Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик илмий-тадқиқот институти (собиқ Шредер номидаги илмий тадқиқот институти) ҳудудида бир ой ичида 150 дан ортиқ бир асрлик дарахтлар кесиб олиниб, номаълум томонга олиб кетилди, деб ёзмоқда Nuz.uz нашри.

Нашрнинг хабар қилишича, уларга илмий-тадқиқот институтининг собиқ ишчиси мурожаат қилиб, қисқа вақт ичида институт ҳудудида оммавий равишда кўп йиллик чинор, эман, шумтол, ёнғоқ ва республикада ягона бўлган кофе дарахти кесиб ташланганини хабар қилган.

Гувоҳларнинг айтишича, дарахтларни кесиш январь ойи бошида бошланган бўлиб, бир ой давом этган. Нашр кесиш ишлари институт бош директори ташаббуси билан бошлангани ҳақида ёзган. Ҳар дам олиш кунлари институт ҳудудида кўплаб ишчилар ва техника ишлаган, аммо буни ҳеч ким пайқамаган. Институт ишчиларининг ўзи Президент қабулхонасига телефон қилишган ва “ўрмонни кесиб ташлашаётгани” ҳақида хабар беришган. Шикоят табиатни асраш қўмитасига юборилган. Кўрсатилган жойга чиққан текширув гуруҳи манзилни топа олмаган. Шундан сўнг ҳеч ким бунга эътибор бермаган.

Орадан бир қанча вақт ўтиб рўй бераётган ҳолат ҳақида “ветеранлар” – афсонавий институтнинг айни дамда нафақада бўлган собиқ ходимлари хабар топишган. Айнан улар бу билан кураш бошлашган. Тахминан 10 нафар фаол давлат раҳбари қабулхонасига коллектив шикоят юборишади ҳамда бир ой ичида илмий-тадқиқот институтида рўй берган нарсалар ҳақида батафсил маълумот беришган. Бу вақт давомида эса озмунча ишлар рўй бермади – турли тур ва ҳажмдаги 150га яқин дарахт кесиб ташланди. Юзлаб куб метр ўтин эса, институт ходимларининг сўзларига кўра, Андижон вилояти давлат рақамларига эга юк машиналарида олиб чиқиб кетилган.

Кавлаб олинган дарахт тўнкаларидан катта чуқурлар қолган. Кавланмаган тўнкалар фотосуратидан кесиб ташланган дарахтларнинг мутлақ соғлом бўлганини кўриш мумкин.

"Биз бундан жуда кеч хабар топдик. Улар барча дарахтларни аллақачон кесиб бўлишганди. Бу ерда энди фақат чуқур ва тўнкалар. Қандай азим дарахтлар эди, уларнинг баъзиларини Рихард Шредернинг ўзи, қолганини академик Маҳмуд Мирзаев ва бизлар ўз қўлимиз билан эккандик. Бу қонунбузарликка қарши ҳеч нарса қила олмаймиз. Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва прокуратура ходимлари гўёки буларни кўришмаяпти", - дея кўзида ёш билан айтган институтнинг собиқ ходимларидан бири.