ОАВ: IT-миллионерлар охир замонга фаол тайёргарлик кўрмоқда
АҚШдаги Кремний водийсида яшовчи IT-миллионерлар қурол-яроғ, ўқ-дори, мотоцикллар ва ер ости бункерларини харид қилиш билан овора. Бу охир замон юз берса, керак бўлиши мумкин экан, деб ёзади The Independent газетаси.
Хусусан, LinkedIn ижтимоий тармоғи асосчиларидан бири Рид Хоффманнинг фикрича, Калифорниядаги бадавлат инсонларнинг камида ярми охир замонга фаол равишда тайёргарлик кўрмоқда.
Facebook’нинг маҳсулотлар бўйича собиқ менежери Антонио Гарсия Мартинес Тинч океанидаги оролдан сотиб олган ерида генератор ва қуёшли батареялар билан жиҳозланган уй қурди. У шунингдек кўп миқдорда қурол-яроғ ҳам харид қилган.
Reddit портали собиқ бош директорининг таъкидлашича, бункерларда қулайлик яратиш мақсадидаги сарф-харажатларни тушунса бўлади.
Газетанинг ёзишича, етакчи IT-мутахассислар кўпроқ сунъий онгдан қўрқишмоқда. The Independent’нинг таъкидлашича, келажакда “ақлли” қурилмалар кўплаб иш ўринларини эгаллаши ҳамда инсониятга қарши исён кўтариши мумкин экан.