Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мухбирлари таълим масканларида, жумладан, касб-ҳунар коллежларида таълим сифати ва давомат ҳолатини ўрганди. Тайёрланган материал «Кун.uz» сайтида икки қисмда берилмоқда.

Коллежларда давомат муаммоси: Ким айбдор? (1-қисм) 

Диплом бор-у иш йўқ
Касб-ҳунар эгаллаган ёшларнинг ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудда айнан эгаллаган мутахассислиги бўйича иш топиш имконияти ҳам ўрганилди. Қайд этиш керакки, бу масаланинг ҳам оғриқли экани яққол кўриниб турибди. Битирувчиларни ишга жойлаштириш борасида кўплаб ишлар қилинаётган бўлса-да, айрим жойларда бу ишга хўжакўрсин қабилида ёндашилаётгани кўзга ташланмоқда. Жумладан, Оқдарё политехника коллежида битирувчиларнинг иш билан таъминланиш даражаси 20 фоизни ташкил этади. Ҳудудда мазкур йўналишда меҳнат қилиш имкониятини берувчи корхонанинг ўзи йўқ.

«Дилором» МФЙга бордим, бирон ташкилот билан шартнома тузиш имкони бўлмади. Акам ҳам шу коллежни битирган, аммо кўп йиллардан буён ишсиз», — дейди мазкур коллежнинг «Бухгалтерия» йўналиши 3-босқич ўқувчиси Гулбаҳор Муродова.

Коллеж директорининг ишлаб чиқариш таълими бўйича ўринбосари Қаҳрамон Сулаймоновнинг маълумот беришича, тумандаги «Ягона дарча», Агробанк, Халқ банки, Миллий банк, газ ва электр тармоқлари сингари кўплаб идоралар раҳбарлари тўрт томонлама шартномалар тузишда турли баҳоналарни рўкач қилиб келишмоқда. Жарқўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ветеринария, тикув ва тикув-трикотаж буюмлари ишлаб чиқариш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш ҳамда фермер хўжаликлари каби йўналишларда ўқитилса-да, аммо ҳудудда ушбу йўналишларнинг аксарияти учун иш ўринлари мавжуд эмас. Тузилган тўрт томонлама шартномалар ҳам қоғозда қолиб кетмоқда.

Китоб коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг Сарой филиалини ҳар йили 50-60 нафар ўқувчи тамомлайди, битирувчиларнинг ихтисослик бўйича ишга жойлашиш имкони эса йўқ.

Дўстлик саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида собиқ ўқувчиларнинг иш билан таъминланмагани ўқувчиларда иккиланишни юзага келтираётгани табиий.

Ўз-ўзидан савол туғилади: ҳудудларда коллежларнинг ихтисослашуви йўналишлар бўйича режалаштирилаётганда ўша ерда мазкур касбларга бўлган эҳтиёж қай даражада ўрганилади? Талаб бўлмаган касб-ҳунарни ўрганган битирувчи додини кимга айтиши керак?