Фан-техника | 23:43 / 26.01.2017
17022
2 дақиқада ўқилади

Сотувга 15 млн долларлик компьютер чиқарилди

Канаданинг D-Wave компанияси нарх жиҳатдан арзон квант компьютерлари яратиш соҳасида биринчилардан ҳисобланади. Компаниянинг биринчи квант компьютерлари 2007 йилда ишлаб чиқарилган. Ўшанда бу 16-кубитли ва 28-кубитли Orion компьютери бўлган. 2011 май ойида сотувга 128-битли чипга эга D-Wave One модели чиққан. D-Wave бу билан чекланиб қолишни истамади. Энди сотувга 15 млн долларлик 2000 кубитли процессорга эга D-Wave 2000Q компьютери чиқмоқда. 

Бундай машинага талаб бўлмайди, деб ўйласангиз, янглишасиз. Квант компьютерининг янги моделига харидорлар навбатга тизилишмоқда. Янги компьютернинг илк эгаси компьютер хавфсизлиги билан шуғулланувчи Temporal Defence Systems компанияси бўлади. Компания раҳбариятининг айтишича, квант компьютери хавфсизлик бўйича мутахассислар олдида турувчи энг мажмуавий муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилишга имкон беради.   

Квант компьютерининг оддий компьютер билан маҳсулдорлигини қиёслаш осон иш эмас. Қаердадир у ҳисоб-китоблар тезлигида ютади, баъзида 10 минг марталаб, баъзи жойларда ютқазади. Янги компьютер ишлаб чиқарувчилари уларнинг янги қурилмаси машинавий ўрганишда айниқса илғорлигини таъкидлашмоқда. D-Wave компанияси ўзининг янги моделларини яратишни тўхтатмоқчи эмас ва яқин келажакда янада кучлироқ квант компьютерлари яратмоқчи.