Жаҳон | 17:43 / 25.02.2017
10248
3 дақиқада ўқилади

Туркия бош вазири қандай қилиб террорчиликка чек қўйиш мумкинлигини билдирди

Туркия террорчилар ва фитначилар фаолиятига конституцияни янгилаш орқали якун ясаши мумкин. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Бинали Йилдирим тузатишлар киритиш ҳақидаги референдумдан аввалги ҳукмрон адолат ва ривожланиш Партияси ташвиқот кампаниясининг расмий бошланиши вақтида маълум қилган. 

"Мамлакатимиз учун бу ўзгаришлар тарихий аҳамиятга эга. Ҳокимият мустаҳкамланади, тўнтаришлар, таъсир ўтказишлар ортда қолади. Тузатишлар сабаб бюрократия камаяди, янги тизим (президентлик) эса террорчилик, фитначиларни йўқ қилади. Тузатишлар террорни таъминлаб турадиган томирларни кесади, улар йўқолади", - дея айтиб ўтди адолат ва ривожланиш Партияси раҳбари саналувчи бош вазир. Унинг сўзларига кўра, янги ҳокимият тизими “Туркияда сиёсий инқирозлар эҳтимолини йўқотиб ва муроса маданиятини оширади”.

Йилдирим тадбирда йиғилган партиянинг 40 минг аъзосига референдумга олиб чиқилган 18та тузатишлар ҳақида айтиб берди ҳамда кейинги президентлик ва парламент сайловлари режа бўйича 2019 йилда ўтказилишини таъкидлаб ўтди. "Агарда овоз беришда тузатишлар маъқулланса, Тоййиб Эрдўған янги ҳокимият тизими шароитида президент бўлади. Иккита тузатиш дарҳол кучга киради, улар давлат раҳбарининг партия аъзолигини сақлаб қолиш ҳамда ҳакамлар ва прокурорлар Олий кенгаши тузилмасини ўзгартиришни назарда тутади. Бизда қолган ўзгаришларга тайёргарлик кўриш учун ҳали вақт бор", - деди у.

Анқарадаги спорт аренасида бўлиб ўтган ушбу тадбир адолат ва ривожланиш Партияси ташвиқот кампаниясининг расмий бошланиш нуқтаси саналади, у 15 апрелга қадар давом этади. Референдумнинг ўзи эса 16 апрель куни бўлиб ўтади. Бугун эса партия кампаниянинг асосий шиорлари, ташвиқотнинг аудиовизуал материаллари, промофильмларни тақдим этди.

Таклиф этилаётган ўзгаришларга кўра, президентлик бошқарув шакли киритилмоқда, давлат раҳбари ваколатлари кенгаймоқда, у шунингдек, ҳукумат раҳбарига ҳам айланади. Бош вазир лавозими эса тугатилади. Президент вице-президент, вазирлар, ҳакамлар ва прокурорлар Коллегияси аъзоларининг бир қисмини тайинлаш ҳуқуқини қўлга киритади. У парламент тасдиғисиз кучга кирувчи фармонлар чиқариши ҳам мумкин, гарчи бу фармонлар конституция ҳолатининг бир қисминигина қамраб олади ва парламентнинг қонунчилик ваколатлари соҳаси билан ихтилофга кирмаслиги даркор.

Бироқ парламент ҳам президент ва ҳукумат иши устидан назорат бўйича катта ваколатларни олмоқда, улар ичида давлат раҳбарига қарши парламент суриштирувларини ўтказишни ташкил этиш ҳам бор. Бундан ташқари, президентнинг аксарият фармонлари кейинчалик парламентда маъқуллаш жараёнидан ўтиши лозим ёки уларнинг ҳаракати бекор қилинади.

Мавзуга оид