Жамият | 20:19 / 23.02.2017
39759
5 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги юз йиллик дарахтлар кесилиши сири очилди

2017 йил 22 февралда Кун.уз сайтида «Тошкентда 150дан ортиқ бир асрлик дарахтлар ноқонуний равишда кесиб олиб кетилди»номли мақола чоп этилган эди. Унда академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик илмий-тадқиқот институти (собиқ Шредер номидаги илмий тадқиқот институти) ҳудудида бир ой ичида 150 дан ортиқ бир асрлик дарахтлар ноқонуний равишда кесиб олиб чиқилгани хабар қилинган, мақола Nuz.uz сайтига асосланилган эди. 

Кун.Уз таҳририяти юқоридаги мақоладаги фактларни текшириш ва воқеани холис ёритиш ҳамда бир томонлама хулоса чиқармаслик мақсадида ўз журналистик текширувини ўтказишга қарор қилди. Шу муносабат билан таҳририят ходими Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик илмий-тадқиқот институтига бориб, бевосита институт раҳбарияти, хусусан, директор Йўлдош Саимназаров, молия-иқтисод ишлари бўйича директор ўринбосари Абдувоҳид Тошмуротов, ишлаб чиқариш ва маркетинг бўлими бошлиғи Ҳусан Ўтаганов билан учрашиб, вазиятни ўрганди, дарахтларнинг кесилишига доир ҳужжатлар билан танишди. Кесилмаган дарахтларнинг аҳволини кўздан кечирди.

Суҳбатда институт директори Й. Саимназаровнинг тақдим этган маълумотларига кўра, Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик илмий-тадқиқот институти 2016 йил 8 февралда 1/04-3-54 сонли мактуб билан Тошкент вилояти ҳокими С.С. Абдуллаевга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Тошкент вилояти Табиатни муҳофаза қилиш бошқармасига мурожаат қилган. Унда Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик илмий-тадқиқот институти ҳудудидаги бир неча йиллар аввал экилган дарахтларнинг аксарияти авария ҳолатига келиб қолгани, айримлари тўлиқ қуриб қолгани, ён ва тепа шохларининг қуриб қолгани сабабли қаттиқ шамол вақтида институт ходимлари ва биносига зарар етказиш эҳтимоли мавжудлиги аниқлангани таъкидланади ҳамда ушбу дарахтларни қонунчиликда белгиланган равишда кесишга, ён шохлари тарвақайлаб кетган манзарали ва мевали дарахтларга шакл беришга рухсат сўралади. 

Ушбу мурожаатга Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Тошкент вилояти Табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси раҳбари в.б. А. Холмуродов имзоси билан 2016 йил 18 февралдаги 01/07-320 сонли жавоб мактубида институт ҳудудида 66 туп турли хил касалланган ва қуриб қолган, шунингдек, авария ҳолатидаги, бинонинг пойдевор ва том қисмига, шунингдек институт ходимлари соғлиғига жиддий зарар етказиши мумкин бўлган 3 туп чинор дарахтларни кесишга рухсат берилган. А. Холмуродов Вилоят табиатни муҳофаза қилиш бошқармасининг хулосасига Ўзбекистон Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти вакиллари иштирокида тузилган 2016 йил 19 февралдаги 07-3/79 рақамли якуний хулосаси асос қилиб олинган.Мазкур хулосага мувофиқ, институт ҳудудидаги 69 туп дарахтдан 58таси кесилган. 

Бундан ташқари, Институт директорининг маълум қилишича, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Тошкент вилояти Табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан рухсат берилганидан ташқари яна 52 туп дарахт рухсатсиз кесилган. Аммо, бундан аввал, Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик илмий-тадқиқот институти раҳбар ходимлари, Тошкент Давлат аграр университети Ботаника ва агробиотехнология кафедраси доценти Бухоров, Ўзбекистон Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири Турдиевалар иштирокида 2016 йил 10 мартида далолатнома тузилган. Унда рухсатсиз кесилган дарахтларнинг ҳам чиригани, касаллангани ёхуд плуш ўсимлиги билан қоплангани ҳамда институт ташқи кўринишини бузаётгани таъкидланган. 

Институт ҳудудидаги дарахтлар Тошкент вилояти Табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси хулосаси олинмасдан, юқоридаги далолатнома асосида Тошкент Давлат аграр университети Ботаника ва агробиотехнология кафедраси доценти Бухоров, Ўзбекистон Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири Турдиевалар имзоси билан дарахтларни кесишга 2016 йил 17 мартда хулоса берилган. Тошкент вилояти Табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси хулосаси олинмасдан кесилган дарахтлар юзасидан 2017 йил 24 январида Тошкент вилояти Табиатни муҳофаза қилиш бошқармасига 1/04-3-41 сонли мактуб юборилган. Унда Ўсимликларни ҳимоя қилиш давлат инспекцияси ходимлари иштирокидаги 2017 йил 17 январь мажлиси якунида мазкур хулоса ва далолатномаларни эътиборга олиш сўралган.  

Институт директори Й. Саимназаров қолган ҳудудлар текширилганда мазкур 58 та дарахтдан ташқари рухсатсиз яна 52 та дарахт кесилганини тан олиб, юқоридаги далолатнома ва хулоса асосида кесилганини маълум қилди. Дарахтларнинг қолган тўнкалари текширилиб, уларнинг 22 таси қуригани, 30 таси эса тўла соғлом дарахтлар бўлгани аниқланган. 

Бундан ташқари, Саимназаровнинг таъкидлашича, кесилган дарахтларнинг шох-шаббалари, ўтинларнинг нархи ўрганилиб, институт хўжалигига кирим қилинган. Ўтинлар институтда ишлайдиган ва моддий ёрдамга муҳтож ходимларга Касаба уюшмаси ҳамда институт раҳбарияти қўшма қарори билан берилган. Қолган сотилган қисмларидан тушган маблағлар ходимларни моддий рағбатлантириш институт ҳудудини ободонлаштириш ишларига сарфланган.

Ушбу ҳолат бўйича маълумотлар ўрганиб чиқиш учун Тошкент вилоят прокуратурасига тақдим этилган. Тергов ишлари олиб борилмоқда.