Light | 18:39 / 06.02.2017
12576
3 дақиқада ўқилади

Кўп ишлаш жисмоний ва руҳий саломатликка зиён етказиши тасдиқланди

Австралия миллий университети Social Science & Medicine илмий журналида ишчи ходимнинг бир ҳафтада неча кун ишлаши кераклигига доир тадқиқоти ҳақида маълумот берди. Олимлар узоқ ишчи ҳафтаси (39 соатдан кўп) ходимнинг саломатлигини хавф остига қўяди деган хулосага келишди. 

Тадқиқотда Австралиянинг 8000га яқин аҳолиси иштирок этди. Олимларнинг сўзларига кўра, Австралияда уч ишчидан икки нафари ишдаги мажбуриятларига ҳафтасига 40 соатдан кўп вақтини сарфлар ва бу уларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Ишдан ташқари уйга ҳам вақт ажартиши муҳим бўлган аёлларда бу муаммо янада чуқурлашган. 

Тадқиқотчиларнинг фикрича, ҳафтада 39 соатдан кўп ишлайдиган кишиларда дам олиш, тўғри ва тўйиб овқатланиш, ўзини кераклича парвариш қилишга вақт қолмас экан. "Бу инсоннинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатади", - дейишади улар.

Олимларнинг сўзларига кўра, аёлларнинг иш ҳафтаси 34 соатдан ошиши керак эмас. 

Британиянинг Lancet илмий журнали томонидан чоп этилган бошқа тадқиқот муаллифлари ҳафтасига 55 соатдан ортиқ ишлашнинг хавфли томонларига ишора қилишган. Уларнинг фикрича, иш жараёнига 55 соатдан зиёд вақт сарфлайдиган кишиларда инсультга йўлиқиш хавфи - 33 фоиз, юрак ишемик касаллиги хавфи эса 13 фоизни ташкил қилади. Шунингдек диабет ривожи, уйқу билан боғлиқ муаммолар ва эрта ўлим хавфи ошади.

Мутахассислар 49 соатлик ишчи ҳафтаси саломатликка сезиларли зиён етказишини таъкидлашган, 55 соатлик ишчи ҳафтасида эса хавф ортади. 

2016 йилнинг июлида Мельбурн амалий иқтисодиёт ва ижтимоий тадқиқотлар институти олимлари шу мавзудаги яна бир ҳисоботни тақдим этишди. Унга кўра, 40 ёшдан ошган ходимлар ҳафтасига 25 соатдан ортиқ ишлаши мумкин эмас. Олимларнинг таъкидлашича, бундай ишчилар тўлиқ бўлмаган иш ҳафтаси шароитида яхши натижа кўрсатишади, 40 соатлик ишчи ҳафта эса ақлий салоҳиятнинг заифлашувига олиб келади. 

Стэнфорд олимлари эса киши неча ёшда бўлишига қарамай, ҳафтада 50 соатдан кўп ишлаш яхши самара бермаслигини айтишган. Тадқиқотчилар респондентларнинг ишларини ўрганиб, вазифаларни бажаришга 56 соат сарфлаган кишилар муваффақияти ҳафтасига 70 соат сарфлаганлар натижасидан фарқ қилмаганлигини аниқлашган - натижалар деярли бир хил бўлган. 

Мавзуга оид