимларига белгиланган мартаба даражаларини бериш, кўп йиллик хизмат учун устамаларни тўлаш тартиби татбиқ этилади. Бунда харажатлар давлат органлари ва ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан қопланади;

юридик хизмат ходими сифатидаги меҳнат стажи ходим бошқа давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига ишга ўтганда, мартаба даражалари ва кўп йиллик хизмат устамаларини тўлаш учун мўлжалланган меҳнат стажи ҳисобига олинади;