Дунёда балолар кўп: ўт балоси, сув балоси, туҳмат балоси... Шундайлардан бири, ва наздимизда, энг ёмони қарз балоси? Аммо, ушбу қарздорлик балоси туҳмат тошлари билан бирга вужудга келса, нима қилиш мумкин? Журналист Анвар Мустафақулов шу ҳақда фикр юритади. Кун.Уз таҳририяти уни ўзгаришларсиз нашр қилишга қарор қилди.
«Уни ким юзага келтирди, ким бартараф этади? Айни кунларда истаган шаҳардаги гавжум ташкилот бу газтаъминот идораларидир. Афсуски, бир вақтнинг ўзида бу ерда тўпланаётган юзлаб истеъмолчиларнинг бирортаси корхона фаолиятидан хурсанд эмас. Яқинда ўтказилган қарздорлик бўйича хатлов натижалари ана шундай ҳолатни юзага келтирди.
Тан олиш керак, табиий газдан қарздорлик бутун тизим фаолиятига салбий таъсир ўтказмоқда. Аммо бу қарздорлик қандай юзага келмоқда? Самарқанд шаҳрида ўтказилган ўрганиш давомида шу саволга жавоб изладик.
Ҳақиқатан ҳам самарқандликларнинг деярли барчаси йиллар давомида табиий газ учун тўлов амалга оширмаяптими? Агар тўлов қилинаётган бўлса, нега хатловдан кейин деярли барча истеъмолчи қарздорга айланди? Шунча вақт мобайнида нега бу қарзларни ундириш чоралари кўрилмади? Ва энг оғриқли савол, нега аҳоли хатлов натижаларидан норози бўлиб битта саволга жавоб топа олмаяпти: «Ҳар ой тўлов амалга ошираман, нега мени қарздор қилишди?».
«Самарқандшаҳаргаз» филиалида бўлганимизда ўнлаб истеъмолчилар бизга ҳам шу саволни беришди. Бундан ҳам ёмони, ҳатто табиий газ тармоғидан узиб ташланган хонадон эгалари ҳам бугун қарздорлар сафида сарсону саргардон.
«Маҳалламизда табиий газ босими пасайиб аксарият хонадонларга умуман келмай қўйганига анча бўлди, - дейди Самарқанд шаҳридаги Абдураҳмон Жомий маҳалласида яшовчи Насим Турсунов. – Йўқ газга қарз бўлмаслик учун 2014 йилда бир қатор хонадонлар қатори мен ҳам индивидуал ҳолда ўз хонадонимни тармоқдан уздирдим. Аммо бугун табиий газдан 4 000 000 сўм қарз эканимни маълум қилишди. Ҳолбуки мен 2013 йил октябрь ойида ҳисоб-китобни амалга ошириб, қарздорликни “0” қилиб, бу ҳақда маълумотнома ҳам олган эдим. Агар табиий газ берилган тақдирда ҳам олти ойда шунча қарз бўлиш ақлга сиғмайди-ку?!
Бу муаммога барҳам бериш учун мана, йигирма кундан бери газтаъминот идораси эшигини пойлайман. Қани энди биров эшитса? Яқинда бу ҳақда Халқ қабулхонасига маълум қилиш учун шаҳар ҳокимлигига бордим. Ҳали фаолият бошламаган экан. Аммо ҳокимликдагилар муаммоимни эшитиб, кўз олдимда “Самарқандшаҳаргаз” мутасаддиларига қатъий топшириқ беришди. Корхона ходимлари хонадонимга келиб вазиятни ўрганадиган бўлди. Аммо белгиланган куни яна чув тушганимни англадим - ҳеч ким келмади. Очиғи, кимга, қаерга мурожаат қилишни ҳам билмай қолдим».














